Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.05.2013

ЎЗБЕКИСТОН ОЛТИНЛАРИ

Ислом КАРИМОВ:

Мен юртимизда ҳам, чет элларда ҳам бир фикрни кўп айтаман: биз эришган ютуқларни, эртанги кунимизнинг қандай ёруғ бўлишини билмоқчи бўлсангиз, аввало лицей ва коллежларимизга бориб, ёшларимиз билан учрашинг, уларнинг ёниб турган кўзларига қаранг, шунда сиз кўп нарсани тушуниб етасиз...

24-30 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган 47-Халқаро Менделеев олимпиа­дасида Ўзбе­кистон терма жамоаси 2 та олтин, 5 та кумуш, 8 та бронза медалини қўлга киритиб, умум­жамоа ҳисобида мут­лақ биринчи ўринни эгаллади.

47-олимпиадада 184 киши иштирок этди. Бу Менделеев олимпиадаси тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Олимпиадада жами 70 нафар иштирокчи совриндор бўлди. Уларнинг 11 нафари олтин, 23 нафари кумуш ва 36 нафари бронза медаллари билан тақдирланди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 15 та медални қўлга киритди. Бу Ўзбекистон ёшларининг Менделеев олимпиадасида қайд этган энг юқори натижаси бўлди.

— Ўзбекистон ҳукумати номидан 47-Халқ­аро Менделеев олимпиадаси иштирокчиларини қутлаётганимдан хурсандман, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош ­вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов. — Бу ерда йиғилган барча ёшлар ўз Ватани шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Мен олимпиада ташкилотчиларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Бундан ташқари, ­Ломоносов номидаги Москва давлат университети жамоасига, Ўзбекистоннинг дўстларидан бири университет ректори ­Виктор Садовничийга ҳам алоҳида раҳмат.

Юртимизда кўплаб лицей-коллежлар, ­мактаблар қурилди. Мавжудлари капитал ре­кон­с­т­­­­рукция қилинди. Таълим тизимидаги ­ислоҳотлар албатта молиявий масалалар билан боғлиқ. Айни пайтда Ўзбекистонда давлат бюджетининг салмоқли қисми таълим тизимига йўналтирилаётганини фахр билан тилга оламиз. Телевидение орқали олимпиада ­доирасида юртимизга ташриф буюрган меҳмонларнинг интервьюларини кўрдим. Уларнинг олимпиада ҳамда юртимиз ҳақидаги ­таассуротларини эшитдим.

Олимпиаданинг барча иштирокчиларига ташаккур изҳор қиламан. Вақти келиб 47-Халқ­аро Менделеев олимпиадаси ғолиблари орасидан ­Нобель мукофоти лауреатлари етишиб чиқишига ишонаман.

— Мен аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга миннатдорлик билдирмоқчиман, — деди Россия Фанлар Академияси академиги, 47-Халқ­аро Менделеев олимпиадаси ташкилий қўмитаси ҳамраиси Валерий Лунин. — Мени энг хурсанд қилган жиҳат олимпиаданинг ҳар бир ўтган куни Ўзбекистон ОАВ томонидан ёритиб борилди. Бу юртингизда олимпиадага қанчалик катта эътибор қаратилганини кўрсатади. Олимпиада ғолиблигини қўлга киритган ёшлар ҳозир нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Биз уларнинг ҳар бир ютуғидан хурсандмиз.

Олимпиада иштирокчиларига Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари кўрсатилди. Бундан ташқари, Самарқандга сафар уюштирилди. Ўйлайманки, бу кунлар ҳеч қачон унутилмайди. Бутун дунё Улуғбек расадхонаси ҳақида эшитган. Аммо Самар­қандга бориб уни кўриш ҳаммага ҳам насиб қилмаган. Сизлар эса буни ўз кўзингиз билан кўрдингиз.

Ўзбекистон ҳукуматининг таълим тизимига қаратаётган эътибори таҳсинга сазовор. Ўзбекистон ёшлари келажакда бундан ҳам юқори натижаларни қайд этишига  ишонаман.

