Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.04.2013

ЎЗБЕКИСТОН — МЕНДЕЛЕЕВ ОЛИМПИАДАСИНИ БЕШ ЙИЛ ИЧИДА ИККИ МАРТА ҚАБУЛ ҚИЛГАН ЯГОНА МАМЛАКАТ...

Кеча Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида 47-Халқаро Менделеев олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Олимпиадада 17 та давлатдан 117 нафар ўқувчи, 24 нафар жамоа раҳбарлари, 4 нафар халқаро ташкилий қўмита, 19 нафар халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда 20 нафар миллий экспертлар, жами 184 нафар қатнашчи иштирок этмоқда.

Ўзбекистон, Озарбайжон, Белорусь, Болгария, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Македония, Молдова, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Украина давлатларидан келган ёшлар ғолиблик учун кураш олиб боради.

Шуни фахр билан таъкидлаш керакки, 2008 йилда 42-олимпиада ҳам юртимизда ташкиллаштирилганди. Ўшанда Ўзбекистон ёшлари 1 та олтин, 1 та кумуш ва 11 та бронза медалларга сазовор бўлган.

Мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшларнинг турли фан олимпиадаларида иштирок этиб, 21 та олтин, 51 та кумуш, 90 та бронза ва 100 дан ортиқ дипломларни қўлга киритганлиги мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотларнинг самарасидир.

— Халқаро олимпиада иштирокчиларини Ўзбекистонда кўриб турганимиздан хурсандмиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири  ­Баҳодир Ходиев. — Таълим тизими халқ­ларни бирлаштирувчи кучдир. Биз ишонамизки, бу ерда соҳанинг бўлажак олимлари йиғилган. Истардикки, вақтлар ўтиб сизларни Ўзбекистонга келганингиздан фахр­ланиб юрайлик.

Президентимиз Фар­занд­ларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт деб бежиз айтмаган. Ўзбекистон ёшлари бугун ўз билими, истеъдоди билан дунёни лол қолдирмоқда.

Кўпчиликка маълум, бизда таълим бериш 9+3 тизимида. Ўзбекистонда ушбу тизим бепул бўлиб, бу давлат томонидан кафолатланган. Ўзбекис­тонда яратилган таълимнинг миллий моделига бугун бутун дунё тан бермоқда.

Сизларни ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда ўтказган кунларингиз хотирангизда бир умр муҳрланиб қолади.

— Бу йилги олимпиада Ўзбекистонда бўлаётганидан мамнунмиз, — дейди Ломоносов номидаги Москва давлат университети профессори, кимё фанлари доктори, ҳакамлар ҳайъати ҳамраиси Валентин Ненайденко. — Ўзбекистон беш йил ичида икки марта Менделеев олимпиадасини қабул қилган ягона давлат. Шуни алоҳида таъкидлашни истайманки, Президентингиз таълим тизимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ўзига хос бой маданиятга эга. Бу ерда тарихий обидалар, шаҳарлар кўп.

Биз олимпиада иштирокчилари учун жиддий ва мураккаб топшириқларни тайёрладик. Ўйлаймизки, уларни бажариш анча қизиқ бўлади. Бу ерда фақат назарий ва амалий машғулот билан банд бўлмайсиз. Балки турли давлатлардан келган тенгдошларингиз билан танишасиз, фикр алмашасиз, янги маданият­ни ўзингиз учун кашф этасиз.

Ташкилотчилар биз учун ажойиб имконият ҳозирлаб қўйишган. Яъни Самарқандга бориб келамиз. Сиз сафар давомида Ўзбекистоннинг қанчалик гўзал мамлакат эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Ўзбек халқининг асрий анъаналари билан танишасиз.

Сизлар миллий босқичлардан мувафаққиятли ўтдингиз. Шу сабабли ҳам бу ерга йиғилганларнинг барчаси ғолиб. Мағлублар бўлмайди. Ҳаммага омад тилайман. Ишонаманки, Ўзбекистонда кўрганларингизни бир умр эслаб юрасиз.

