07.05.2013

ФРАКЦИЯ ПАРТИЯ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ ИЖРОСИ УЧУН КУРАШМОҚДА

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси «Меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш — обод турмуш гарови» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштириш, бу борада
ЎзХДП фракцияси нуқтаи назарини аниқ шакллантириш билан боғлиқ масалалар
муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳалари юзасидан кўриб чиқилаётган таклифларнинг аксарияти депутатлар билан бўлган учрашувларда аҳоли вакиллари томонидан билдирилгани давра суҳбатида алоҳида қайд этиб ўтилди. Мазкур таклифларнинг шаклланишида меҳнат қонунчилиги, 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича ЎзХДП фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ўтказган ўрганишлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

— Қонун лойиҳаларига таклифларни ишлаб чиқишда фракциянинг тизимли ёндашувини шакллантириб боришимиз зарур, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоев. — «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилиниши бу борадаги имкониятни янада кенгайтирди, айни пайтда, фракциялар масъулиятини кучайтирди.

Мазкур Қонунда фракциялар билдирган фикрлар ва таклифларсиз қонун лойиҳаси кўриб чиқилмаслиги, улар мажбурий тартибда ҳисобга олиниши аниқ акс эттирилган. Ўз-ўзидан, эндиликда қонунлар лойиҳалари бўйича партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, фракция позициясини шакллантириш жараёнларини тубдан такомиллаштириш талаб этилади. Фракциямиз қонун ло­йиҳаларини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишнинг барча босқичларида фракция иштирокининг процессуал механизмларидан самарали фойдаланиш, энг муҳими, бу жараёнда партия электорати манфаатини ҳимоя қилишга интилмоқда. Жумладан, муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳалари партия электорати вакиллари, жамоатчилик ўртасида атрофлича муҳокамалардан ўтказилди, улардан кўплаб фикр-мулоҳаза ва таклифлар олинди.

Ушбу таклифлар партия экспертлари билан ҳамкорликда чуқур таҳлил этилиб, фракциямизнинг қонун лойиҳалари юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, қонунлар лойиҳаларидаги айрим ўзгартиш ва қўшимчалар иш қидирувчилар, ходимларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилишдан кўра, кўпроқ иш берувчиларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Масалан, Меҳнат кодексига ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга иш ҳақи қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, деган меъёр киритилмоқда. Яъни, иш изловчига таклиф этилган ишда иш ҳақи асосий мезон сифатида белгиланмоқда. Аммо иш изловчининг мутахассислиги, касби ҳисобга олинмаяпти.

Фракциямиз мазкур ўзгартиш киритиладиган бўлса, иш қидирувчиларнинг ҳуқуқлари кафолати кучсизланади, деб ҳисобламоқда ва ушбу меъёрни қонун лойиҳасидан чиқариш зарур, деган таклифни илгари сурмоқда. Бу ўринда Меҳнат кодекси ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддалари ўзгаришсиз, амалдаги таҳрирда қолиши керак.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги меъёрга кўра, таклиф қилинган ишда иш ҳақи шу мутахассислик ва касб учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас. Яъни, бу ҳолатда мута­­­ха­с­сислик ва касб малакаси аниқ инобатга олинган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши экс­перт­лари қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда мамлакатимиз иқтисодиётида мулкий ва ҳуқуқий муносабатлар эркинлашаётгани, бу борада халқаро иқтисодиётга замонавий интеграциялашув жараёни кучаяётганига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларида кўзда тутилаётган айрим меъёрларни таҳлил қилишди.

Уларнинг фикрича, ходимга ишдан четлаштирилган даврда иш ҳақи тўланмаслиги тўғрисида Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ўзига хос чеклов бўлиб қолиши мумкин. Чунки бу меъёр бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, давлат ташкилотларида ишдан қонуний четлаштирилган даврда иш ҳақи тўланмайди. Лекин хусусий ташкилотлар учун бу меъёр нима учун керак?

Хусусий корхона раҳбари, айтайлик, муайян сабаб билан ходимини маълум муддатга ишдан четлаштирди, аммо шароити оғир бўлса, унга иш ҳақи тўламоқчи. Бундай ҳолатда юқорида айтилган ўзгартиш чеклов бўлиб қолади. Шунинг учун фракция аъзолари бу ўзгартишга қарши чиқишди.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ, ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Кодексга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилни ўн икки ойлик давр мобайнида жами бўлиб, уч ойдан ошмаган муддатга бериш билан боғлиқ ўзгартиш киритиш кўзда тутилаяпти.

Депутатлар шароитдан келиб чиқиб, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланадиган таътил муддатини қонун билан чегаралаш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Фахриддин ­Ражабов аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ҳар бир давлатда ўзига хос бандлик сиёсати юритилишини таъкидлаб, мамлакатимизда бу масалада комплекс ёндашув шаклланганига, меҳнат қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, ана шу ёндашувга мос бўлиши кераклигига эътибор қаратди. Қонун лойиҳаларида назарда тутилган меъёрлар асосан шу мақсадга қаратилганини, айни пайтда, уларни халқаро меҳнат қонунчилиги ва амалиётига мувофиқ тарзда янада такомиллаштириш кераклигини айтиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ­раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуманноб Раҳимов касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг биринчи иш жойи бўйича меҳнат шартномаси тузилганда дастлабки синов муддати белгиланмаслиги ҳақида Меҳнат кодексига киритилаётган қўшимча мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш бўйича олиб борилаёт­ган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини, таъкидлади.

Фракция аъзолари Меҳнат кодексига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг биринчи иш жойи бўйича меҳнат шартномаси бир йил муддат ичида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишини чекловчи, шунингдек, иш берувчи ташаббусига кўра, коллежлар битирувчилари билан меҳнат шартномасини тугатишда мазкур қарорни маҳаллий бандликка кўмаклашиш идоралари билан келишиши шартлигини назарда тутувчи меъёрлар киритиш таклифларини билдиришди. ЎзХДП фракцияси фикрича, бу каби меъёрлар ёш мутахассисларни инсофсиз иш берувчилардан ҳимоя қилишга, ёшлар бандлиги ҳақида ҳаққоний ва холисона маълумотларни тўп­лаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Давра суҳбатида ишсизликни белгилаш ва ҳисобга олиш, иш топишга кўмаклашиш бўйича хизмат кўрсатувчи тижорат ташкилотлари фаолиятини кафолатлаш, оммавий ишдан бўшатиш, деб таърифланадиган кўрсаткичларни янада аниқлаштириш, иш берувчининг масъулиятини ошириш билан бирга, уларга қўшимча солиқ ва бошқа имтиёзлар бериш бўйича кўплаб мулоҳаза ва таклифлар ҳам билдирилди.

Партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ЎзХДП фракцияси таклифлари тегишли қўмитага тақдим этилди.

Фракция парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида қонун лойиҳалари муҳокамасида мазкур таклифлар инобатга олинишига ҳаракат қилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.