04.05.2013

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ: ТАЙЁРГАРЛИК БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси синови бўйича Бухоро ва Самарқанд ви­лоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасида барча давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқароларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини яратиб бериши белгиланган. Маз­кур меъёр асосида мамлакатимизда ахборот тизими босқичма-босқич ис­лоҳ этиб келинмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолия­тининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ахборот соҳасини эркинлаштиришга қаратилган меха­низм­ларни янада мустаҳкамлайди. Қонун лойиҳаси синови бўйича ўт­казилаётган ҳуқуқий эксперимент уни такомиллаштиришга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқишга асос бўлади.

Мамлакатимиз қонунчилик амалиётида жорий этилаётган мазкур янги услуб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш ҳамда ундан эркин фойдаланишни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинган қарорлар учун жавобгарлигини, масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ҳуқуқий тажрибани самарали ташкил этиш мақсадида Бухоро вилоятида тайёргарлик босқичи кенг кўламда олиб борилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари иштирокида қатор амалий семинарлар ташкил этилди.

Маълумки, қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш усуллари аниқ белгилаб қўйилган. Семинарларда мазкур усулларни амалга ошириш билан боғлиқ механизмлар ҳақида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул ходимлари кенг жамоатчиликка тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ишчи комиссия аъзоси Дилбар Холиқова давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўровлар ҳамда сўровга қўйиладиган мезонлар ҳақида тушунча берди.

Ахборотдан фойдаланувчи бевосита ёки ваколатли ўз вакили орқали оғзаки ёхуд ёзма шаклдаги сўров билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, деб таъкидлади у. Бу сўров электрон шаклда ҳам бўлиши мумкин.

Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатга олингандан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмаган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервью беришларини ташкил қилиш тўғрисидаги ­сўрови етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Агар сўров давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органининг ваколатига кирмаса, сўров рўйхатга олингандан бошлаб уч кун давомида бу ҳақда фойдаланувчига ёзма равишда хабар қилинади.

Сўровга жавоб бериш рад этилган тақдирда, фойдаланувчига бунинг сабаблари асосланган ҳолда жавоб қайтарилади.

Хўш, сўровда нималар қайд этилиши керак? Жисмоний шахснинг сўровида фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг сўровида эса тегишли ташкилотнинг номи, юридик манзили, ташкилот мансабдор шахсининг фамилияси ва исми-шарифи кўрсатилиши, сўров моҳияти баён этилган бўлиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчини идентификация қилиш имконини берадиган, талаб этиладиган маълумотлар акс этмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органига ёки сўровда қўйилган масалалар бўйича ахборотни тақдим этиш ваколатига эга мансабдор шахс­га юборилади. Белгиланган тартибда берилган сўров кўриб чиқилиши шарт.

— Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши мамлакатимизнинг ҳуқуқ амалиётида ноёб тажриба бўлиб, у ижтимоий ҳаётнинг барча жаб­ҳасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг янги бос­қичини бошлаб беради, — дейди ­вилоят ҳокими ўринбосари ­Ҳусниддин Ғоиров. — Шу боис ҳуқуқий экс­периментни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаси синови билан боғлиқ қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар режалаштирилган. Давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ахборот хизматлари ­фаолиятини таҳлил қилиш, расмий веб-сайтларни ахборотлар билан мунтазам тўлдириб бориш масалалари юзасидан социологик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган. Шу асосда ­вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари зарур тадбирларни амалга ошираяпти.

Қонун лойиҳаси нормалари ва қоидаларини такомиллаштиришга, жойларда уларни самарали қўллаш механизмларини яратиш мақсадида лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилмоқда.

— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни барча кириши мумкин бўлган бинолар ва жойларда жойлаштириш тартиби ҳақидаги Муваққат низом тасдиқланган, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик ва алоқа ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари доимий комиссияси раиси, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Шамшиддинхўжа Сайдаҳмедов.

— Унда ахборотни жойлаштиришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг асосий принциплари белгиланган. Яъни, ахборот шаффофлиги, ошкоралиги, очиқлиги, эркинлиги ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига, шаъни ва ишчанлик обрўси ҳимоя қилинишига бўлган ҳуқуқларига, юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўси ҳимоя қилинишига бўлган ҳуқуқларига риоя этилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, асосий босқичда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ОАВ, фуқаролик жамияти инс­­титутлари ҳамда  ахборотдан фойдаланувчилар фаолияти эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкил этилади. Ушбу тузилмалар томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳамда жамоатчилик учун қизиқарли бўлган бошқа масалалар бўйича интервью, матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, шунингдек, қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлиги бўйича комплекс ­баҳолар олинади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.