02.05.2013

ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА ДАСТУРЛАР

изчил амалга оширилишидан манфаатдормиз

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашининг IХ пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг ЎзХДП дастурий мақсад ҳамда вазифаларини бажариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини такомил­лаштириш, партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжал­ланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибига доир ҳужжатлар аввалдан пленум иштирокчиларига тарқатилган эди. Шу сабабли пленум тўғридан-тўғри муҳокамадан бошланди.

— Партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлигини кучайтириш электорат манфаати ҳимоясида ҳал қи­лувчи аҳамиятга эгадир, — де­ди ЎзХДП Сурхондарё ви­лоят кенгаши раиси, халқ депу­татлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Иброҳим Ёқубов. — Ўтган йили партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш борасида муайян амалий натижаларга эришдик. Хусусан, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳлари томонидан 18 та масала, шунингдек, депутатларимиз ташаббуслари билан яна 3 та масала ўрганилиб, сессиялар муҳокамаларига киритилди. Натижада маҳаллий вакиллик ҳокимияти даражасида электорат манфаати ҳимоясига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинди. Айни пайтда депутатлик гуруҳлари уларнинг жойларда тўлиқ бажарилиши устидан назоратни изчил амал­га ошираяпти.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг вилоятда тизимли бажарилиши юзасидан пар­тия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП де­путатлик гуруҳларининг аниқ иш режалари ишлаб чиқилган. Уларнинг бажарилиши жисмоний имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ва ёш оилаларни қўл­лаб-қувватлаш, хотин-қизларни ка­саначилик ва ҳунармандчиликка жалб этиш, бандлигини таъминлашда алоҳида аҳа­мият­га эга. Шундай экан, бизга ишо­надиган қатлам ман­фаати йў­лида мавжуд имкониятлардан оқилона фойда­ланиш талаб этилади.

— Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини доимий иш ўринлари билан таъминлаш долзарб вазифа ҳи­собланади, — деди Олий Маж­лис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзо­си Алишер Содиқов. — Бу борада партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари зиммасида жиддий вазифалар турибди. Бунда аввало, аҳоли ўртасида дастурлар­да кўзда тутилган вазифалар, уларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, давлат ва ҳудудий дас­турлар ижроси бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

— Депутатлик гуруҳлари электорат манфаатини таъминлашда биз учун асосий куч ҳисобланади, — деди ЎзХДП Термиз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Тўрабек Зоиров. — Ўтган йили депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан аҳоли бандлигига доир 2 та масала ўрганилиб, сессия кун тартибига киритилди. Сессияда бандлик дастури ижросини тўлиқ таъминлаш, бу борада мутасадди идора-ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини оширишга қа­ратилган қарорлар қабул қи­линган.

Энг муҳими тегишли қарорлар қабул қилиш эмас, уларнинг ижросини таъминлашдир. Шундай экан, ижтимоий аҳамиятга эга қарорлар ижроси эътиборимиздан четда қолмаслиги керак.

Шунингдек, пленумда сўз олган партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, «Истиқбол» ёшлар қаноти ва «Фаол аёллар» қаноти етакчилари Обод турмуш йилида партия дастурий мақсадларини амалга ошириш, тегишли Давлат дастурлари, ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, электорат билан ишлаш, пар­тия дастурий мақсад ва вазифаларини бажаришда бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда вилоят партия кенгаши ижроия қўмитаси ва вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг 2012 йилдаги фаолияти ҳамда вилоят кенгашининг 2012 йил бюджети ижроси ва 2013 йилги бюджетининг асосий кўрсаткич­лари тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди. Улар юзасидан тегишли қарорлар қа­бул қилинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.