20.04.2013

НАВОИЙНИНГ ДЎСТЛАРИ

Алишер Навоий дўстликни ниҳоятда қадрлаган. Дўст, унинг наздида, биринчи навбатда суянчиқ, меҳрибон устоз, самимий маслаҳатчи ва жонкуяр ҳамдарддир.

Навоий асарларида содиқ  дўстлар ҳақидаги нақл ва ривоятлар, дўстликни улуғловчи ўринлар кўплаб учрайди. Уларда инсон инсонни яхши кўриши, уни ардоқлаши зарур деган ғоя илгари сурилади. «Кимки инсондур анинг маҳбу­би ҳам инсон керак» дейди Навоий бир ўринда.

Навоий дўстлик каби бебаҳо неъматни асраб-авайлашга чақиради. Унинг Абдураҳмон Жомий, Саййид Ҳасан Ардашер ва Паҳлавон Муҳаммадга бағишлаб ёзган асарлари шунчаки хотиралар мажмуи эмас, балки уларда дўстлик аталмиш олий қадриятнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, инсонларни уни қадрлашга даъват қилиш мақсади ётади.

Навоий ўз дўстлари ҳақида ёзганда уларни юксак эҳтиром билан васф этади. Абдураҳмон Жомий Навоийга устоз мақомида бўлган дўст эди. Унинг даҳоси қаршисида Навоий тиз чўкади. Уни тариқат элининг имоми, мужтаҳид олим, шайх ул-ислом дея улуғлайди. Уларнинг дўстлиги шу қадар буюк, мусаффо, самимий эдики, уни таърифлашга сўз ожиздир. Уларнинг яқинлиги шу даражада эдики, дунёқарашлари, фикр-мулоҳазалари, интилиш ва ўй-хаёллари бир хил бўлиб кетганди.

Навоий дўстларидан кўпдан кўп эзгу фазилатларни ўзлаштирди, ўз ҳаётида улардан ­ибрат олди. Навоийга устоз мақомидаги зотлардан яна бири Саййид Ҳасан Ардашердир. ­Навоий ўзининг «Ҳолоти Сай­йид Ҳасан Ардашер» асарида бу инсоннинг ибратли фазилатларига қайта-қайта тўхталади.

Маълумки, Саййид Ҳасан Навоийдан ёш жиҳатидан анча улуғ бўлган. У Бойсунғур Мирзонинг ўғиллари Алоуддавла, Султон Муҳаммад, Абулқосим Бобурлар бирин-кетин тахтга ўтирган йиллар ҳамиша уларнинг ҳамсуҳбати бўлган улуғ аллома эди.

У ўзининг оддийлиги, камсуқумлиги ва хушмуомалалиги билан катта-ю кичикнинг меҳрини қозонганди. Жуда кўп ёшлар суҳбат қуриш учун унинг уйига боришга иштиёқманд бўлганлар. Навоийнинг ёзишича, ҳар ким унинг уйига келар бўлса, «бизга лутф қилиб кулбамизга қадам ранжида қилсангиз, биз сизнинг хизматингизда бўлурмиз» деб катталарга қандай ҳурмат кўрсатса, ёшларга ҳам шундай муро­жаат қилар экан.

Саййид Ҳасан шундай инсон эдики, дейди Навоий, ипак билан намат ўртасида тафовут кўрмайдиган даражада нафсини маҳкам жиловлаган эди. Ҳар қанча изтироб юзланмасин, сабр билан енгарди, дей­ди. Саййид Ҳасан Ардашер ­Навоийни фарзандим деб алқашини шоир фахр билан таъкидлайди.

Саййид Ҳасан Ардашер мансабпарастликни ниҳоятда қоралаган. У айтади: «Мансабпарастлик мастлик кабидир. Аммо у чоғир мастлигидан фарқ қилади.Чоғир ичиб маст бўлган киши қилган иши ва сўзини назорат қила олмайди. Оқибатда одамларга озор бериши, нотўғри хатти-ҳаракатлар қилиб қўйиши мумкин. Сархуш бўлгандан кейин ўз ишидан пушаймон қилади. Аммо бундай сархушлик бир кун давом этади. Мансаб ­мастлиги эса токи инсон мансабдор экан давом этади. Инсон мансабда бўлгач, ўзини идора қилса яхши, аммо оёғи ердан узилиб, нафсга берилса, кўп хатоликлар қилади».

Маълумки, Навоий улуғ мансабларни эгаллаганда ҳам ҳамиша давлат ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган. Ўз вазифасини ҳалол бажарган. Саййид Ҳасан Ардашер айтар экан: «тошқозон ва лаъл тош ҳар иккаласи тошдир. Тошқозонда лаззатли таомлар пиширилади ва ундан одамларга наф бордир. Лаъл эса қимматбаҳо бўлгани билан ундан одамларга фақат зарар етади. Агар халқ­қа манфаати бўлмаса, ундай қимматбаҳо тошдан не наф».

Саййид Ҳасаннинг ўгитлари Навоий учун ҳаётий сабоқ бўлганига шубҳа йўқ.

Паҳлавон Муҳаммад Навоийнинг ёшлигидан бирга ўсиб улғайган дўстларидан биридир. Навоий уни қирқ йиллик қадрдоним, «маҳрами сирри ниҳоний» дейди.

Бундан чиқадики, уларнинг ўртасида яширин сир бўлмаган. Паҳлавон Муҳаммад ўзи курашларда кураги ерга тегмаган машҳур паҳлавон бўлиш билан бирга, мусиқа илмида замонасининг машҳурларидан, тиббиёт, шеърият, фалсафани чуқур тушунган. Хотираси жуда ўткир, яхшигина ­Қуръон ҳофизи бўлган.

Паҳлавон Муҳаммад ­Навоийни жуда эъзозлаган. Ҳамиша ҳамдард бўлиш, яхши-ёмон кунларида ёнида бўлишга ҳаракат қилган. ­Навоий қайд этишича, ­йигитлик айёмида давр ва замон балолари бошига ёғилиб, Машҳадга борганда оғир хасталикка чалинади. Табиб уни муолажага буюради. Бу ишни паҳлавон ўз зиммасига олади.

Шундай муолажа пайтида Паҳлавон Навоийнинг чўнтагида қоғоз борлигини кўриб қолади. Аста олиб қараса, янги ёзилган етти байтли ғазал экан. Ёнига қўйиб дарҳол ёдлаб олади. Сўнг билинтирмай шоирнинг чўнтагига қайтадан солиб қўяди.

Муолажадан сўнг ўртада суҳбат бошланади. Паҳлавон дейди: Сен ўз шеърларинг билан анча маш­ҳур бўлиб қолдинг, шеър фарқ­лашга тажрибанг етади, айт­чи, туркигўй шоирларнинг қайси бирини афзал биласан, деса Навоий Лутфийни кўрсатади. Паҳлавон эътироз билдириб, нега Сайид ­Насимий турганда Лутфийни маъқул кўрасан, дейди. ­Навоий Насимий ботиний маънодаги шеър­лар ёзади, сенинг сўрашингдан мақсад зоҳирий маънодаги ёзувчи шоир эмасмиди, дейди.

Паҳлавон Насимийнинг шеър­лари ботиний бўлса ҳам, зоҳирий талқин қилиш мумкин дея, мана бу шеърини эшит дейди ва Навоийнинг янги ёзилган шеърини ўқиб беради. Навоий ҳайрон бўлади ва чўнтагига қўлини солиб кўрса, қоғоз турибди. Бу шеърни қачондан бери биласан, деса Паҳлавон 12 йил олдин Абул­қосим Бобурнинг бир ўтиришида шу шеър ўқилганди, менга ёқиб қолиб ёдлаб олгандим, дейди. Навоий баттар таажжубланди.

Паҳлавон эрталаб келганда, Навоий яна ўша шеър ҳақида сўз очиб, ҳақиқатан ҳам ўша пайтда шу шеърни эшитганми-йўқми, билишга қизиқаверибди. Шунда Паҳлавон ўша пайтларда мен билан бирга бўлган бошқа полвонлар ҳам ўша шеърни ёдлаб олгандилар, деб ўзи билан олиб келган 3-4 курашчидан ҳам ўша шеърни ўқиб беришларини сўрабди. Улар ҳам унинг фикрини маъқуллаб, ғазални бирин-кетин ўқиб беришибди. Навоий ғоятда ажабланибди. Хуллас, маълум бўлишича, Паҳлавон ўша шеър­­ни бошқа курашчиларга ҳам ёд олдириб келган экан.

Паҳлавон Муҳаммад дўстининг руҳан эзилаётганини кўриб, унинг бироз чалғиши, дардини унутиши учун шу усулни ўйлаб топганлигини Навоий ўзига хос миннатдорлик ва завқ билан эслайди.

Дўст садоқати, вафоси, мушфиқу ҳамдамлиги инсонга оғир қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишда ёрдам берувчи улкан қувват. Навоий ана шундай манбани дўсти Паҳлавон Муҳаммадда кўради.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.