30.04.2013

ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР, ТЕХНОЛОГИЯЛАР

мамлакатимиз тараққиётига, иқтисодиётимиз юксалишига, халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилади

Тошкентда 24-26 апрель кунлари ташкил этилган VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ниҳоясига етди. Унда олимлар ва мутахассислар томонидан яратилган янги ишланма­ларни жорий этиш бўйича умумий қиймати 12 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ 360 дан зиёд шартномалар имзоланди.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш бўйича йўлга қўйилган миллий тизим иқтисодиётимизни модернизация қилиш, Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, жаҳон илм-фани билан ҳамқадам ривожланиш имконини бермоқда.

Бу борадаги ишлар олимлар ва хўжалик юритувчиларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги, илмий-техник янгиликларни ўзлаштирилиши ор­қали янада кенгаймоқда.

Мазкур ярмаркада мамлакатимизнинг юздан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари ва тажриба-конструкторлик ташкилотларининг 550 га яқин технология ҳамда ишланмалари намойиш этилди.

— Бу йилги ярмаркада 62 та инновацион ишланмалар билан қатнашдик, — дейди Тошкент давлат техника университети илмий ишлар проректори, профессор ­Карима ­Норқулова. — Уларнинг 34 таси ­профессор-ўқитувчилар, 28 таси эса ёш олимлар ишланмалари ҳисобланади.

Ярмаркада мамлакатимизда етакчи бўлган «Ўзбекистон металлургия комбинати» ОАЖ, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзтрансгаз» АК, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК, «Ўзнефтегазқазибчиқариш» АК, «Ўзгеобурнефтегаз АК, Янги — Ангрен ТЭС ва бошқа йирик корхона, ташкилотлар билан қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган йигирмадан зиёд шарт­нома имзоланди.

Университетимизда, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга жалб этиш мақсадида «Ёшларнинг инновацион ғоялар» маркази ташкил этилган. Бу саъй-ҳаракатларимиз натижасини бу йилги ярмаркада қўлга киритган ютуқларимиз ҳам кўрсатиб турибди.

— Жорий йилдаги ярмаркада биз ўтган йилга нисбатан яхшироқ натижаларга эришдик, — дейди ­Андижон қишлоқ хўжалиги ­институти проректори, доцент ­Содиқжон Абдураҳмонов. — Яъни, қиймати 200 миллион сўмдан ортиқ 27 та шартнома имзолашга эришдик. Мисол учун, Сирдарё вилоятидаги «А.Қодиров» номли фермер хўжалиги билан 24 миллион, Самарқанд вилоятидаги «Жўра саховат» фермер хўжалиги билан 12 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.

— Ярмаркада биз 30 га яқин инновацион лойиҳалар билан иштирок этдик, – дейди Урганч давлат университети бўлим бошлиғи, география фанлари номзоди Дилшод Рўзметов. — Республикамизда фаолият юритаётган йирик корхона ва ташкилотлар билан энергия­ни тежаш, таълим муассасаларини электронлаштириш ва бош­қа йўналишлар бўйича 19 та шарт­нома имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 600 миллион сўмни ташкил этди.

Ярмаркада тақдим этилган са­ноат намуналари, технология ва оригинал лойиҳалар миллий иқтисодиё­тимиз ҳамда ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган беш асосий йўналиш бўйича тақсимланди. Чунончи, уларнинг кўпчилиги ярмаркада имзоланган шартномалар натижасида яқин вақт ичида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, илм-фан, таълим соҳасига жорий этилади.

VI Инновацион ғоялар, технология­лар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунида тақдим этилган барча асосий тармоқлар ва йўналишларни ўз ичига олган етти номинация бўйича энг яхши инновация ло­йиҳаси учун танлови ғолиблари мукофотланди.

Ярмаркада инновацион ривожланишнинг ҳудудий муаммоларига бағишланган семинар ҳам ўт­казилди. Унда иқтисодиётнинг реал сектори салоҳиятини ошириш мақсадида инновация фаолиятни жадаллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қи­линди.

Илм-фан ривожи мамлакатнинг эртанги куни, келажаги қандай бўлишини белгилайдиган асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Мазкур ярмаркада намойиш этилган, республикамиз олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларида яратилган технологиялар ва ишланмаларни яратилишида нафақат профессор-ўқитувчилар, балки 74 нафар ёш олим, талабалар ва «Келажак овози» республика танлови ғолибларининг ишланмалари ҳам иштирок этгани ярмаркани ўтказишдан кўзланган асосий мақсадга эришилганини кўрсатиб турибди.

Илм-фаннинг ривожланиши жа­мият­нинг изчил тараққий этиши, аҳоли даромадларининг ортиши ҳамда турмуш фаровонлигига замин яратади.

Обод турмуш йилида бўлиб ўтган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Шуҳрат ИСЛОМОВ



DB query error.
Please try later.