23.04.2013

ФЕЪЛИНГИЗНИ КЕНГ ҚИЛИНГ

айрим транспорт воситалари эгалари диққатига

Ҳар куни кўпчилигимиз жамоат ёки хусусий транспорт воситасидан фойдаланамиз. Йўлда турли воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўламиз. Ҳайдов­чининг хушмуомалалиги, транспорт бош­қарувидаги маданияти киши кайфиятини кўтаради, албатта. Аммо...

— Белгиланган тезликда кетаяпсиз, лекин сигнал бериб сизни шошилтиради, — дейди ҳаваскор ҳайдовчи,  Равшан Жомонов. — Тезликни оширсангиз қоидани бузасиз, йўл бўшатиб берай десангиз ён томондан  кетаётган машиналарга хавф туғдирасиз. Орқангиздаги шошқалоқ эса тўхтовсиз сигнал беради.

Шу ўринда айрим жамоат транспорт воситаларининг «ким ўзар пойгалари» ҳақида ҳам тўхталиб ўтишга тўғри келади. Бу кўпроқ маълум бир йўналишда ҳаракатланадиган автобус ва микроавтобусларга тааллуқли. Тезроқ йўловчи олишга шошилиб, улар бир-бирини қувлашади. Тезлик оширилади, оралиқ масофа сақланмайди, кескин тормоз берилади, автобус эшиклари ёпилар-ёпилмас ҳайдашга ҳаракат қилинади. Албатта, бундан йўловчилар жабр­ланади. Ўша уддабурон ҳайдовчига бунинг аҳа­мия­ти йўқ. Унга «кунлик режани қандай қилиб бўлса-да, бажариш» муҳим.

Кўча ҳаракатидаги яна бир нохуш манзара келин-куёвларнинг никоҳ маросими билан боғлиқ. Қа­тор-қатор машиналарнинг кетма-кет юриши, тартибсиз ҳаракати бош­қа тран­спорт воситаларига халақит беради. Бундай машиналарнинг бирваракайига сигнал бериши ён-атрофдаги ҳайдовчиларнинг эътиборини чалғитади.

Кўпчилик яхши билади. Германия, Англия, Япония, Малайзия, Таиланд каби давлатларда кўчалар тор, машиналар кўп, доимо тирбандлик. Лекин бирорта ҳайдовчи машинасидан тушиб, нимага узоқ тўхтаб қолганлиги сабабини суриштирмайди. Машина сигналини чалмайди.

Бизнинг йўлларимиз кенг, светофорларимиз чироғи бор-йўғи бир дақиқадан кам вақт ичида ўчиб ёнади. Аммо шунга ҳам чидамай олдинги қаторда турган машинага сигнал чалиб, «юрсангчи тезроқ» деган маънода қистайдиганлар кўп.

— Ўзингизга маълумки, ёғин-сочинли кунларда йўлларимизнинг баъзи ерларида кўлмак сувлар йиғилиб қолади, — дейди ҳайдовчи Муҳаммаджон Бобожонов. — Баъзи-бир ҳайдовчиларнинг унинг устидан атайин тезликни ошириб, пиёдаларга сув сачратиб кетиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳайдовчининг пиёдага бўлган ҳурматсизлиги, маданиятсизлиги... Яқинда бошқарувимдаги хизмат машинасининг балони тешилиб, кўчада қолдим. Домкрат йўқ эди. 10 га яқин машинани тўхтатдим, би­роқ бирортаси ёрдам бергиси келмади.

Яна бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Марказий банк биносининг олдида пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд. Ундан аёл киши ўтиб бораётган эди. Пиёдани ўтказаётган машина эгаси сигнал чалиб, уни тезроқ ўтишга қистарди.

Халқимиз от минган кишининг пиёдага йўл бериши лозимлигини уқтиради. Қани бу ерда маданият, ҳурмат?

Халқимиз одоб-ахлоқни, хушмуомалаликни улуғлайди. Қўрслик, қўполлик кишининг обрўсини тўкадиган қусурлар. Ортиқча асабийлашиш соғликка, ўз навбатида, кўчада ҳа­ракатланишга зиён. Ундан холос бўлиш обрўйингизни оширади. Йўлингизни кенг қилиш учун феълингизни кенг қилинг!

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.  


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: