23.04.2013

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ: АСОСИЙ БОСҚИЧ ОЛДИДАН

Президентимиз Фармойиши асосида «Давлат ҳоки­мияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ­лиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси синови бўйича ўтка­зилаётган ҳуқуқий экспериментга Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тайёргарлик жараёни изчил давом этаяпти.

Вилоятда ҳуқуқий экспериментнинг самарали ўтишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳи маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари томонидан қо­нун лойиҳасида белгиланган ҳуқуқий меъёрлар сўз­сиз амал­га ошишини таъминлаш чора-тадбирларини кўр­моқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари масъуллари учун мунтазам равишда амалий семинарлар ташкил қилинаяпти.

Мазкур семинарларда ҳуқу­қий эксперимент мазмун-моҳиятини тушунтириш, давлат ҳо­кимияти ва бошқарувининг очиқлигини таъминлаш, мамлакатнинг демократик тараққиётини замонавий босқичга кўтариш, энг муҳими, мутасад­ди раҳбарлар ва фуқаролар ўр­тасида ўзаро ишонч ҳам­да хабардорлик тамойилларини мустаҳкамлашдек ҳаё­тий масалаларда мазкур тажрибанинг аҳамияти кенг очиб берилмоқда.

Яқинда ҳуқуқий экспе­риментни ўтказиш бўйича иш­чи комиссия аъзолари, ишчи гуруҳлари, қатор ташкилотлар мутахассислари иштирокида ҳуқуқий экс­перимент субъектлари ҳи­собланган идоралар ходимлари учун Самарқанд вилоят ҳоким­лиги ҳамда Каттақўрғон шаҳарларида навбатдаги се­минарлар ўт­казилди.

Маълумки, «Давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ло­йи­ҳасининг 9-моддасида давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолия­ти очиқ­лигини таъминлаш усуллари белгиланган. Ўқув-семинарлар мазкур усуллар амал­га оширилишини таъминлаш, бу жараёнда ҳуқу­қий меъёрларга тўлиқ амал қи­лиш масалаларига бағишланди.

Таъкидлаш керакки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усул­­лари асосан давлат ҳоки­мия­ти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ҳам­да фуқаролик жамия­тининг бошқа институтларига тақдим этиш билан боғлиқ жараёнларни ўз ичига олади.

Бундай ахборотларни расмий веб-сайтда жойлаштириш ва янгилаб бориш, ҳам­ма эркин фойдаланиши мум­кин бўладиган хоналарда ва жойларга жойлаштириш, ах­борот-кутубхона, ар­хив фонд­лари орқали, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари асосида оғ­заки ёки ёзма шаклларда тақдим этилиши керак.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз коллегиал кенгашларида ахборотдан фойдаланувчилар, яъни фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ҳам­да нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этиши учун шароит яратиб бериши лозим.

Семинарларда ишчи комиссия аъзолари ва мутахассислар қонун лойиҳасида белгиланган юқоридаги меъёрларни амалга ошириш масалалари ҳақида ҳуқуқий эксперимент субъектларини ташкил этадиган идоралар ходимлари билан ўзаро фикр алмашишди.

Ҳуқуқий эксперимент субъ­ектлари томонидан қабул қи­линиши лозим бўлган меъё­рий-ҳу­қуқий, идоравий ҳужжатларнинг намунавий ло­йиҳалари муҳокама қилин­ди.

Хусусан, ахборот-кутубхо­налар ва архив фондлари­га тақдим этиш учун зарур бўлган ахборот материалларини саралаш бўйича доимий комиссияни тузиш, ҳу­қуқий эксперимент ўтказиш субъектлари томонидан жис­моний ва юридик шахсларга ахборот-таҳлил ва архив фондлари орқали ахборот тақдим этишнинг вақтинчалик тартиби масалалари ҳа­қида сўз юритилди.

Ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг Интернет тармоғидаги веб-сайтига ахборотни жойлаштиришга доир йўриқнома, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари асосида давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда ахборот тақдим этишга доир йўриқномада қандай масалалар акс эттирилиши зарурлиги ҳа­қида тўхталиб ўтилди.

Ахборотни ОАВда эълон қилиш регламенти, давлат ҳоки­мияти ва бошқаруви органларининг очиқ йиғилишларида бевосита қатнашишни таъминлаш бўйича йўриқнома, ахборотни барча кириши мумкин бўлган бинолар ва жойларда жойлаштириш тартиби ҳақида муваққат низом каби меъёрий-ҳуқуқий, идоравий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Семинарда Самарқанд ви­лоят ҳокимининг ўринбосари Воҳид Раҳимов давлат ҳо­кимияти ва бош­қару­ви ор­ганлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бў­йича ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент ҳар бир мутасадди раҳбар хизмат вазифасига янада жиддий масъулият билан ёндашишини та­лаб этишини алоҳида таъкидлади.

— Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг коллегиал йиғилишларида фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари қатнашиши мумкин, — деди у. — Бу, аввало, мазкур йиғилишларга жиддий тайёргарлик кў­риш, ютуқларни мустаҳкамлаб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ ва самарали чоралар белгилаш бўйича масъулиятни оширади.

Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари маҳаллий давлат ҳокимияти мутасадди раҳбарлари бу масалага алоҳида масъулият ва жавобгарлик билан қараши зарурлигини таъкидлади.

