02.05.2013

ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРИДА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

яратиш имкониятлари жуда кенг. Улардан фойдалана олиш ўзимизга, фаоллигимизга, электорат билан ишлашга боғлиқ

Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, ўз мустақил ишини бошлашга оид ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Одамлар меҳнат қилиши ва яхши ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиб бериш, унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш аҳоли бандлиги борасида устувор тамо­йил этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳар йили ян­ги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Давлат дастури қабул қилинмоқда.

Дастур доирасида мута­садди вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар зиммасига ҳу­дудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кишиларни меҳнатга жалб этиш, тадбиркорлик ғоялари амалга ошиши учун шарт-шароит яратиб бериш ўта масъу­лиятли вазифа сифатида юкланаяпти.

Энг муҳими, дастур ижросини таъминлаш ЎзХДП электорати ҳисобланган ижти­моий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳ­нат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади.

Хўш, бу масала қишлоқларда қандай ҳал этилаяпти? Олис ҳудудларда яратилаётган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун нималарга аҳамият бериш зарур? Халқ депутатлари Фар­ғона вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Фурқат Ҳамидов мазкур масала юзасидан мулоҳаза юритиб, ўз таклифларини билдирди.

ҚИШЛОҚЛАРДА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ИНФРАТУЗИЛМАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЗАРУР

Қишлоқ жойларида янги иш ўринлари барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар аввало, ўша ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Шу боис Президентимиз марказлардан олисда жойлашган ҳудудларда замонавий инфратузилмани шакллантиришга жуда катта эътибор қаратмоқда.

Қишлоқда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини доимий иш ҳамда юқори даромад манбаи билан таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришдир. Бу қандай амалга ошади?

Қишлоқларда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида иш бошлаш ниятида юрган кишилар кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, керак пайтда, йўл-йўриқ кўрсатиш зарур.

Демак, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар узоқ қишлоқлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиши, одамларни ўйлантираётган ёки иш бошлашига тўсқинлик қилаётган масалалардан хабардор бўлиши зарур. Айниқса, келажаги бор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг кенгайиши ўз навбатида қишлоқларда банк, солиқ, суғурта, алоқа ва бошқа шунга ўхшаш замонавий хизматлар кўлами кенгайишига замин яратади. Муҳими, шу орқали ҳам барқарор иш ўринлари яратилади, қишлоқ аҳолиси мазкур хизматлардан фойдаланиш учун туман ёки вилоят марказига бориб юрмайди, одамларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлади.

Мен халқ депутатлари вилоят Кенгашига Олтиариқ тумани 35-Ҳамза сайлов округидан сайланганман. Ҳудудда 79 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг 30 мингдан ортиғи иш билан банд. Қишлоқ ҳу­дудларида яшовчи аҳоли ўз томор­қасида деҳқончилик билан шуғулланади.

Яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан Фарғона ви­лоятида 2013-2015 йилларда саноат салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, 2013 йилда иш ўрин­лари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари ижросини таъминлаш бўйича халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари учун услубий қўлланма ишлаб чиқилди. Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг шу йил февраль ойида бўлиб ўтган сессиясида «2013-2015 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ошириш ҳамда 2013 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш тўғрисида» қарор қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати, мазкур қарор асосида вилоятда мини цех ва корхоналар, фермер хўжаликлари қошида сервис хизмати ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш жадал бошлаб юборилди.

Ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудида мазкур ҳужжатлар ижросини назорат қилса, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшса белгиланган тадбирларнинг самарадорлиги янада ошади.

ЎзХДП ДАСТУРИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ УЧУН

Партиямиз Дастурида қишлоқ аҳолисини ижтимоий ҳимоялаш ва бандлик даражасини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Маҳаллий хом­ашёни тўплаш ва бирламчи ишлов бериш, шунингдек, катта сармоя талаб қилмайдиган косибчилик, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор бериш зарурлиги қайд этилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи мазкур вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратиб келаяпти.

Хусусан, ўтган йили депутатлик гуруҳи ва вилоят партия кенгаши томонидан ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ 20 дан ортиқ масала ўрганилди. Бунда, хусусан, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда аҳолига хизмат кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, касаначиликни ривожлантириш, шунингдек, уй-жой хўжалиги ва коммунал соҳани такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

 

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билан чиқиш депутатлик гуруҳларимизнинг доимий диққат марказида.

Дастур ижроси бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масаласи партиямиз депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиясида 2 марта, маҳаллий Кенгашлар сессияларида 6 марта, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияларида 16 марта муҳокама этилиб, улар натижалари юзасидан тегишли қа­рорлар қабул қилинди.

МУАММО ШУНДАКИ...

Қишлоқ жойларида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири маҳаллий хомашёни шу ернинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экс­порт ҳажмини оширишдан иборат. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган мини цех ва корхоналарнинг чекка ҳудудларда кўпайиши муҳим аҳамиятга эга. Шунда маҳаллий маҳсулотлар ҳам арзон бўлади, ҳам ўша жойда яшовчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошади.

Шунингдек, айрим қишлоқларда сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахоналари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини расмийлаштириш, уларда меҳнат қилаётган кишилар меҳнатини муҳофазалаш борасида ҳам қилиниши зарур бўлган талайгина ишлар бор. Саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш борасида ҳам камчиликлар йўқ эмас.

Қишлоқларда бўш ерлар кўп. Уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, сут ва гўштни қайта ишлаш корхоналарини қуриш, паррандачиликни ривожлантириш имкони катта. Бу масалаларга эътиборни янада кучайтириш, ҳаракатларни бирлаштириш керак.

МАСАЛА ЕЧИМИ БЎЙИЧА ТАКЛИФ

Аввало, аҳоли орасида банк хизматлари, кредит олиш тартиб-қоидалари, қонуний меҳнат қилиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш лозим.

Айниқса, қишлоқ шароитида кам маблағ сарфлаб, қулай иш ташкил этиш, янги иш ўрни очиш имконияти катта. Бундан самарали фойдаланиш зарур. Бунда оилавий тадбиркорлик, катта сармоя талаб қилмайдиган косибчилик, халқ ҳунармандчилиги ва касаначиликни ривожлантириш керак.

Аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган ярмаркаларни марказларда эмас, кўпроқ чекка ҳудудларда ўтказиб, уларда ҳунар аҳли, оилавий тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш керак, назаримда.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, қўшимча имкониятлардан фойдаланиш, мазкур жараёнда мутасадди вазирлик, маҳаллий ҳокимият органлари ва депутатлар ҳамкорлигини янги поғонага олиб чиқиш керак, деб ўйлайман.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.