30.04.2013

ХАЛҚИМИЗ ДАСТУРХОНИ

гўшт-сут маҳсулотлари билан тўкин

Мамлакатимиз ички бозорини маҳаллий арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чуқур ислоҳотлар ўтказилмоқда. ­
Бу — чорвачилик, парран­дачилик, балиқчилик, асаларичиликни ри­вож­лантиришга йўналтирилган қарорлар, давлат дас­турларида ўз ифодасини топ­аяпти.

Маълумки, 2006 йил 23 мартда ­Президентимизнинг «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хў­жаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Мазкур ҳужжатдан кўзда тутилган асосий мақсад, биринчи нав­батда, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, қорамол боқиш ва чорва маҳсулотлари етиштириш, шу асосда қишлоқ аҳолисининг бандлик даражаси ва даромадларини ошириш, ижтимоий муҳофаза қилиш, чорва молларига зооветеринария ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича инфратузилмани такомиллаштиришдир.

— Ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган оилаларга ҳомийлар ҳисобидан бепул қорамол етказиб бериш тўғрисида ишлаб чиқилган дастурга биноан, биз ҳам 2007 йилда соғин ­сигирга эга бўлган эдик, — дейди ­Наманган вилоя­ти Уйчи туманида яшовчи ­Ойшахон Долиева. Бундан рўзғоримиз анча ўнгланди, хонадонимизга қут-барака кирди. — Оиламизга берилган бир бош қорамолдан йил давомида, то сигир сутдан чиқиш даври (300 кун)­га қадар ўртача 10 литрдан сут ола бошладик. Икки литрини ўзимизда қолдириб, қолган 8 литрини 1-1,5 минг сўмдан сотдик. Шундай қилиб, фақат сутдан тушган бир йиллик ўртача даромад 3 млн 750 минг сўмни ташкил этди. Ем-озуқага кетган харажат (1 млн 750 минг сўм)дан ташқари, оила бюджетига ҳар йили ўртача 2 млн сўм атрофида соф фойда келиб тушди. Ҳали мен бунга 5 бош бузоқнинг фойдасини киритганим йўқ...

Дарҳақиқат, мазкур давлат дас­турига асосан, биргина 2012 йилнинг ўзида ана шундай ҳомийлик ёрдами 7600 та оилага кўрсатилди. Жорий йилнинг бошидан то ҳозирга қадар эса бундай ёрдам олган оилалар сони 2750 тани ташкил этаяпти.

Яратилган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этгандик, дейди Тошкент вилояти Юқори ­Чирчиқ туманидаги «ТАНО» фермер хўжалиги раҳбари ­Акром Вияутдинов. — Фермада 525 бош қорамол (шундан 232 таси сигир) бор. Ўтган йили аҳоли дастурхонига 13 тонна гўшт ва 802 тонна сут маҳсулотлари етказиб бердик. Айни пайтда гўшт-сутни ўзимизда қайта ишлаб, 12 турдан ортиқ тайёр маҳсулотни бозорга чиқараяпмиз. 10 та янги иш ўрни яратдик.

Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори соҳани янада ривожлантириш бўйича имкониятлар яратди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 30 январда қабул қилинган «Республикада 2013 йилда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш, чорва озуқа захира базасини мустаҳкамлаш, сервис хизматлари кўрсатишни яхшилаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида»ги Дастур ички истеъмол бозорини чорва маҳсулотлари билан таъминлаш, чорва молларининг нас­лини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда ветеринария хизматларини янада такомиллаш-тиришга қаратилди.

Сўнгги икки-уч йил ичида гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ошиши баробарида уларнинг ­сифати ҳам яхшиланиб бормоқда, — дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳратжон Жаб­боров. — Бунда чорва молларига сервис хизмати кўрсатиш си­фа­ти­нинг янада яхшиланиши, жойларда омухта ем шохобчалари ташкил этилиши, озуқанинг ­сифатлилиги ҳамда оқсилга бойлиги, жойларда мутахассисларнинг билим даражасини оширувчи ўқув курслари ташкил этилиши каби омиллар қўл келяпти.