— Ҳуқуқий эксперимент ўтказишдан мақсад «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқ­лиги тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси қандай ишлашини амалда синаб кўриш, шу асосда уни янада такомиллаштириш ҳамда ижро механизмини мукаммаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқова. — Семинарлар давомида муҳокама қилинган, қонун ло­йиҳаси ижросига қаратилган меъёрий-ҳуқуқий, идоравий ҳужжатлар шу мақсадга хизмат қилади. Масалан, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ҳамма кириши мумкин бўлган бинолар ва жойларда жойлаштириши керак. Мазкур ахборотларда тегишли идоранинг иш, фуқароларни қабул қилиш тартиби, кўрсатиладиган хиз­матлар рўйхати акс эттирилиши шарт.

Ахборотлар ҳеч қандай тў­сиқларсиз барча кириши мум­кин бўлган жойлар ҳам­да биноларга жойлаштирилиши давлат ҳокимияти ва бошқа­руви органлари фаолияти са­марадорлигини оши­ришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чун­ки шу орқали таништирув, умумий маълумот олиш мазмунидаги сў­ровлар ва мурожаатлар ка­маяди.

— Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тез, сифатли ҳамда ишонч­ли тарзда тақдим этишнинг самарали воситаларидан би­ри расмий веб-сайтлар ҳи­собланади, — дейди Самар­қанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаев. — Улар­да ахборотлар қонун лойиҳаси талабларига мувофиқ жойлаштирилиши ва мунтазам янгилаб борилиши ахборотдан фойдаланувчиларга қу­лайлик яратади. Бу ай­ни пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органла­ри матбуот хизматларининг фаолияти самарадорлиги­ни оши­ришга ҳам хизмат қи­лади.

Шунинг учун маҳаллий дав­лат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларини қонун лойиҳасида белгиланган меъёрлар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Қарорлар ҳам­да бош­қа меъ­ёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштириш, ҳар бир маълумотнинг киритилган ва янгиланган саналарини аниқ кўрсатиш, фуқаролар мурожаатлари ва ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўров­ларини расмий веб-сайт орқали қабул қилиш ва жавоб бериш, коллегиал йиғилишлар ҳақида ишончли маълумотлар жойлаштириб бориш энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Семинарлар давомида ҳуқуқий экспериметни ўт­казиш, қонун лойиҳаси иж­роси­ни таъминлаш, маҳаллий дав­лат ҳокимияти органлари, фу­қаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтлари олдида турган вазифалар хусусида қизғин савол-жавоблар бўл­ди, кўп­лаб фикр-мулоҳазалар айтилди.

— Қонун лойиҳасида белгиланган меъёрларни синовдан ўтказиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари фаоллиги ва масъулиятига боғлиқ, — дейди «Оқ­дарё овози» газетаси муҳар­рири Йўлчи Муҳаммадиев. — Ишчи комиссия, ишчи гуруҳлари томонидан ўтка­зилаётган семинарларда бил­дирилаётган таҳлилий фикр­лар асосида фаолиятимизни кучайтириш бўйича муҳим йў­налишларни белгилаб ола­япмиз. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш, муайян соҳа, ҳудуднинг ривожла­ниш ҳолати, муаммо ёки кам­­чиликнинг сабаб­ларини очиб бериш, муҳим қарорлар, дав­­лат ва маҳаллий ривожланиш дастурлари мазмун-моҳиятидан аҳолини хабардор этиш, энг муҳими, фаол фуқаролик позициясини шакл­лантириш ОАВ олдидаги дол­­зарб вазифадир.

— Фуқароларда мамла­катда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини таҳ­лил қилиш кўникмаси ривожланиши кучли фуқаролик жамиятининг муҳим омилидир, — дейди Самарқанд шаҳ­ридаги «Чилустун» маҳалласида истиқомат қилувчи, ЎзХДП аъзоси Дилбар Имомова. — Давлат ҳоки­мияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғ­рисида­ги ахборотлардан фойдаланиш имкониятининг кафолатланиши бунда, айниқса, долзарб аҳамият касб этади. Боиси одам қачон ўзи ишлаётган соҳа, истиқомат қилаётган ҳудуд, унинг ривожланиши ҳолати ва ис­тиқболи учун режалаштирилган ишлар аҳа­мияти ҳа­қида яқиндан хабардор бўлса, ислоҳотларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қа­ратилганини тушунса, мазкур жараёнларда фаол иштирок этиш, керак бўлса, ўз ҳиссасини қў­шишга интилади. Демак, ҳуқуқий тажрибанинг самарали ўтиши, қонун лойиҳасининг ҳаётий аҳамиятини ўрганиш учун фуқароларнинг дунёқара­шини кенгайтириш ҳамда фаоллигини оширишга қа­ратилган тар­ғибот-тушунтириш ишла­рини сусайтирмас­лигимиз керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усулларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳамда идоравий ҳужжатлар ўрнатилган тартибда қабул қилингандан сўнг, ҳуқуқий экспериментнинг иккинчи — асосий бос­қичига ўтилади. Яъни, бу босқичда қонун лойи­ҳаси ҳуқуқий эксперимент субъектлари фаолия­тига нисбатан амалда татбиқ этилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.