30.04.2013

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ

ислоҳотлар самарасини оширишга хизмат қилади

Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларига сайланган шахсдир. Ҳар бир депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия, сайловчилар билан доимий равишда алоқа боғлаб туради, ваколатлари доирасида вакиллик ҳокимиятида уларнинг манфаатларини ифода этади.

Президентимиз 2010 йил январда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик пала­таси ва Сенатининг қўшма маж­лисидаги маърузасида алоҳида таъкидлаган эди: «Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик орган­лари — Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа — бу қабул қи­линган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан мар­казда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай ба­жарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, де­путатлик на­зоратини ўрнатишдан иборатдир».

Дарҳақиқат, назорат қилиш депутатнинг асосий функ­ция­ларидан биридир.

Хўш, депутат қандай масалалар устидан назорат олиб бориши керак? Депутат назоратини амалга оширишнинг қандай механизми бор? Назорат борасида депутат қандай ҳуқуқ ҳамда ваколатларга эга?

Жўрақўзи ҚЎЛДОШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳаётдаги ўзгаришлар турли даражадаги депутатлар масъулиятини кундан кун оширмоқда. Сабаби парламент жамиятни ҳаракатга келтирувчи сиёсий институт ҳисобланса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳудудларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Шундай экан, албатта, депутатлар мазкур жараённинг марказида бўлиши талаб этилади.

Депутат ўз сайлов округида аҳолини тегишли ҳоки­мият вакиллик органининг иши тўғрисида мунтазам хабардор қилиб, қонунлар ва ҳокимият вакиллик органлари қа­рорлари бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қи­лишда фаол иштирок этади. Жамоатчилик фикрини, аҳо­лининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб, булар ҳа­қида тегишли давлат ҳокимияти органини хабардор қилади. Қисқа қилиб айтганда, давлат ҳокимияти билан фуқароларни ўзаро боғлайдиган мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайди.

Агар шу жараёнда қонунларнинг қандайдир шаклда бузилиши, ижроси суст олиб борилаётгани аниқланса, бу ҳолат юзасидан барча давлат органлари ва жамоат бир­лашмаларига, мулкчилик шак­лидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиш ва ўртага қўйилган масалани кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Депутат ўзининг мазкур ваколатларидан самарали фой­даланиши ўз-ўзидан депутатлик назорати амалга ошишини таъминлайди.

Абдулла АБДУХАЛИЛОВ, Ўзбекистон Миллий университети сиёсатшунослик кафедраси катта ўқитувчиси:

— Депутатлик назорати ҳу­дудларда аҳолини ўйлантираётган, қизиқтираётган масалалар устидан олиб борилиши керак. Негаки, депутатлик назорати бир масала бў­йича бир кишининг эмас, балки кўпчиликнинг фикр юри­тиши, муаммони чуқур ўрганиши ва унга ечим топишга биргаликдаги ҳаракати натижаси бўлади.

Депутат жойларда ўз сайловчилари билан йиғилишлар, меҳнат жамоалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий пар­тияларнинг бошланғич ташкилотларида аҳоли билан учрашувлар ўтказади. Уларда кўтарилган масалалар, муаммолар бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қил­ган ҳолда депутатлик назоратини олиб боради.

Шунингдек, қонунларда депутатларнинг сайловчилардан тушган таклиф, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиши, уларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўриши, фуқа­роларни мунтазам равишда қабул қилиб, сайловчилар олдида вақти-вақти билан ҳисоб бериб туриши кўрсатилган.

Шу жараёнда кўтарилган масалалар депутат томонидан тегишли ташкилотларга олиб чиқилиши депутатлик назорати механизм­ларидан саналади.

Комил АЧИЛОВ, Ўзбекистон ХДП Кармана туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Депутатнинг асосий вазифаларидан бири қонунлар ва ҳокимият вакиллик органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилишда иштирок этишдан иборат.

Шу орқали жамоатчилик фикри, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганади, улар асосида тегишли қонунлар ва қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш чоғида ўз таклифларини киритиш имкониятига эга бўлади.

Айтиш керакки, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқла­рида учраётган хато-камчиликларни бартараф этиш маҳаллий Кенгашлар депутатларининг депутатлик назоратини қанчалик даражада таъсирчан олиб боришига ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Бу — жойларда қо­нунлар ижроси самарадорлиги, иж­ро ҳокимияти фаолия­тининг халқчиллигини оши­ради, энг муҳими, ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳаётий таклифлар кўпаяди, янги-янги ғоялар амалга ошиши учун йўл очилади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Мақолада долзарб аҳамиятга эга бўлган масала кўтарилди. Ҳақиқатан ҳам жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, учраётган муаммоларнинг ечимини топишда қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш муҳимдир.

Хўш, айни пайтда депутатларимиз депутатлик назоратини қай даражада олиб бормоқда? Идора ва ташкилотларнинг депутатлик назоратига муносабати қандай? Депутатлик назоратининг натижалари нималарда кўринмоқда, партиямиз электорати ҳаётида қанчалик даражада аҳамиятга эга бўлаяпти?

Бу борада турли даражадаги депутатлар, партия фаоллари, сиёсатчилар, бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фикр-мулоҳазаларини кутамиз.



DB query error.
Please try later.