25.04.2013

ЖАМОА ШАРТНОМАЛАРИ ВА КЕЛИШУВЛАРИ

ходимлар турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосий омилидир

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши  томонидан шу мавзуга бағишлаб матбуот ан­жумани ўтказилди. Унда дастлаб жамоа шартномалари ва келишувларининг ходимлар манфаатини ҳимоялашдаги ўрни ва аҳамияти хусусида маълумот берилди. Дарҳақиқат, жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, бандликка кўмаклашиш, меҳ­натга ҳақ тўлаш, даромадлар ва турмуш даражаси, ижтимоий кафолатлар, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби йўналишлардаги ишлар амалга оширилмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун имзоланган Бош келишув дас­туриламал бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 95,8 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган. Тузи­лаёт­ган жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган. Ходимларнинг иш ва дам олиш вақти масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Тармоқ келишувларида тармоқ ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш тартиби белгиланган, тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган.

Шунингдек, ушбу ҳужжатларда ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган. Ижтимоий йўналтирилган Давлат ­дастурларини бажариш доирасида охирги йилларда келишувлар орқали уруш ва меҳнат фахрийларига, жисмоний имконияти чекланган инсонларга, кўп болали, кам таъминланган ва ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва соғ­ломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жамоа шартномаси ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришнинг амалий воситасига айланган. Жумладан, жамоа шарт­номаси тадбирларини бажариш учун Республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарф­ланган маблағ ўтган йили қарийб 700 минг сўмни ташкил этди. Бугунги кунда 45 минг 73 та корхонада жамоа шартномалари ор­қали ходимларга асосий узайтирилган таътиллар (15 иш кунидан кўп микдорда) ўрнатилган бўлиб, ушбу имтиёздан 1 млн. 731 минг 224 нафар ходим фойдаланмоқда. Қарийб 49,5 минг корхонада жамоа шартномалари асосида кўшимча таътиллар белгиланган. Ундан 2 млн. 50 минг нафарга яқин ходим фойдаланмоқда. 60 минг 543 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари жамоа шартномалари асосида корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан санаторий ва санаторий-профилакторийларда соғ­ломлаштирилди, ушбу мақсадлар учун 15 млрд. 600 млн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали аёллар учун қўшимча таътиллар олиш, иш берувчилар ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилиб, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилида бўлган оналарга моддий ёрдам олиш имкониятлари яратилмоқда. Айниқса, нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш масаласи Федерация Кенгашининг доимий диққат марказида бўлмоқда.

Жамоа шартномалари ва келишувининг ходимлар манфаатини таъминлашдаги аҳамияти қуйидаги мисолларда аниқ ифодаланади.

Республика бўйича 2012 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 21 минг 723 нафар фуқарога ва 179 минг 566 та оилага 39 млрд. 275 млн. сўмдан зиёд ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 2532 нафар янги оила қурган ёшларга 328 та корхонада 17 млрд. 68 млн. сўмликка яқин фоизсиз ссудалар берилди.

Олий ўқув юрт­ларида таҳсил олаётган 2736 нафар талаба учун 789 та корхонада карийб 4 млрд. 735 млн. сўм шартнома тўлов пуллари қопланди. Тармоқ корхоналарига алоқадор кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 41 минг 581 нафар фарзанди учун 7540 та корхонада ўқув қуроллари ва дарсликлар харид қилинди. 2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга қадар фарзандлари бўлган 9831 нафар ёш онага 3974 та корхонада 2 млрд. 206 млн. сўмга яқин моддий ёрдам кўр­сатилди.

Нодавлат мулк шаклидаги 2567 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 9156 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. 9338 та корхонада 32993 та кам таъминланган оила фарзандлари учун болалар соғ­ломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар қийматини қоплашга 4 млрд. 862 млн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Бу борадаги ишлар Обод турмуш йилида ҳам давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1-чорагида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2449 нафар фуқаро ва 12 минг 960 та оилага 6 млрд. 325 млн. сўмдан зиёд ижтимоий кўмак берилди.

Жамоа шартномалари орқали болалар соғломлаштириш оромгоҳларини сақлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар фарзандларини имтиёзли соғломлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

2013 йилги ёз мавсумда Республика бўйича жами 900 дан ортиқ болалар оромгоҳларида 270 минг нафардан зиёд болаларни соғломлаштириш белгиланган. Улардан 30 минг нафарини бепул соғломлаштириш режалаштирилган.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга мавзуга алоқадор маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Темур ХУДОЙБЕРДИЕВ



DB query error.
Please try later.