Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
30.04.2013

ЎЗБЕК МЎЪЖИЗАСИ

Андижон вилояти тимсолида яна бир бор намоён бўлмоқда

Инсон ҳаётида шундай унутилмас дақиқалар бўладики, киши бутун умр давомида ундан ўзига бир мадад, куч олиб яшайди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан таш­қари сессиясида Президентимиз «Кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўла хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин», деб вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди. Бу бутун Андижон хал­қининг қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Шунингдек, бу эътироф зиммамизга улкан масъулият юклаганини ҳам юрак­­дан ҳис этиб турибмиз. Чунки вилоятда кейинги етти йилда олиб борилган ислоҳотлар суръати, ривожланиш тенденцияси бундан кейин ҳам асло сусайтирилмаслиги керак.

Бунинг учун биз белни янада маҳкам боғлаб, янада янги-янги марраларни кўзлаб, ғайрат ва шижоат билан, астойдил меҳнат қилишимиз зарур. Энг муҳими, бугун одамларимиз ана шундай кайфият билан яшамоқда.

Сессияда Президентимиз нафақат Андижон вилояти, балки, бутун Фар­ғона водийсининг яқин ва узоқ истиқболдаги тараққиёти, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ўртага ташлади. Буларнинг би­ри ло­йиҳа қиймати 1 миллиард доллар, қуввати 900 мегавольт бўлган Тўра­қўрғон иссиқлик электр станциясини барпо этиш кўзда тутилаётганидир.

Албатта, бу улкан ин­шоот­нинг ишга туширилиши билан нафақат Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи тў­лиқ таъминланади, балки саноат корхоналари, иш­лаб чиқариш, хизмат кўр­сатиш, савдо тармоқлари, ижтимоий соҳа, аҳоли турар-жой массивларида инфратузилма янада ривожланади. Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг турмуш даражаси янада юксалади.

Минтақада аҳоли бошқа жойларга нисбатан зичлигини инобатга оладиган бўлсак, бу улкан лойиҳа амалга ошиши натижасида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчи­ларини иш билан таъминлаш борасида улкан имкониятлар яратилади.

Мамлакатимизда автомобиль ҳамда темир йўллар қуриш соҳасига мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада давлат бюджети, хорижий давлатлар, халқаро молия институтлари грантларини жалб этган ҳолда мисли кўрилмаган ишлар, аср қурилишлари амалга оширилмоқда.

Бугунга келиб бу борада Водийда истиқомат қиладиган 10 миллиондан ортиқ аҳолининг кўп йиллик орзулари амалга ошадиган бўлди. Гап ижтимоий ҳаё­тимизда улкан аҳамиятга эга бўлган, иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланган темир йўл қурилиши ҳақида кетмоқда. Президентимиз сессияда Қам­чиқ довони орқали ўтувчи Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 км бўлган электрлашган темир йўл қуриш ҳақида гапирганда депутатлар, вилоят жамоатчилиги буни жуда катта ҳаяжон билан кутиб олди.

Чунки 2016 йилда ишга туши­рилиши режалаштирилаётган темир йўл Водийни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайди. Темир йўл атрофида инфратузилма, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланади, йўловчи ва юк ташиш сифати ҳамда ҳажми кескин ортади, хавфсизлик даражаси кучаяди. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам водийликлар мамлакатимизнинг истаган жойига темир йўл орқали бориш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, мазкур темир йўл Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб оладиган ягона темир йўл тармоғи барпо этили­ши билан ҳам улкан аҳамиятга эгадир. Сессияда Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу нафақат иқтисодий-ижтимоий, керак бўл­са, сиёсий аҳамиятга молик стратегик лойиҳадир.

Умуман, Президентимизнинг чиқишини тинглаган ҳар бир водийликнинг келажакка ишончи, ўз юртидан фахрланиш туйғуси янада мустаҳкамланди, деб бемалол айтиш мумкин. Дунё эътироф этган «Ўзбек мўъжизаси» Фарғона водийси, хусусан, Андижон вилояти тимсоли­да яна бир бор намоён бўлмоқда.

Шу боис биз — депутатлар, партиямиз фаоллари бу ўзгариш ва янгиланишларнинг ҳаё­тимиз фаровонлашувидаги аҳа­миятини аҳолига кенг тушунтиришимиз, режалаштирилган лойиҳалар амалга ошиши жараёнида фаол иштирок этишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Муҳаммаджон ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.



DB query error.
Please try later.