20.04.2013

КУЧ ВА ИМКОНИЯТЛАРИМИЗНИ

мамлакатимиз тараққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида сарфлашимиз зарур

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгашининг тўққизинчи пленуми бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор Президентимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясидаги маърузасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, танқидий хулосаларга ҳамда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иштирокини кучайтиришга қаратилди.

Пленумда дастлаб Тошкент вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов маъруза қилди.

— Президентмиз халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессия­сида вилоятнинг ривожланиш суръатлари, эришилган ютуқларни эътироф этиб, шу билан бирга, ҳали-бери ечилмасдан қолаётган, одамларни ўйлантираётган муаммолар кўплигини таъкидлади, — деди у. — Хусусан, сессияда ҳудудий саноат таркибида маҳаллий тасарруфдаги корхоналар ҳиссаси йилдан-йилга камайиб 25,3 фоиздан 22,8 фоизга тушиб қолгани, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг изчил ривожланмаётгани, аҳо­лини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси қо­ниқарсиз аҳволда экани алоҳида қайд этилди.

Буларнинг барчаси партиямиз электоратининг манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ масалалардир. Шун­дай экан, бу каби камчиликларни бартараф этишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари жиддий масъулият билан меҳнат қилиши, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, депутатлик гуруҳлари пар­тия электоратининг ижтимоий манфаатларига хизмат қилувчи ташаббуслар кўрсатиши, маҳаллий вакиллик ҳокимияти ваколатларидан кенг фойдаланган ҳолда ўткир ижтимоий масалаларни ҳал этиш йўлида курашиши зарур.

Пленумда Тошкент вилоят ҳо­кими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Сайёра Файзиева сессияда илгари сурилган масалаларни амалга ошириш билан боғлиқ фикрларни ўртага ташлади.

— Сессияда кўрсатиб ўтилганидек, вилоятимизда баркамол авлод­ни вояга етказиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш ишларини янада кучайтириш зарур, — деди у.

— Айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган кишиларга хизмат кўрсатаётган 240 дан ортиқ қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш масаласини янгидан кўриб чиқиш керак.

Бундан ташқари, ҳозирда вилоятда 839 та ишламай турган корхона мавжуд. Янгидан шакл­лантирилаётган ҳудудий дастурларда ушбу корхоналарни қайтадан ишга тушириш масаласи қў­йилмоқда. Бу айнан бизнинг пар­тиямиз электорати манфаати билан бевосита боғлиқдир. Шу сабабли вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган ҳудудий дастурлар ижроси устидан депутатлик назоратини қатъий олиб бориш талаб этилади.

— Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси, хусусан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ёшларни иш билан таъминлаш масаласи бизнинг партиямиз учун энг устувор вазифалардан биридир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Аммо вилоятда бу борадаги ишларни қониқарли деб бўлмайди. Хусусан, Бўка, Бек­обод, Оққўр­ғон, Чиноз ва Юқори Чирчиқ туманларида банд­лик кўрсаткичлари нисбатан паст бўлиб қолмоқда. Шу боис пар­тиянинг барча ташкилотлари, депутатлик корпуси сиёсий куч сифатида мазкур муаммоларни ҳал этиш бўйича янги механизмлар устида жиддий бош қотириши зарур. Аҳоли бандлиги даражасини оширишга қаратилган муқобил, самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга татбиқ этилиши­га эришиш зарур. Бу борада пар­тиямизнинг Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги фракция­си билан алоқаларни янада мус­таҳкам­лаш лозим.

— Партия электорати манфаатини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш учун ижро ҳо­кимияти идоралари фаолиятидан яқиндан хабардор бўлишимиз керак, — деди халқ депу­тат­лари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Абдулносир Қосимов. — Кўп­гина масалаларни ҳал ­­­этиш турли дастурларга киритилади-ю, айрим идоралар, уларнинг раҳбарлари масъулиятсизлиги, беэътиборлиги сабабли белгиланган режалар амалга ошмай қо­лади.

Тошкент вилояти мамлакатимиздаги катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга ҳу­дуд саналади.

Бироқ биз ундан талаб даражасида фойдалана олаяпмизми? Афсуски, йўқ. Вилоятни иж­тимоий-иқтисодий тараққий эттириш борасида қатор камчиликларга йўл қўйилишида нафақат ижро ҳокимияти, балки жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар, депутатларнинг сусткашликлари ҳам сабаб бўлди.

Шу боис бугун ўтган йил­даги фаолиятимизни танқидий таҳлил этиб, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, давлат дас­турлари ижросида фаол иштирок этиш борасидаги вазифаларни белгилаб олиш зарур.

Пленумда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Саидислом Сайдуллаев ҳамда бошқалар кўрилган масалалар юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, пленум «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг партия дас­турий мақсадларидан келиб чиқадиган иштирокини кучайтириш, Тошкент вилоят партия кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг 2012 йил давомидаги фаолияти якунлари ҳамда вилоят кенгашининг 2012 йилги бюджет ижроси ва 2013 йилги бюджетининг асосий кўрсаткичларини кўриб чиқди.

Пленумда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиядаги Президентимиз маърузасида билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалар, тавсиялар асо­сида ишлаб чиқилган Тошкент вилоят пар­тия таш­килотининг 2013 йилги Ҳа­ракат дастури тас­диқланди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.