Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.04.2013

БАХТЛИ БЎЛИШНИ, АВВАЛО, ЎЗИНГ ХОҲЛАШИНГ КЕРАК...

У ҳар куни фақат бир нарсада атрофдагиларнинг кўмагига муҳтожборган жойида, иш­хонада кимдир, албатта, кутиб олиши керак. Уйи, машинаси унинг имкониятларига мослаштирил­гани билан аравачасини машинадан тушириб, ўтиришига ёрдам зарур. Ҳайриятки, оиласида ҳам, атрофида ҳам кундалик кўмак беради­ганлар бор. Ўз навбатида, ўзи ҳам кун давомида одам­ларга ёр­дам бериш учун ҳаракат қилади.

Наталья Плотникова эсини таниганидан буён бошқалардан иложи борича ёрдам сўрамасликка ҳаракат қилади. Мен ҳеч кимдан кам эмасман, мен буни эплай оламан, деб таъкидлайди бирон муҳим ишни бошлашдан олдин ўзига ўзи.

Олий ўқув юртининг биринчи курсида ўқиётганида отаси унга енгил машина олиб берди. Қўлтиқтаёқ ёр­дамида ҳаракатланадиган қизига шароит яратиш мақсадида ҳатто анча-мунча қарз кўтаришдан ҳам чўчимади. Афсуски, отаси бу қарзни тўлашга улгурмай вафот этди. Наталья аъло ўқигани учун олаётган стипендияси ва ўзи тўқиган буюмларни сотишдан олган даромади эвазига қарзни узди. Оилани боқаётган онасига оғирлик туширмади.

У доим юритадиган ҳи­соб-китоб бор: атрофдан ола­ёт­ган эътибор ва ёрдамни қай даражада қайтариб бера олдим? Балким бундан 12 йил ол­дин «Опа-сингиллар» нодавлат нотижорат ташкилотини (ННТ) ташкил этишнинг ташаббускори бў­лишга ҳам ана шу савол туртки бергандир. Ўшанда у респуб­лика ногиронлар жамияти бош­қарувида ишларди. Бу ерда ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя­си борасидаги ҳуқуқий асослар­ни мукаммал ўрганди. Ишни ташкил этиш борасида етарли тасаввурга эга бўлди. Имконияти чекланган одамларга яқинроқ бўлишим керак, мен уларга қандай ёрдам беришни бош­қалардан кўра яхшироқ биламан, деган қарорга келди. Чунки у бундай одамлар тушиши мумкин бўлган вазиятларни бошидан кечирган. Муаммоларни қандай ҳал қилиш йўлларини босиб ўтган.

ННТ ташкил этилаётганда ташаббускорлар ўзлари яшайдиган ҳудуд — Қибрай туманидаги ногирон хотин-қизлар, ногирон фарзандлари бор оналар турмуш даражасини ва ижтимоий фаоллигини оширишни мақсад қилишган эди.

Ишни тумандаги жисмоний имконияти чекланган хотин-қизлар ва шундай болаларни тарбиялаётган оналарни аниқлашдан бошлади. Мазкур тоифага кирадиган аёлларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва белгиланган имтиёз­лардан фойдаланишларини назорат қилиш, касб малакасини ошириш ёки қайта ўқитиш, ишга жойлаштириш, бўш вақтларини кўнгилли ўтказишларини ташкил этиш, ногиронликнинг олдини олиш, реабилитация, оиланинг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича турли тадбирлар ўтказиш асосий вазифа қилиб белгиланди.

Бу юмушларни қай даражада уддалаганини эса жамият аъзоларининг ҳикояларидан ҳам билиш мумкин.

Лайло ННТ тақдимномаси бў­йича ўқув курсларида таълим олиб, бухгалтерлик касбини эгаллади. Ҳозир у хусусий тадбиркорнинг ҳисоб-китоб иш­ларини юргизишга ёрдам бер­япти.

Фотима Мўмишева эса олий ўқув юртига имтиҳон топширганида ҳам, уни муваффақиятли тугаллаб, иш излаганида ҳам ННТнинг, ташкилот аъзоларининг ёрдамини доимо ҳис қилиб турганини таъкидлайди.

Баъзан бундай ёрдам шунчаки кўнгилли суҳбат, инсонни тушунишнинг ўзидангина иборат бўлиши ҳам мумкин.

