Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
07.05.2013

ҲУҚУҚИЙ ТАЖРИБА — МУВАФФАҚИЯТЛИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИ САМАРАСИДИР

Тошкентда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ҳуқуқий тажрибани амалга оширишнинг назарий ҳамда амалий масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик па­ла­тасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Де­мократик институтлар, нодавлат ташкилот­лар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ган­­­­лари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Онлайн-видеоконференция шаклида ўтган мазкур тадбирда депутатлар, мамлакатимиз ва АҚШ, Франция, Буюк Британия, Венгрия каби давлатлардан халқ­аро экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий тажрибани ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ­А.Саидов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев ҳамда бошқалар ҳуқуқий тажриба ўтказишни амалиётга жорий этиш мамлакатимизда ижти­моий ҳаётни демократлаштириш бўйича муваффақиятли амалга оширилаётган жараёнлар натижаси эканини таъкидлади.

Айни пайтда Бухоро ва Са­марқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси нормалари синовдан ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий ҳаётни янада эркинлаштириш ҳамда демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳасида жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедураси белгиланган, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлари тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг ушбу қарорлар сифати учун масъулиятини оширишга хизмат қилади.

МДҲ ва Европа мамлакатлари бўйича Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази вице-президенти Н.Боржеллининг айтишича, ҳуқуқий тажриба давомида Ўзбекистон қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришга доир ноёб тажрибага эга бўлади. Ҳуқуқий тажриба муайян қонуннинг қабул қилиниши қандай оқибатларга олиб келиши, уни ҳаётга татбиқ этиш давомида яхши натижаларга эришиш учун унинг нормаларига қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги ҳақида билиш имконини беради.

Анжуман қатнашчилари мамлакатимизда бундай тажрибани ўтказиш учун барча зарур ҳуқуқий база мавжудлигини қайд этди. Бухоро ва Самарқанд вилоятлари жамоатчилигига ҳуқуқий тажриба бошлангани ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тартибининг ўзгаргани тўғрисида маълум қилинди. Масалан, янги талабларга биноан жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида, оммавий ахборот воситаларининг тажриба субъектлари фаолияти, унинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил қилиш ҳақидаги талаби эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт.

Илмий-амалий конференция якунлари бўйича ҳуқуқий тажрибани ташкил этиш услубларидан фойдаланиш ҳисобидан миллий қонун ижодкорлиги тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири



DB query error.
Please try later.