Мухтасар айтганда, тармоқни ривожлантириш, яъни гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кенг қамровда, бос­қичма-босқич олиб борилмоқда. Хусусан, хориждан 28263 бош наслдор қорамол келтирилиб, улардан 55519 бош бузоқ олинди. 2013 йилда ўтган йилга нисбатан қорамол бош сонини 105, сигирлар бош сонини 103, гўшт ишлаб чиқариш ҳажмини 109, сут ишлаб чиқаришни 112 фоизга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда аҳолининг бу борадаги эҳтиёжини қондириш мақсадида чорвачиликнинг бошқа тармоқлари қатори қорамолчиликда 967 та лойиҳани амалга ошириш орқали қўшимча 584 тонна мол гўшти, 1155 тонна сут маҳсулотлари етиштириш белгилаб олинди. Ушбу режанинг ижроси мингга яқин янги иш ўрни очилишига замин яратади.

2013 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикадаги барча тоифа хўжаликларда тирик вазнда 1673 минг тонна гўшт ва 7311 минг тонна сут ишлаб чиқарилган. Ўтган йилги таҳлиллар шуни кўрсатдики, аҳолининг жон бошига гўштга бўлган талаби 38 килограммга, сутга бўлган талаби 248 ­килограммга таъминланган. Бу рақам бундан ўн йил аввал, аҳоли жон бошига гўшт 25 килограммни, сут эса 166 килограммни ташкил этган. Ўртадаги ўсиш суръати гўштда — 147 фоиз, сутда — 150 фоиздир.

Аҳолининг бу даврда ўсиш суръати эса 115 фоизга тенг. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда гўшт-сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг таъминланиш даражаси йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Ҳозирда республикамизда чорва моллар наслини яхшилаш мақсадида 448 та қорамол наслчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили биргина наслли қорамолчилик хўжалигида етиштирилган 7786 бош наслдор моллар аҳоли ва фермер хўжаликларига ким ошди савдоси орқали сотилди.

Маълумки, қорамолчиликни ривожлантириш учун асосан икки омил — ем-хашак ва яйлов майдонлари зарур. Ушбу талабни қондириш мақсадида жорий йилда ем-хашак учун умумий майдони 310 минг гектар ерга озуқа экинлари экиш мўлжалланган. Жумладан, 90 минг гектарга эски беда, 32 минг гектарга янги (баҳорги ва кузги) беда, 177,5 минг гектарга маккажўхори ва 10 минг гектарга хашаки лавлаги экиш режалаштирилган. Шу кунга қадар 13 минг гектарга яқин ерга баҳорги беда ва 3 минг гектарга хашаки лавлаги экилди.

— Республикамизда мавжуд 103 та қоракўлчилик ширкат хўжаликлари тасарруфидаги 10 млн гектарга яқин яйловдан оқилона ва самарали фойдаланиш зарурати туғилган, — ­дейди «Ўзбек Қоракўл» компания­си раиси ўринбосари Азамат ­Ҳамроев. — Табиий яйловларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида Нурота ва Нуробод туманлари ҳудудида 70 гектар майдонда қора саксовул, терескен ва изен бўталари уруғи етиштириш йўлга қўйилган. Сўнг ушбу уруғлар ҳар йили табиий равишда инқирозга учраб бораётган 300 гектар яйловга сепилади. Шу тариқа ерларнинг ҳосилдорлиги йилдан-йилга ошириб борилмоқда.

Мавжуд ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда республикада ем-хашак тайёрлайдиган ерларнинг чеклангани инобатга олиниб, озуқа жам­ғариш самарадорлигини ошириш мақсадида бу йил бошоқли дондан бўшаган 117,8 минг гектар майдонга такрорий экин сифатида макка­жўхори ҳамда 107,8 минг гектар ерга озуқабоп оралиқ экинларини экиш белгиланган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, пахта ва буғдой каби асосий ўсимликларни экиш талабларини бузмаган ҳолда оралаб ва аралаштириб экиш технологияси жорий этилиши ҳар бир гектар суғориладиган ердан қўшимча ҳосил ва фойда олиш имконини беради. Энг асосийси, қўшимча ерлар ажратилмаган ҳолда ҳам чорвачилик учун дон ва озуқабоп экинлар ҳосилини кўпайтириш мумкин.

Бугун дунёнинг кўплаб давлатлари учун глобал масалалардан бири — озиқ-овқат танқислиги ­муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бормоқда. Юртимизда юқоридаги чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимиз аҳолисининг гўшт-сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга, қолаверса, озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги масалаларининг ҳал этилишига хизмат қилишига ишонамиз.

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.