23.04.2013

ЧАКАНА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИДА

нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат ўрнатилади

Президентимизнинг «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида»ги қарорида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ республикамизнинг резидентлари ва норезидентлари — юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошириш тақиқланганлиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу мақсадда республика Давлат солиқ қўмитасида махсус бошқарма ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Мазкур тузилманинг вазифалари, ваколатлари нималардан иборат эканлиги тўғрисида газетхонларимизга маълумот бериш мақсадида қўмитанинг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқармаси таҳлил ва статистика бўлими бошлиғи Шавкат Аберқуловга мурожаат қилдик.

— Қарор билан давлат солиқ хизмати органлари зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди, — дейди у.

- тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни олиб бориш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ижро этилиши мониторингини амалга ошириш ва назорат қилиш;

- чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйиш, шу жумладан, назорат хариди механизми воситаси орқали аниқлаш, аниқланган қоидабузарлик фактлари бўйича материалларни жиноят турига қараб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш;

- республикамиз ҳудудида товарлар ва хизматлар учун нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш бўйича аниқланган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш ва юритиш ҳамда нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик масалалари бўйича аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириб бориш.

— Ҳозирда ноқонуний равишда нақд хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳолатларига нисбатан қандай чоралар кўрилаяпти?

— Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, оммавий ахборот воситалари орқали кетма-кет огоҳ­лантиришлар, шунингдек, радио ва телевидениеда масъул ходимлар билан мулоқотлар уюштирилиб, аҳоли ва барча хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш ва профилактика ишлари олиб борилишига қарамасдан, нақд хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошираётган тадбиркорлар ҳамон учрамоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган текширишларда 100 дан ортиқ ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан ҳисоб-китобларни ноқонуний равишда нақд хорижий валютада амалга оширгани аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мисол учун, Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бош­қармаси билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида якка тартибдаги тадбиркор Жавлон Тошматов (исм-фамилия ўзгартирилган) томонидан  қо­нунга хилоф равишда мебеллар тўплами нақд 4 минг 800 АҚШ долларига сотилаётганлиги аниқланди. Қолаверса, текшириш жараёнида  тадбиркорнинг бошқа қин­ғир ишлари ҳам фош этилди. Хусусан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 12,8 миллион сўмлик маҳсулотларни савдога қўйганлиги ҳамда савдодан тушган 628,2 минг сўм миқдоридаги нақд пуллар назорат-касса машинасига кирим қилинмаганлиги аниқланди. Бундан ташқари, савдо дўконига ҳисоб-китоб терминали ўрнатилиши шарт бўлса-да, ҳисоб-китоб терминали ўрнатмасдан фаолият кўрсатиш ва икки нафар фуқарони норасмий равишда ишга ёллаб, «конверт» усулида иш ҳақи бериш ҳолатлари аниқланди. Албатта, қонунбузарга нисбатан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, тегишли жазо чоралари кўрилди.

— Ростини айтиш керак, баъзилар ушбу қарор моҳиятини яхши билмайди. Уни нотўғри талқин қилаётганлар ҳам бор. Шунинг учун аҳолига, хусусан, тадбиркорларга ушбу муҳим ҳужжат мазмуни ва ундан кўзланган мақсадни тўлақонли етказиш учун қандай ишлар амалга оширилаяпти?

Айни пайтда Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда хорижий нақд валюта муомаласига йўл қўймаслик борасида аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар ўртасида кенг тушунтириш, профилактика ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, туман, шаҳар, қишлоқлардаги бозорлар, маиший хизмат кўрсатиш субъектлари, савдо дўконлари ходимлари ўртасида ҳамда маҳаллаларда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбирлар ўтказилмоқда. Унда ходимларимиз томонидан қарор талабларига амал қилмаган тадбиркорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши ва айбига яраша жазо олиши муқаррарлиги тушунтирилаяпти.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудида товарлар ва хизматлар учун нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш бўйича аниқланган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар базаси яратилди.

«Ўзбекистои овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлащди.



DB query error.
Please try later.