07.05.2013

САРМИШСОЙ: АСРЛАРНИНГ БОҚИЙ САДОСИ

Навоий вилояти Навбаҳор туманида 4-5 май кунлари «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида асрий анъаналаримиз, муқаддас қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш, мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида 2008 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган «Асрлар садоси» фестивалидан кўзланган асосий мақсад қадимий урф-одат ва анъаналаримиз, миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг турли йўналишларини халқимиз, кенг жамоатчилик, хорижий меҳмонларга яқиндан таништиришдан иборатдир.

Бу йилги фестивалнинг Саримишсойда ўтказилишида ўзига хос маъно бор, албатта. Тарихимизнинг бебаҳо ёдгорликларини ўзида мужассам этган мазкур музей-қўриқхона мамлакатимиз тарихига қизиқувчилар ва сайёҳларни жалб этиб келаётир. Сойнинг икки соҳилидаги қоятошларга ишланган ўн мингдан ортиқ петроглифлар аждодларимиз маданиятининг тараққиётини акс эттирган. Жумладан, тош асарларда оловнинг кашф этилиши, ёввойи ҳайвонларни хонакилаштириш даврлари, чорвачилик маданияти тарихи ва ов жараёнлари тасвирланган.

Тошлардаги суратларнинг маҳорат билан ишлангани юртимизда қадимдан санъат ва маданият юксак даражада ривожлангани, қоятошлар юзасида муайян даврларга оид маданий босқичларнинг акс эттирилиши аждодларимизнинг кенг тафаккур соҳиби бўлганидан далолатдир.

Сой қирғоқларида қадимда экинзорлар ва сувдан унумли фойдаланиш тизими қўлланилгани ҳудудда деҳқончилик маданияти ривожланганидан дарак беради.

Ушбу гўзал масканда «Асрлар садоси» анъанавий олтинчи маданият фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилди. Хусусан, ҳудуднинг табиий гўзаллигини янада бо­йитиш мақсадида сой бўйларига турфа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди ва гуллар экилди. Миллий маданиятимизнинг асл намуналарини кенг намо­йиш этиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни муносиб кутиб олиш ва уларга намунали хизмат кўрсатиш юзасидан ташкилий ишлар уюшқоқлик билан олиб борилди.

Навоий темир йўл вокзали ва Навоий халқаро аэропорти атрофлари байрам­она безатилиб, магистраль ва ички автомобиль йўлларида кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бажарилди. Навбаҳор, Нурота ва Кармана туманларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари барпо этилди.

... 4 май. Соат 10.00. Яшил гилам ёйган, чор-атроф гулларга бурканган Сармишсойда эрта тонгданоқ карнай-сурнай, дутор ва чанқовузнинг сеҳрли наволари таралиб, ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонларни фестиваль дебочаси — халқ сайлига чорлади. Майдонга бадиий-фольклор, миллий рақс жамоалари кириб келди. Шу ернинг ўзида барпо этилган мўъжаз саҳналарда ҳар бир бадиий жамоа фестиваль учун тайёрлаган мусиқий дастурини ижро этди. Дорбозлар ўйини, улоқ-кўпкари, қўчқор, хўрозлар «жанги» фестивалга янада жўшқинлик, бетакрор миллий руҳ бағишлади.

Бир қатор хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро туризм ярмаркаларида «Асрлар садоси — 2013» анъанавий маданият фестивалининг тақдимотлари ўтказилиб, ушбу ижодий лойиҳа ҳақида хорижликларга атрофлича маълумотлар берилган эди. Бу фестивалда иштирок этиш орқали табаррук заминимизни ўз кўзи билан кўриш, анъана ва қадриятлари, маданияти, самимий ва бағрикенг халқимиз ҳаёти билан яқиндан танишиш истагини билдирган меҳмонлар сафининг тобора кенгайишида муҳим омил бўлди. «Асрлар садоси» фестивалининг асосий тадбирлари билан ҳамюрт­ларимизни кенгроқ таништириш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саройида мазкур лойиҳа доирасидаги гала-концерт намойиш этилди.

...Сармишсойда шўх куй-қўшиқлар янгради. Халқ амалий санъати усталари ижодига бағишланган ярмарка бўлиб ўтди. Фестиваль учун ҳозирланган махсус расталарда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган халқ амалий санъати усталари, моҳир ҳунарманд­лар, уларнинг шогирдлари ўз ижод намуналарини томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Нурота каштачилиги, ёрқин ва бетакрор либослари, нақшинкор дўппилари, ёғоч ўймакорлиги, тоштарошликнинг миллий ҳунармандчилигимизда алоҳида ўрни бор.

Махфират Тўрақулова нуроталик чеварларнинг тўртинчи вакили. У ўн еттинчи асрга оид Нурота каштачилиги намуналарини қайта тиклашга муваффақ бўлган. Чевар қизнинг кўз нури, қалб қўри, алоҳида меҳр ва маҳорат билан тиккан сўзана, дўппи, камзул, турфа либослари ҳамюртларимиз ва хорижлик меҳмонларга жуда манзур бўлди.

— Мамлакатимизда миллий ҳунармандлик ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор самарасида маҳалламиз миллий ҳунармандлик марказига айланиб бормоқда, — дейди Махфират Тўрақулова. — Бу ёшларнинг аждодларимиз касб-корига бўлган қизиқиши ва ҳавасининг тобора ортиши, уларга касб-ҳунар ўргатиш, вақтини унумли ва мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Сармишсойда шўх яллалар янграб, жозибали рақслар авж олди. Юртимизнинг турли вилоятлари мусиқий меросини намойиш этувчи ўттизга яқин фольклор жамоа, бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг мазкур тадбирга бағишлаб тайёрлаган ранг-баранг дас­турлари фестивалга янада кўтаринкилик, завқ бағишлади.

— Ушбу фестиваль давомида ўзбек миллий анъана ва қадриятларининг асрлар оша аждодлардан авлодларга эъзозланиб, тобора сайқалланиб келаётганига гувоҳ бўлдим, — дейди Лувр музейининг Шарқ маданияти ва санъати бўлими раҳбари Ронте Рокко (Франция). — Жаҳонда анъанавий маданиятга оид фестиваллар, танловлар кўп. «Асрлар садоси» ўзбек халқининг юксак маънавияти, ижодий-интеллектуал салоҳияти, бетакрор ва бой маданий меросининг ёрқин кўзгуси сифатида барчани ҳаяжонга солади. Сармишсойдаги мана бу тошларга ёзилган битиклар, суратлар, бу ерда ўтган фестиваль тадбирларидан буни яққол кўриш мумкин.

Санъат байрами доирасида Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон маданий ва маънавий меросида меъморий битикларнинг ўрни: тад­қиқот, кашфиёт ва истиқбол» мавзусида халқ­аро анжуман бўлиб ўтди. Манбашунослар, археологлар, меъморлар, олим ва экспертлар, хаттотлар, ноширлар, хорижлик мутахассислар қатнашган мазкур тадбирда «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси томонидан маънавий меросимизни тадқиқ этишга оид лойиҳа жараёнлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган экс­педицияларда кўплаб зиёратгоҳлар, ёдгорликлар пештоқидаги мингга яқин ҳикматли сўзлар ўрганилди. Айрим обидалардаги хира тортган ёзувлар қайта тикланди.

Изланишлар натижасида жамғарма томонидан нашр этилган «Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари. VII-XI асрлар», «Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар» китоб-альбомлари Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи галереясидан ўрин олиб, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро китоб-ярмаркаларида бир неча номинациялар бўйича махсус диплом билан тақдирланди.

