27.04.2013

КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

қонунларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Хабарингиз бор, яқинда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кучга кирди.

Мазкур ҳужжат қонун ло­йиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш тартибини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки фаоллашиб, қонун лойиҳасини кў­риб чиқишнинг барча бос­қичларида палата томонидан қабул қилинадиган қа­рорларга таъсир кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Сиёсий партиялар ўз дастурий ҳужжатлари асосида қонунлар лойиҳалари бўйича нуқтаи назарини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиши ҳамда ҳимоя қилишининг қонуний асослари янада такомиллашди.

ЎзХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси мазкур қонун асосида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланмоқда.

Масъул қўмита билан бир қаторда ЎзХДП фракциясига тақдим этилган қонун лойиҳалари бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилмоқда. Тегишли мутахассислар, экспертлар ва электорат вакиллари иштирокида қонунлар лойиҳаларининг кенг муҳокамаси ташкил этилаяпти. Ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича партия дастурий ҳужжатлари асосида фракциянинг нуқтаи назари ишлаб чиқилмоқда.

ЎзХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши олдидан ҳам яратиб берилган имкониятлардан кенг фойдаланилди.

Дастлаб фракция «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

«Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йў­ловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун ижросининг таҳлили унинг баъзи меъёрлари бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатди. Шу боис унга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Анвар БОЙҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бу ўзгартишлар нафақат суғурта воқеаси бошланиши билан ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий суғуртасига доир муносабатларни, балки суғурта ҳодисаси юз бергунга қадар бўлган муносабатларни ҳам тартибга солади. Қонун лойиҳасида суғурта шартномасини тузиш, суғурта мукофотини тўлаш, суғурта даври тартибларини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 3-моддага «Суғурталовчи – йўловчиларни мажбурий суғурталашни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс» тушунчасини киритиш, 7-моддадаги «турар-жойдаги давлат суғурта мубоширлиги» деган сўзлар «суғурталовчи» деган сўзлар билан, 9-моддадаги «давлат суғурта идоралари» сўзлари «суғурталовчилар» деган сўзлар билан алмаштириш таклиф этилади. Ушбу ўзгартишлар Қонуннинг юқорида кўрсатилган қоидалари ҳаётга тўлиқ татбиқ этилишини таъминлайди.

«Мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.

Қўлланилаётган атамаларни тўғри ва бир хилда талқин эти­лишини, шунингдек, жавобгарлик муқаррарлиги принципига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда «мансабдор шахс», «масъул мансабдор шахс», «ҳокимият вакили» атамаларининг янги таҳрири назарда тутилмоқда ҳамда «жамоатчилик вакили» деган янги атама киритилмоқда.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур қонун лойиҳасига кўра, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган, доимий, вақтинча ёхуд махсус ваколатга кўра вазифала­рини амалга оширувчи ҳокимият вакилларига нисбатан «масъул мансабдор шахс» эмас, «мансабдор шахс» атамаси қўлланилиши назарда тутилмоқда.

Қонунчиликда давлат мажбуриятларини амалга оширишда муайян ваколатларга эга бўлган «жамоатчилик вакили» тушунчаси ҳам очиб берилмаган эди (масалан, судда халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси). Шу сабабли, қонун лойиҳасида «мансабдор шахс» тушунчасига жамоатчилик вакили, яъни давлат органи номидан иш кўрмайдиган, лекин тегишли тартибда ҳокимият вакили ваколатлари юклатилган шахслар киритилгани муносабати билан қонунчиликда «жамоатчилик вакили» атамаси қўлланилмоқда.

Йиғилишда «Суд тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Қонун лойиҳаси судья лавозимига кадрларни танлаш, тайёрлаш ва тавсия этиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, судьяларнинг ижтимоий кафолатларини, нафақат иш фаолияти давомида, балки ваколат муддати тугаганидан сўнг ҳам кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депу­тати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга, суднинг обрўсини кўтаришга, инсон ҳу­қуқ ва манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда суднинг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Қонун лойиҳасида Меҳнат ва Солиқ кодекслари, «Судлар тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида», «Нотариат тўғрисида», «Адвокатура тўғрисида» ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қо­нунларга таклиф қилинаётган ўзгартиш ва қўшимчалар судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартиришга, юқори мақомга эга бўлган судьялик лавозимига катта тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳисобига судьялар корпусининг сифатини яхшилашга ижобий таъсир ўтказади.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Нефть ва газ маҳсулотлари мамлакат миқёсида стратегик аҳамиятга эга бўлган захира эканлигини ҳисобга олиб, уларнинг қувурларга ноқонуний уланиш йўли билан ўғирланиши аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит учун хавф туғдиради ва давлатнинг иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади.

Мазкур қонун лойиҳаси бу соҳадаги жиноятлар сонининг ўсишига барҳам бериш, мазкур жиноятларнинг содир этилиши учун жиноий жавобгарликни кучайтириш ҳамда қувур ўтказгичлар устидан назорат қилишнинг янада самаралироқ услубини жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Йиғилишда шунингдек, бош­қа қонунлар ло­йиҳалари ҳам биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Кун тартибидан ўрин олган қонунлар лойиҳалари бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўт­ди. Депутатлар томонидан элек­торат манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли таклифлар билдирилди ҳамда ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳлари томонидан тайёрланган тавсиялар асосида фракциянинг позицияси белгилаб олинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.