Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
02.05.2013

САЙЛОВ ЖАРАЁНИНИ ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Фуқаролик жамияти шаклла­нишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ташкил этилган «Ўзбекистонда сайлов жараёнини янада демократлаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

Семинарда Марказий ва ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар раҳбарлари, сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, ­оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, мамлакатимизда фаолият кўр­сатаётган қатор халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТТД, ЕХҲТ вакиллари, сайлов ҳуқуқи соҳаси олимлари ҳамда мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўладиган сайловнинг юксак савияда ташкил этилиши ва ошкоралигини таъминлаш, сиёсий пар­тия­ларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳисобга олинган ҳолда сайлов кампанияси давомида партиялараро рақобатни, депутатликка номзодлар баҳслашувини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов семинарни очар экан, очиқ ва эркин сайловлар Ўзбекистонда демократик ҳу­қуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим таркибий қисми, халқимиз ўз хоҳиш-иродасини билдиришининг, фуқароларимизнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли ҳисобланишини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий сайлов тизимини, бу борадаги тегишли қонунчиликни ривожлантириш ва янада эркинлаштиришда янги босқични бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз парламенти 2012 йил 19 декабрда «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни қабул қилди.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жамиятимизда рўй бераётган реал жараён, сиёсий пар­тия­лар фаоллиги, фуқароларнинг сайловчилик маданияти ошгани, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар кўлами кенгайганининг ифодасидир. Бу янгиликлар сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини тўлиқ таъминлашга қаратилган бўлиб, сиёсий пар­тиялар ва сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, шу жумладан давлат ҳамда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг масъулиятини оширади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойи­ҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабонинг таъкидлашича, «Ўзбекистонда мутахассислар ва сайлов жараёнида қатнашадиган барча одамларни ўқитиш, бу борада бош­қа давлатлар билан тажриба алмашишга катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги сайловларга тайёргарлик кўриш барвақт бошланганини ҳам қайд этиш жоиз. ЕХҲТ Ўзбекистонга сайлов тизимини янада такомиллаштиришдек муҳим ишда бундан буён ҳам ёрдам беришга тайёр».

«Айни пайтда мамлакатимиз сиёсий партиялари катта мафкуравий ва амалий тажрибага эга, ички ҳамда ташқи сиёсат масалаларида ўз позициясини белгилаб олган, улар ўртасида соғлом рақобат кузатилмоқда, — деди Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг марказий аппарати раҳбари вазифасини бажарувчи Шамсиддин Бозоров. — Шу билан бирга, «Адолат» партияси ҳақида гапирадиган бўлсак, биздаги мавжуд катта ташкилий салоҳият ва имкониятдан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётир. Шу сабабли биз учун сайлов қонунчилигига киритилган янги нормалар, жумладан, электорат билан учрашувларни ташкил этиш тартибини белгилайдиган нормалар ниҳоятда муҳимдир. Бундай учрашувларда нафақат ўтган давр учун ҳисобот бериш, балки, энг муҳими — партиянинг мақсадли вазифаларини акс эттирадиган пухта ўйланган рақобатбардош лойиҳа ҳамда дастурларни таклиф этиш лозим. Бу эса партия­нинг обрў-эътиборини оширади».

«Партиямиз қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда, 2014 йилги сайлов кампаниясида янада фаол иштирок этиш ниятида, — деди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Арслон ­Эшмуродов. — Партия мафкурасининг барчага маълум бўлиши сайловларга тайёргарлик кўришда асосий вазифа ҳисобланади. Умумий ваъдалар, баландпарвоз шиорларга энди йўл қўйилмайди. Шароит ва электорат ўзгарди. Сайловчилар сиёсий маданиятининг ортиб бораётгани партиядан уларга ўз йўналишининг яхлит ва тушунарли стратегиясини тақдим этиш учун мамлакатимиз, минтақа ва дунё­да рўй бераётган вазиятни янада чуқур таҳлил қилишни талаб этмоқда. Биз электоратимизни, аввало, ўзини ватанпарвар, мамлакатимиз манфаатларининг фаол ҳимоячиси деб биладиган фуқаролар ҳисобидан кенгайтириш ниятидамиз. Шу муносабат билан сайловгача сайловчиларнинг ҳуқуқий мадания­ти ва онгини ошириш пар­тия­миз фаолиятида катта аҳамият касб этади».

Семинар қатнашчилари янги қонуннинг фуқаролар ўз сайлаш ҳуқуқларини эркин амалга оширишининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайдиган нормалари эътиборга олиниб, парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ амалий жиҳатларни кенг муҳокама қилди.

Иштирокчилар амалий мулоқот давомида ўтган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда мониторинг натижасида аниқланган камчиликлар ҳамда фойдаланилмаган имкониятларни танқидий таҳлил қилди, сайлов кампаниясини ўтказиш амалиётини янада такомиллаштириш, сиёсий пар­тия­­лар, депутатликка номзодларнинг ғоялари, сайловолди платформаларининг очиқлиги ҳамда баҳслашувини таъминлашга доир чоралар кўриш зарур­лигини таъкидлади.

