10.05.2013

Тинчлик ва осойишталик – барча ютуқ ва марраларимизнинг асосидир

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларни эъзозлаш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур фармонга мувофиқ барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

Бугун орамизда бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш – жамоатчилигимизнинг доимий эътиборида.

Илгари, совет тузуми даврида 9 май асосан Ғалаба байрами сифатида бутун СССР ҳудудида катта дабдаба билан нишонланарди. Қизил майдонларда ҳарбий парадлар ўтказилар, пионер ва комсомоллар, ишчи ва деҳқон синфи вакиллари саф тортиб ўтарди, минбарда эса шўро доҳийлари турар эди. Афсуски, бундай манзарани бугун ҳам собиқ совет ҳудудидаги айрим мамлакатларда кўриш, кузатиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан 15 йил олдин мамлакатимизда бу санага Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилганидан кейин унинг маъно-мазмуни тубдан ўзгарди. Пойтахтимизда, барча вилоят ва туман марказларида аввалги “Номаълум солдат” деб ном олган, қандайдир мавҳум ғояни ифода этадиган ёдгорлик ўрнига Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди. Бу биринчи навбатда мазкур сананинг асл инсоний моҳиятини яққол очиб беради.

Эндиликда 9 май куни мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган миллионлаб одамлар хотираси олдида бош эгиб таъзим қиладиган, бугун ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтириладиган, эзгу мазмунга эга маросим тусини олди.

Ўтганларни ёдга олиш, хотирлаш, уларнинг охирати обод бўлишини тилаш айнан Мотамсаро она сиймоси орқали намоён бўлмоқда. Чексиз қайғуга чўмган Онаизор тимсолида жигарбандининг тирик эканига, унинг эсон-омон ўз бағрига қайтишига умид қилиб ўтган минг-минглаб оналарнинг тақдири, уларнинг соғинч ва изтироб туйғулари акс этган.

Хотира майдонида миллий услубда бунёд этилган пешайвонлардаги лавҳаларда ўша мудҳиш урушда ҳалок бўлган барча юртдошларимизнинг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бу уларнинг жасорати ва матонатига тан бериш, уруш фожиаларидан сабоқ чиқаришга қаратилгандир. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон хотираси муқаддас, унинг қадр-қиммати азиз ва мўътабар эканини ифода этади.

9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳукумат аъзолари, сенаторлар ва депутатлар, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.

Майдон узра маҳзун мусиқа таралади.

Соат 09:30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

– Бугун халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 68 йиллигини, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Айни шу кунларда барча-барча юртдошларимиз ўз инсоний бурчини бажо этиб, Ватанимиз озодлиги, мусаффо осмони учун жон бериб, қурбон бўлганларнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қилади.

Бугун орамизда бўлган, бизга маънавий ибрат бўлиб юрган барча уруш қатнашчиларини ана шу буюк сана билан чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф деб биламан, деди Юртбошимиз. Шулар қаторида фронт ортида хизмат қилиб, ўта оғир шароитда ғалаба қозонишга катта ҳисса қўшган юртдошларимизга, барча-барча фахрийларимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламан.

Бугун шу улуғ айёмни нишонлар эканмиз, бу ғалабанинг кўпчилик қаторида бизнинг халқимиз учун ҳам нақадар қимматга тушганини, халқимиз бу мудҳиш урушда қанча қурбонлар, қанча йўқотишлар берганини, қанча етим-есирлар, мислсиз азоб-уқубатларни кўрганини ёдга олсак, айтиш мумкинки, эл-юртимизнинг тақдири, унинг келажаги ҳал бўлган ўша даврларни эсласак, бу қонли уруш одамларимиз хотирасида умрбод қолажак. Урушнинг тугаганига 68 йил бўлишига қарамасдан, бундай қирғин, бундай офатни бугун ҳам одамларимиз алам ва изтироб билан эслайди.

Шулар ҳақида гапирганда, баъзи бир рақамларни эсга олишни ўринли, деб биламан, деди Президентимиз.

Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлганини, қанчаси бедарак кетганини, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг халқимиз фашизм балосига қарши курашга қандай катта ҳисса қўшганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Айни шу кунларда халқимиз уруш даврида бошидан кечирган оғир синовларни яна бир бор хаёлимиздан ўтказар эканмиз, ўтмиш воқеалари албатта барчамизни ўйлантиради ва керакли хулосалар чиқаришга даъват этади.

Ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Яъни, тарихни билмаган, тарихни унутган, тарихдан хулоса чиқармаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай халқ ўз йўлидан адашиши, бир вақтлар йўл қўйган хатоларини яна такрорлаши мумкин.

Биз бугун қандай шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас.

