25.04.2013

ЖАМИЯТ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИ – ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий семинар ушбу мавзуга бағишланди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш масалалари, бу борадаги миллий ва халқаро тажрибани муҳокама этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эди.

Семинар Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Унда Европа Иттифоқи давлатларидан экспертлар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган элчихоналар ва халқаро ташкилотлар ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳақида хабардор этиш мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим йўналишлари экани таъкидланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган сўз эркинлиги ҳамда фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини ахборотни эркин, монеликсиз олиш, текшириш ва тарқатиш имконини бермоқда, шунингдек, ахборотдан, жумладан давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотдан умумий фойдаланиш, унинг очиқлиги ва ишончлилиги принциплари белгилаб берилган.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда кейинги ўн йилнинг ўзида босма оммавий ахборот воситаларининг сони 2 баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробар кўпайди. Бугун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 1320 дан ортиқ оммавий ахборот воситасининг 60 фоизи нодавлат ахборот оммавий воситаларидир. Уларнинг 200 дан ортиғи электрон шаклга эга бўлиб, ҳар куни мамлакатимиз ва хорижда рўй бераётган воқеалар ҳақидаги долзарб ахборот, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсйи масалалар бўйича таҳлилий материаллар бериб боради. Бундан ташқари, аҳолининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот манбаларидан, жумладан, уларнинг ахборот хизматлари ва веб-сайтлари орқали кенг фойдаланиши таъминланмоқда. Бу фуқароларда давлат ҳокимияти органлари фаолияти, шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлиги тўғрисида яхлит ҳамда холис тасаввурни шакллантиришга хизмат қилаётир.

Мамлакатимиз экспертлари Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг янада очиқ-ошкоралигини таъминлаш, бу вазифани ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ролини оширишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этаётганини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун алоҳида аҳамиятга эгадир. Қонунда жамоатчиликни давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедуралари аниқ белгилаб берилади. Қонун аҳоли, оммавий ахборот воситалари ва жамоат бирлашмаларининг ушбу органлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор қарорлари тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши сиёсий плюрализм, мамлакатимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеалар ҳақида фикрлар хилма-хиллиги эътиборга олинган ҳолда, ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг, амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички ҳамда ташқи давлат сиёсатининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш имконини беради.

Ушбу илмий-амалий семинар жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш бўйича миллий ҳамда хорижий тажрибани, мазкур органларнинг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги моделларини муҳокама этиш имконини берди.

– Бундай халқаро илмий-амалий семинарнинг ташкил этилиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ёрдам беради, – дейди Бундестаг илмий бўлими раҳбари Рожер Клосс (Германия). – Тадбир биз учун жуда долзарб. Негаки, бизнинг мамлакатимизда ҳам фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг архив ахбороти, ҳужжатларидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган янги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Мазкур семинар бизга ахборот соҳасини ислоҳ этиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон тажрибаси билан танишиш имконини берди.

Семинарда демократик жамият қуришнинг муҳим вазифаси сифатида матбуот, сўз ва ахборот эркинлиги, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ҳамда сайлаш эркинлигини таъминлаш, шунингдек, тегишли халқаро нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш соҳасида қонунчиликни ривожлантириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси кўриб чиқилди.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича амалий тавсияларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Уни тайёрлашда ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ўрганилган, ахборот ҳуқуқи соҳасида фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар тавсиялари инобатга олинган. Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси, хусусан, хорижий экспертлар иштирокида кенг муҳокама этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган қирқдан ортиқ конференция, семинар ва давра суҳбатлари якунлари бўйича мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга оид юзга яқин таклиф умумлаштирилди.

– Мазкур қонун ғоят муҳимлигини таъкидламоқчиман, – дейди Франция Маданият ва оммавий коммуникациялар вазирлигининг босма матбуот бўйича директори ўринбосари Сильви Клеман-Кузен. – Бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, очиқ-ошкоралигини таъминлаш имконини беради. Мазкур тадбирда иштирок этиш, янги қонун лойиҳаси билан танишиш мен учун жуда фойдали бўлди.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қоидаларини такомиллаштириш, муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этиш бўйича давлат органлари фаолияти ҳақида аҳолини хабардор қилиш, мамлакатимизни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилишга доир вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда аҳамиятини ошириш мақсадида Президентимиз Ислом Каримов томонидан мазкур қонун лойиҳасининг нормаларини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба ишларини амалга оширишга қаратилган фармойиш қабул қилинган.

Ҳуқуқий тажрибанинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, у Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг реал фаолиятида синовдан ўтказилади. Давлат тузилмаларидан ташқари оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, уларнинг фаолияти ҳақида ахборот олишдан манфаатдор юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳам мазкур тажрибада иштирок этади.

Приморск-Люблян университети профессори Сандра Басик Хрватиннинг (Словения) айтишича, Ўзбекистонда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нормаларини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажрибани ўтказиш қонун ижодкорлиги фаолиятининг замонавий услубларидан бири бўлиб, мамлакатда ижтимоий ҳаётни демократлаштириш жараёнлари тобора такомиллашиб бораётганидан далолат беради. Шу сабабли бундай тажрибанинг икки вилоятда ўтказилаётгани жудаям муҳимдир. Бу ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси бўйича асосли тавсиялар олиш, сўнгра уни ҳаётга муваффақиятли жорий этиш имконини беради.

Халқаро илмий-амалий семинар якунлари бўйича фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдаланишини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик субъектлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, ахборот соҳасини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини амалга оширишга доир таклифлар ишлаб чиқилди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.