Наталья бир нарсани мамнуният билан таъкидлайди: «Жамият ташкил этилган дастлабки вақтда аъзолар менга у керак, бу керак деган масалаларда моддий кўмак сўрашарди. Ўтган йиллар уларни ўзгартирди. Ҳозир мурожаатларнинг мавзуи бошқача: юритаётган ҳунармандчилигим учун хомашё тополмай турибман... Оилавий корхоналар ҳақидаги янгиликни эшитдим, имконияти чекланганлар учун имтиёзлар белгиланганми ёки хўжалик юритишнинг қайси шакли менга қулайроқ ва даромади кўпроқ бўлади? Мен бугун иш билан бир ташкилотга борган эдим, пандус йўқлиги учун ичкарига киролмадим, келинг, биргаликда шу муаммони кўтариб чиқайлик...»

Наталья кўнгилли сифатида иш бошлаган кезларидаги бир воқеани тез-тез эслайди. Байрам муносабати билан имконияти чекланган инсонлар учун тадбир ўтказишда ёрдам беришни сўраб, бир корхона раҳбарига мурожаат қилди. У киши байрам дастурхонига сарф бўладиган маблағни ажратишга ваъда берди. Охирида Натальяга қуйидагича маслаҳат ҳам берди:

— Тадбирга юзтами, икки юзтами одам чақирасиз, ош берасиз. Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Сиз шундай йўл тутингки, имкония­ти чекланган кишилар ўз кунларини ўзи кўриши учун ҳаракат қилсин. Излансин...

— Мамлакатимизда ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси учун жуда катта ишлар қилин­япти, бу борада мукаммал яратилган қонунларимиз мав­жуд, — дейди Наталья. — Фақат уларнинг жойлардаги ижроси борасида камчиликлар учраб туради.

Наталья биттагина мисол келтиради. Қибрай туман поликлиникасига аравача билан кира олмайсиз — пандус йўқ. Ваҳоланки, бу муассаса ногиронлар энг кўп мурожаат қиладиган жой.

— Баъзан муаммони ҳал қилишга бошқача ёндашиш ҳам мумкин, асосийси бизни, имконияти чекланган одамнинг аҳволини тушунишдир, — дейди Наталья.

У қизи Александра билан боғлиқ бир воқеани эслайди. Қизи болалигидан ногирон, ҳаракатланишида нуқсонлар бор. Аммо жуда тириш­қоқ, киришимли. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида ўқияпти. Наталья қизи ўқишга киргач, декан ўринбосари қабулига борди. Аравачада эканини эса ўқув даргоҳи олдига келгандагина маълум қилди.

— Нима учун буни олдинроқ айтмадингиз, овора бўлиб келишга ҳожат йўқ эди, масалани телефондаёқ ҳал қилардик, — деди у.

Ўқув масканида пандус бўлишига қарамай, у билан учрашиш учун пастга тушди.

Наталья фарзандининг ўқув хоналарига кўчганида, юқори қаватларга чиқиб тушганида қийналишини ўйлаб безовта бўлаётганини билдирди.

— Мен сизга умуман хонадан хонага кўчмай ўқийди, деб ваъда беролмайман, бу таълим сифатига таъсир қилиши мумкин. Аммо бир нарсани аниқ айтаман — қизингизнинг ўқиш жараёнларида ҳаракатланишида муаммо бўлмайди.

Декан ўринбосари ваъдасини бажарди. Александрага ­гуруҳдошлари ёрдам беради.

Яқинда «Опа-сингиллар» уюшмаси Германия халқ университетлари ассоциацияси фи­лиали билан ҳамкорликда имконияти чекланган инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказди. Унда имконияти чекланган кишилар давлат идоралари ходимлари билан юзма-юз гаплашди. Тадбир сўнгида сўз олган иштирокчилардан бири:

— Сизларга қойил қолдим. Баъзан қўл-оёғи бутун одамлар амалга оширолмайдиган ишларни қилаётган экансизлар...

— Бундай таърифнинг бўлганидан бўлмагани яхши эди, — дейди Наталья. — Лекин тақдирдошларимни энг кўп қийнайдиган нарса — бизга вой бечора, деб қарашларидир. Биз ҳам жамиятнинг барча аъзолари каби тенг ҳуқуқлимиз, давлат бунинг учун барча имкониятларни яратиб қўйибди. Ҳаёт тасдиғидан ўтган бир ҳақиқат бор. Тўғри, давлат ёрдам беради. Тўғри атрофдагилар ҳам қўллаб-қувватлайди. Аммо бахт­ли бўлишни, аввало, ўзинг хоҳлашинг ва ҳаракат қилишинг керак. Тақ­ди­ринг­ни, бахтингни ўзинг яратасан.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.