Тадбир доирасида «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармасининг меъморий обидаларни ўрганишга оид лойиҳаси доирасида нашр этилган олти китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоблар Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Хива, Қорақалпоғистон ҳудудидаги қадимий обидаларда муҳр­ланган битикларни ўрганишга бағишланган.

Шу куни Когон туманидаги Баҳоуддин ­Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида «Меҳр нури» жамғармаси томонидан қайта таъмирланган «Биби Орифа» меъморий обидасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Айни пайтда Маънавий билимларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ихтисослаштирилган таълим даргоҳларининг 20 нафар иқтидорли талабасига стипендиялар топширилди.

— Мамлакатингиздаги тинч ва осуда, фаровон ҳаёт, Ўзбекистоннинг тараққиёт сари дадил одимлаб бораётгани, маънавият ва маърифат ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор шу каби ёрқин фестивалларнинг юксак савияда, шоду хуррамлик билан ўтказилишида муҳим омил бўлмоқда, — дейди италиялик хонанда Массимо Гальфано. — Бу табаррук заминдаги файзли ва обод, гавжум масканлар, халқингизнинг самимий, очиқ ва бахтиёр чеҳраси, юз-кўзидаги шукроналик туйғусига жуда-жуда ҳавасим келди. Италияга қайтгач, гўзал Ўзбекистон ҳақида қўшиқ яратмоқчиман.

5 май куни Сармишсой дарасида халқ са­йиллари, кўргазма-ярмаркалар, полвонлар кураши, миллий ўйинлар, фольклор жамоаларнинг чиқишлари, бахшилар ижролари, ­лапар ва айтишувлар давом этди. Ўзбек ­пазандалик мактабининг бой анъаналарини намойиш этувчи Миллий таомлар фестивали ҳамда ошпазлар мусобақаси бўлиб ўтди.

Фестивалнинг ёрқин тадбирларидан яна бири — Миллий либослар намойишида ўзбек миллий либосларининг тарихи, қадимдан шаклланган анъаналари, бугуни ва истиқболи ҳақида маълумот берилди. Либосларнинг Зарафшон воҳасига хос жиҳатлари — яшил, зангори, бинафша тусли, ўзига хос бичими, гўзал нақш каштали кийимлар билан бирга анъанавий либослар, замонавий мода намойиши фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

— «Асрлар садоси» ижодий лойиҳаси мазмун-моҳияти, аҳамияти, тадбирлари кўламининг ғоят кенглиги ва ранг-баранглиги билан мени мафтун этди, — дейди Канада университети профессори, тарихчи олим Давид Схиммельпэннинк ван дер Ойе. — Изчил тараққий этаётган, тобора чирой очиб бораётган Ўзбекистонда ибратли анъана ва қадриятлар бардавомлигини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор барчанинг ҳавасини тортмоқда. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг истиқболи янада буюк эканидан далолат беради.

Қўҳна тарих, қадимий ва бой маданий меросни ўз бағрида сақлаб келаётган Сармишсойга оқшом тушди. Рангин чироқлар, турфа безаклар бу масканга ўзгача шукуҳ, байрамона кайфият бағишлади. Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Г.Каримова илм-фан, санъат ва маданият, маънавият ва маърифат муттасил ривожланиб бораётган мамлакатимизда «Аср­лар садоси» каби фестивалларнинг юқори савияда, байрамона руҳда ўтказилиши янгидан-янги ижодий лойиҳалар, изланиш ва тадқиқотларни олиб бориш, бой маънавий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини янада ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришдек улуғвор мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Фольклор жамоалари, турли танловлар ғолиблари — ижрочи ёшлар, санъат усталари, хорижлик хонанда ва созандалар иштирокидаги катта концерт тадбир қатнашчиларида унутилмас таассурот қолдирди. Фестивалнинг энг фаол иштирокчиларига диплом ва совғалар топширилди.

Назокат УСМОНОВА,

Нуриддин РАҲИМОВ,

ЎзА махсус мухбирлари



DB query error.
Please try later.