«Мамлакатимизда сайловлар тобора юксак савияда ўтказилмоқда, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ­Ерназар ­Жуманазаров. — Шу билан бирга, сайловлар давомида, жумладан, сайлов кампаниясининг энг қийин босқичи — сайловолди ташвиқоти жараёнида айрим камчиликлар аниқланмоқда. Сайлов қонунчилигига яқинда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда сиё­сий партиялар, депутатликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга ошириш билан боғлиқ барча жараён аниқлаб берилди. Бу эса ишларни очиқ ва ошкоралик принципларига мувофиқ ташкил этиш имконини яратади. Бу борада кўп нарса ҳудудий сайлов комиссиялари раислари ва вакилларининг ҳуқуқий билимини оширишга боғлиқдир. Бунга ҳозир алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу галги семинарда йўл қўйилган камчиликлар, уларни тузатиш йўллари очиқ ва ҳар томонлама муҳокама этилгани жуда муҳимдир. Бу, ўз навбатида, сайлов комиссия­лари ишида бўлажак сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда қонунчиликка қатъий риоя этиш принципларини мустаҳкамлашга кўмаклашади».

Ҳокимият вакиллик органларига бўладиган сайловларни юксак савияда ташкил этиш, уларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлашга доир аниқ таклифлар билдирилди.

«Партиямиз экспертларининг фикрича, бўлажак сайловлар партиялар ўртасида кескин баҳс­лашиш, сайловчилар овози учун рақобатлашиш шароитида ўтади, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партия­си сиёсий кенгаши аъзоси ­Алишер Абдуллаев. — Партиямизнинг аввалги сайловлардаги иштирок этиш тажрибасини танқидий баҳолаб, ­ЎзЛиДеП партия томонидан кўрсатиладиган депутатликка номзодлар учун талабларни оширишни мўлжалламоқда. Номзодларнинг сайловчилар ишончини қозониши, уларга партиянинг мақсад ва вазифаларини етказиб бера олиши эса уларнинг тайёргарлиги, билим ва ваколатларига боғлиқдир. Сайловларнинг очиқ-ошкоралиги эса кўп жиҳатдан сиёсий партиялар, жумладан, сиёсий партияларнинг кузатувчилар институти ва депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари томонидан таъминланмоқда. Афсуски, 2009 йилги сайловлар пайтида уларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдалана олмадик. ЎзЛиДеП сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан нодавлат ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари имкониятларидан, сайловолди ташвиқотининг қонунчиликда кўзда тутилган барча шакл ҳамда услубларидан кенг фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайди».

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши аппаратининг бўлим раҳбари Маҳмуд Тоировнинг таъкидлашича, «сайлов жа­раё­нини янада эркинлаштириш ва аниқ тартибга солиш Халқ демократик партияси зиммасига ўз стратегияси ва дастурини ишлаб чиқиш, сайлов кампаниясини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, депутатликка номзодларни пухта танлаш бўйича катта масъулият юклайди. Айни пайт­да ушбу барча йўналишда фаол иш олиб бормоқдамиз. Бунда партия бошланғич ташкилотлари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, айнан улар орқали аҳолининг фикри ва кайфиятини билишимиз, фуқароларни партиямиз сиёсий йўли билан кенг таништиришимиз мумкин. Ушбу семинар партиямиз томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудида шундай туркум тадбирларни ўтказишга даъват этади».

Семинарда сўзга чиққанларнинг фикрича, сайлов жараёнида оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтлари иштирокини кенгайтириш зарур. Сайлов ташкилотчилари малакасини, сайлов кампаниясини ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари касб маҳоратини янада ошириш, бунинг учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш катта аҳамият касб этади. Сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини услубий таъминлашни такомиллаштириш ишлари давом эттирилади. Улар учун мамлакатимизнинг барча ҳудудида туркум семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

«Сайловларни ахборот билан кенг таъминлаш фуқаролар сайлаш ҳуқуқининг муҳим кафолатларидан биридир, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод ­Ғуломов. — Сайловолди даврида ­оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият юкланади. Улар сайловчиларни хабардор қилиш, айни пайтда жамоатчилик назорати воситаси ­сифатида хизмат қилади. Миллий оммавий ахборот воситалари бу борада муайян тажриба тўплаган. Бироқ, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар эътиборга олиниб, уни такомиллаштириш зарур. Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания ҳамда Ўзбекистон электрон ­оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорлиги кенгаймоқда. Сайлов жараёни очиқ-ошкоралигини таъминлашга доир ишлар амалга оширилмоқда. Журна­лист­лар касб маҳоратини ошириш мақсадида семинарлар, тренинг­лар, давра суҳбатлари ва бош­қа тадбирлар ташкил этилмоқда. Бўлажак сайловларга тайёргарлик кўришда бу ишларни янада кучайтирамиз».

Семинар қатнашчилари муҳокама натижаларига кўра, ушбу чораларнинг амалга оширилиши сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда қонунийлик, одиллик, колле­гиаллик, очиқ-ошкоралик принципларига сўзсиз риоя этиш, сайлов жараёнини янада эркинлаштириш ва умуман, мамлакатимизда давлат ҳамда жамиятни изчил, босқичма-бос­қич демократлаштиришда сайлов эркинлиги принципининг тўла қарор топишига хизмат қилади, деган хулосага келдилар.

Семинар якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Анна ИВАНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.