Билолиддин ШАРОБИДДИНОВ, ЎзМУ қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицейнинг 3-курс ўқувчиси, Ўзбекистон:

— Президентимиз доим Ўзбекистон ёшлари қўлга киритган ютуқлардан фахрланади. Ҳар гал у кишининг гапларини эшитганимда, мен ҳам албатта ғолиб бўламан, деб ният қилардим. Юртимизда ўтказилган Менделеев олимпиадасида қатнашиб, олтин медаль соҳиби бўлдим. Ушбу натижага эришишимда менга таълим берган барча устозларимнинг ҳиссаси бор. Олимпиада мен ва дўстларим учун жуда катта мактаб вазифасини ўтади. Биз бу вақт мобайнида чет элдан келган тенгдошларимиз билан суҳбатлашдик. Халқаро тажриба билан танишдик. Эндиликда ўз олдимга янада юксак мақсадларни қўяяпман. Уларни амалга оширишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Галина МАЛЧЕНКО, Украина:

— Мен айни пайтда Украина таълим вазирлигида кимё фани бўйича интеллектуал танловлар ўтказиш бўлими координатори бўлиб ишлайман. Тошкентга 47-Халқаро Менделеев олимпиадасига Украина терма жамоаси бошлиғи сифатида ташриф буюрдим. Мени энг хурсанд қилган тарафи, олимпиадада иштирок этган саккиз нафар ўқувчиларимизнинг ҳаммаси совриндор бўлди. Улар умумукраина олимпиадасида ғолиб бўлган эди.

Никита ШЛОПОКОВ, Россия:

— Олимпиада ўта юқори савияда бошланди ва шундай давом этди. Бугунги хайр­лашув маросими ҳам манзур бўлди. Биз олимпиада иштирокчиси сифатида нафақат кимё фани бўйича билимларимизни оширдик, балки бой ўзбек маданияти билан танишдик. Бизни Алишер Навоий номидаги кутубхонага, академик лицейларга олиб боришди. Мен Ўзбекистонда таълим тизимига катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдим. Тошкентдан олтин медаль билан қайт­япман. Ўзбекистонда ўтказган кунларимни фақат қувонч билан эсга оламан.

Дилшода ОРТИҚБОЕВА, ЎзМУ қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицейнинг 2-курс ўқувчиси, Ўзбекистон:

— Ҳар йили Менделеев олимпиадаси учун янги, мураккаб саволлар тузилади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Имкон қадар топшириқларни бажаришга ҳаракат қилдим ва олтин медаль соҳиби бўлдим. Мени саҳнага таклиф қилишган пайтида онамнинг кўзларидаги севинч ёшларини кўриб, ютуғимнинг салмоғини ҳис қилдим.

Балагардаш БАШИРОВ, Озарбайжон:

— Тошкент олимпиадасида кумуш медаль билан тақдирландим. Бу мен қўлга киритган энг катта ютуқ. Ўзбекистонда ўтказган кунларимиз жуда тез тугаб қолди. Бу анжуман шундай бўлдики, уни тугашини ҳеч ким истамади. Менда Ўзбекистон, унинг гўзал пойтахти Тошкент, тарихий обидаларга бой Самар­қанд катта таассурот қолдирди. Қачондир яна Ўзбекистонга келишдан умидворман.

Александр ВИГОВСКИЙ, Украина:

— Ўзбекистон терма жамоаси бу олимпиадада жуда ҳам яхши иштирок этди. Улар билан суҳбатлашганимда қанчалик интеллектга эга эканликларини англадим. Улар ҳақли ­равишда энг яхши натижага эриша олишди. ­Олтин медаль билан тақдирланганим учун ҳам Тошкент доимо менга қадрли бўлиб қолади...

Президентимиз Ўзбекистон — келажаги буюк давлат, деганида айнан илм-фан ривожланиб, фарзандларимиз дунёни лол қолдиришини орзу қилган эди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан таълим тизимида ўтказилган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад мамлакат ва миллатни жаҳонга танитиш эди.

Ўзбекистонда таълим тизимига ажратилган миллиардларнинг натижаси Менделеев ­олимпиадаси ғолиблари тимсолида яна бир бор намоён бўлди.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.