27.04.2013

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Шу йил 26 апрель куни Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон дунёда кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган ютуқ ва марраларга эришиши йўлида бутун мамлакатимиз қатори Андижон вилояти меҳнаткашлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини, кўп соҳаларда Андижон етакчи ўринларни эгаллаб келаётганини алоҳида таъкидлади. Вилоят маркази, барча шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, обод бўлиб, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражаси юксалиб бораётгани барчага ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

Кейинги етти йил мобайнида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2 баробар, саноат 2,9 баробар, қишлоқ хўжалиги 1,6 баробар, пуллик хизматлар 2,7 баробар, қурилиш ишлари 3,4 баробар ошди. Саноат соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш ҳамда технологик янгилаш, мавжуд маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Халқаро бозорда рақобатбардош, қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар барпо этиш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани ўзининг салмоқли натижаларини бераётир.

Бу борада иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлган йирик корхоналар, биринчи навбатда, Асака шаҳридаги автомобиль заводи фаолияти ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди, деди Юртбошимиз. Ушбу корхона мамлакатимиз учун бутунлай янги соҳа – автомобилсозлик саноатини шакллантиришда пойдевор бўлиб, юксак ва илғор технологияларни ўзлаштиришда катта роль ўйнамоқда. Хусусан, 2008 йилдан бошлаб жаҳон автомобиль саноатида етакчи ҳисобланган General Motors компанияси билан ҳамкорликда ушбу заводда машҳур Shevrolet бренди билан автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани саноатимиз ривожида янги тарихий босқич бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар тармоғи кенгайиб бормоқда. Андижон вилоятида бундай корхоналар сўнгги етти йилда 47 тадан 108 тага, улар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳажми 1 триллион 100 миллиард сўмга етди.

Мазкур тармоқнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда соҳани юксак малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун Асака туманида ушбу йўналишга ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи, Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти негизида Андижон машинасозлик институти, Тошкент шаҳрида Турин политехника университети ташкил этилгани соҳани замон талаблари асосида изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртбошимиз Андижон вилоятида сўнгги йилларда қайта ишлаш саноатини тараққий эттириш борасида ҳам салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади. Агар 2006 йилда Андижонда етиштирилган пахта толасини вилоятнинг ўзида қайта ишлаш ҳажми 31,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2012 йилда бу рақам 40 фоизга етди. Шунингдек, тўқимачилик, трикотаж маҳсулотлари, пойабзал, чарм-галантерея буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда сезиларли ютуқларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари нутқида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва қўшма корхоналарни кўпайтириш, қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотлари, маиший техника буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш борасидаги лойиҳалар ижроси, қишлоқ хўжалигидаги кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этиш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ва ижтимоий объектлар барпо этиш сингари кенг кўламли масалалар бўйича вилоятда амалга оширилган ишлар ва бу борадаги вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.

Президентимиз Андижон вилоятида турли соҳаларда эришилган ютуқларни қайд этган ҳолда, ишга солинмаган имкониятларни таъкидлаб, галдаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра Андижон вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими этиб сайланди.

Сессияда “Нуроний” жамғармаси Андижон вилоят бўлими раиси Таваккал Топволдиев, GM Uzbekistan қўшма корхонаси бошқарма бошлиғи Абдуваққос Рафиқов, Хўжаобод туманидаги Шаҳрихонсой шаҳарча фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Тожибархон Йўлдошева, вилоят фермерлар кенгаши раиси Рашидбек Мамадалиев сўзга чиқиб, Президентимиз нутқида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилганини, вилоят аҳли билдирилган фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, ислоҳотлар самарасини юксалтириш, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидлади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.