Шулар ҳақида гапирар экан, Президентимиз Афғонистонда ўттиз йилдан кўпроқ давом этаётган уруш ҳозирги кунда бизнинг ҳудудимизда, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар эканлигини алоҳида таъкидлади.

Афғонистондаги мавжуд вазиятни кўпчилик халқаро сиёсатчилар ночор, ўта оғир ва қалтис, деб баҳоламоқда. Содда қилиб айтганда, кўп йиллардан буён давом этаётган бу қонли урушни ҳарбий куч билан ҳал қилиш мумкин эмаслигига урушда қатнашаётган томонлар тобора иқрор бўлмоқда, айнан шу ҳолатни кўпчилик тан олмоқда.

Бошқача айтганда, бу инқирозни бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл бўлиб, қандай қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келишдир. Ва шу аснода вақтинчалик ҳукумат тузиш, сайловлар ўтказиш, Афғонистон олдида турган оғир муаммоларни ҳал этишга ўтишдир. Худди шундай йўл билан бу инқирозни ечиш мумкин эди. Минг афсуски, бугунги кунда Афғонистоннинг ўзида ва унинг ташқарисидаги кучлар ўз манфаатларини кўзлаб, бу можарони сиёсий асосда ечишга қарши чиқмоқда.

Мана шундай ўта оғир ва таҳликали бир вазиятда Афғонистонда жойлашган, асосан АҚШ ва Европа давлатларининг АЙСЕФ деб ном олган ҳарбий кучларини яқинда Афғонистон ҳудудидан чиқариш жараёнининг бошланиши кутилмоқда. Бу Афғонистонда янги қарама-қаршиликнинг авж олишига, турли миллат ва элатлар ўртасидаги зиддият ва тортишувларни янада кучайтиришга олиб келиши мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолат Афғонистон атрофидаги мамлакатлар ҳудудида ҳам кескинлик ва катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистоннинг Афғонистон давлатига нисбатан олиб бораётган сиёсати аниқ ва очиқ, деди мамлакатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик, Афғонистон биланалоқаларимиз ва ҳамкорлигимизни фақатгина икки томонлама асосда ташкил қилиш, афғон халқи танлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ўзига маъқул топади.

Бундай ёндашув, бундай позиция бизнинг мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар билан муҳрлаб қўйилган.

Айни шундай сиёсатни олиб боришни:

- кимнингдир “ўйин”ларига қўшилмаслик;
- қўшниларимиз билан тинч-осойишта яшаш;
- эл-юртимизнинг тинчлиги ва манфаатларини ҳимоялаш;
- яқин тарихимизнинг сабоқлари ва бошимиздан кечираётган ўта мураккаб замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Президентимиз бундай сиёсат ва мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда барчамизга куч-қувват бағишлайдиган омил ва мезонлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Аввало, Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи – юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда.

Албатта, тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун барчамиз шу мусаффо осмонни сақлаш, асраш учун курашишимиз, фидойилик кўрсатишимиз даркор.

Иккинчидан, ҳар қандай кескинлик, қарама-қаршилик ва офат келишини узоқдан англаб, уларнинг олдини олишга доимо ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун ҳамиша сезгир, огоҳ ва уйғоқ бўлишимиз, бепарволикка, беғамликка йўл қўймаслигимиз зарур.

Учинчидан, кундалик ҳаётимиздан сабоқ чиқариб, эртанги кунимизнинг, келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини бугун яратиб, бу Ватан меники, уни ҳар қандай бало-қазолардан асраш, ҳимоялаш учун мен курашмасам, ким курашади, деган даъват билан яшаш барчамизнинг, авваламбор, ёшларимизнинг – менинг фарзандларимнинг бурчига айланишини истардим, деди давлатимиз раҳбари.

Бугун эл-юртимиз ўз тарихида бошидан кечирган мисли кўрилмаган синов ва суронли кунларни яна ва яна бир бор ўзимизга тасаввур қилар эканмиз, ишончимиз комил –Ўзбекистонимиз ўз озодлиги, ўз қадр-қиммати учун ҳамиша мардлик ва матонат кўрсатиб келган, ҳеч кимга бош эгмаган ва ҳеч қачон бош эгмайди.

Менинг истагим: ана шу гўзал ва бетакрор юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон бахтли бўлсин, ҳар қайси оилага тинчлик-хотиржамлик, файзу барака доим ёр бўлсин, деди пировардида Ислом Каримов.

Шу куни Мотамсаро она ҳайкали пойи анвойи гулларга бурканди. Юрт озодлиги ва равнақи учун жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этиш учун келган зиёратчиларнинг қадами кечга қадар узилмади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.