Юрий АНДРЕЕВ, Россия:

— Москвадаги 1303-лицейнинг 10-синфида ўқийман. Бизни жуда яхши кутиб олишди. Бугун эрталаб келган бўлсак ҳам менга Ўзбекистон ёқиб қолди. Очилиш маросими ҳам маъқул келди. Жамоамиз 10 кишидан иборат. Асосий мақсадимиз юқори ўринларни эгаллаш.

Муборакхон ҚУРБОНОВА, Ўзбекистон:

— Тошкент давлат педиатрия институти қошидаги академик лицейнинг учинчи курс талабасиман. Лицейга кирган пайтимда ўқитувчиларимиз Менделеев Халқаро олимпиадасида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчилар ҳақида гапириб беришганди. Уларнинг ҳикояларини тинглаб мен ҳам, албатта, шу олимпиадада қатнашаман, деб ўз олдимга мақсад қўйдим ва кимё фанини чуқур ўргана бошладим. Уч йил давомида тайёрландим. Айни пайтда мақсадимнинг биринчи босқичи амалга ошди — олимпиа­да иштирокчисиман. Энди эса совриндорлар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.

Байраммуҳаммет БАЙХАНОВ, Туркманистон:

— Шаҳрингиз жуда ҳам чиройли экан. Бизни жуда яхши кутиб олишди. Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдираман. Барча иштирокчиларга омад ёр бўлсин.

Нурзат ТИМИНБЕК қизи, Қирғизистон:

— Мен Бишкекдаги «Айчурек» қирғиз-турк лицейида ўқийман. Тошкент менга жуда ёқди. Айниқса, унинг архитектураси мақтовга лойиқ. Очилиш маросими ҳам манзур бўлди.

Денис ШКЛЕРУС, Белорусь:

— Мен Белорусь жамоасининг бошлиғиман. Тошкент табиати ва иқлими бизга ёқди. Ушбу олимпиадада биринчи марта қатнашяпман. Узоқ тайёр­гарлик кўрдик. Ўқувчиларимиз масъулиятни ҳис қилиб туришибди. Ўйлайманки, яхши қатнаша оламиз. Биз фақат ва фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз.

Раҳим ТИНАССИЛОВ, Қозоғистон:

— Алмати шаҳридаги Жаутикова номидаги физика-математикага ихтисослашган мактаб-интернатда ўқийман. Менделеев олимпиадасида иккинчи марта иштирок этаяпман. Ўтган йили Астанада бўлиб ўтган олимпиадада учинчи ўринни қўлга киритдим. Бу йил янада яхшироқ натижа қайд этмоқчиман. Ўзбекистон ўзининг бой анъаналарига эга бўлган давлат. Бир жиҳат эътиборимни тортди: бу ерда ҳамма ўз она тилида гаплашар экан. Очилиш маросими юксак савияда бўлиб ўтди. Ўзбек миллий куй-қўшиқлари бизга манзур бўлди. Ўйлайманки, олимпиаданинг охирги кунига қадар бугунги кўтаринки кайфият ҳаммамизда сақланиб қолади...

Олимпиада қатнашчилари очилиш маросимидан сўнг Мус­тақиллик майдонига ташриф буюрди ва Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Менделеев Халқаро олимпиадасида ўз мамлакатида ғолиб бўлган ёшлар иштирок этади. Олимпиада уч тур — иккита назарий ва битта амалий синовдан иборат. Бажариладиган топшириқлар методик комиссия томонидан йил давомида тайёрлаб борилади. Улар топшириқларнинг мураккаб ва юқори савияда бўлишини таъминлашади.

Халқаро олимпиаданинг Методик комиссияси таркибига илғор олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, иштирокчи давлатларнинг умумий ўрта таълим мактабларининг кимё фани ўқитувчилари, бундан ташқари, талабалар ва тадқиқотчилар — Менделеев олимпиадасининг олдинги ғолиблари киради.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.