Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
20.04.2013

КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ

одил судловнинг самарали амалга оширилишига замин яратади

Ўзбекистон Республикасининг Консти­ту­циясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қим­мати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қад­рият сифатида эътироф этилган. Албат­та, ушбу меъёр ҳаётимизда тўлиқ ифодасини топишида одил судловни амалга ошириш ало­ҳи­да аҳамиятга эга. Зотан, мамлакатимиз суд тизимининг бош мақсади жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳақ-ҳуқуқ ва қонуний ман­фаат­лари­ни ҳимоя қилиш­дан иборатдир. Бунда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат мезонини кафолатлайдиган мустақил, фақат қонунга бўйсуниб фаолият кўрсатувчи суд идоралари муҳим роль ўйнайди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга асос бўлади. Чунки одил, ишончли суд тизимисиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаб бўлмайди. Самарали суд-ҳуқуқ тизими мамлакатда демократик қадриятларни ҳимоя қи­лиш, давлат ва унинг амалга ошираётган сиё­сатига комил ишонч учун ҳам керак. Бу борада, айниқса, суд идораларини етук, билимли ходимлар билан тўлдириш, маънан етук судья­ларни танлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатларга таъсири одам­­ларнинг иродаси, он­ги, демак, руҳияти орқали амалга оширилади. Худди шундай таъсирни судья­лар ўзларининг касбий-малакавий фаолияти орқали бажарадилар. Жамиятнинг фаол аъзоси сифатида инсон муайян қоидаларга бўйсунувчи хатти-ҳаракатни амалга оширади. Судья­ларнинг касбий-малакавий хулқ-атвори, энг аввало, уларнинг касбий-малакавий психологиясининг зоҳирий кўринишидир.

Судья­лик касбининг туб моҳияти аслида ҳуқу­қий хулқ-атвор психологияси ҳисобланади. Зеро, касбий-мала­кавий ҳуқуқий хулқ-атвори унинг маънавий-руҳий касбий қиёфаси ва фаолия­тига бевосита хос бўлган ахлоқий-ҳуқуқий ҳодисадир.

Судьянинг хулқ-атвори маънавий-ахлоқий маданият, шаън, бурч, адолат, мажбурият каби яна қатор категориялардан иборат. Унинг ахлоқий-руҳий мақоми одил судловни амалга ошириш ваколатидан келиб чиқади. Ҳар бир судья ўз ҳуқуқий хулқ-атвори тимсолида суд этикасининг ахлоқий-руҳий юксак нормаларини шакллантириш ҳам­да қўллаб-қувватлашда иштирок этишга мажбур.

Судьяларнинг ҳу­қуқий-руҳий хулқ-атвори замирида конституциявий нормалар ётади. Ушбуларнинг барчаси Бош қомусимизнинг 106,116-моддалари ва «Судлар тўғрисида»ги қо­нуннинг 60,76-моддалари, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуннинг 12,18-моддаларида қайд этилган. Мазкур нормалар барча судьялар зиммасига ўз хизмат вазифасини бажаришида, шунинг­дек, хизматдан таш­қари муносабатларда суд ҳокимиятининг обрўсини, судья шаънини камситувчи ёки суднинг холислиги, одиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан қочиш мажбуриятини юклайди.

Судьялар, аввало, Конс­титуция, шунингдек, бош­қа қонунчилик ҳужжатлари қатори умумқабул қи­лин­ган ахлоқий нормалар ва хулқ-атвор қоидаларига амал қилишлари шарт. Шундагина хизмат бурчи бошқа барча машғулотлардан устун туради, ўзгалар фикри таъсиридан холи бўлади. Бу унинг касбий бурчи баробарида касбий шарафи, демак, ахлоқий-руҳий мажбурияти ҳамдир.

Мажбурият судьяни ҳар қандай ҳаракатни чу­қур ўйлаб бажаришга, юз ­бе­риши мумкин бўлган оқи­бат­ларни аввалдан кў­ра билишга, ҳаракатлари Конс­­титуция ва ахлоқ нормаларига мос бўлишига, мав­қеидан шахсий мақсадларда фойдаланмасликка кў­ник­тиради.

Умуман, Конституцияга содиқлик, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, ахлоқан, маънан ҳамда руҳан масъул бўлиш судьянинг ахлоқ мезонларини белгилайди, одил судлов жараёнлари самарали ўт­казилишига замин яратади.

Юлдуз ИСМОИЛОВА,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси.



DB query error.
Please try later.