18.04.2013

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ

қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қиладиган янги механизмдир

Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Президентимиз Ислом Каримов «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Қонун қабул қилиш ғоясини илгари сурган эди. Бундан кўзланган асосий вазифалар фуқароларнинг ахборот олиш учун конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат ҳокимияти ва башқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдалана олишларини таъминлаш, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш процедураларини белгилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини янада кучайтиришдан иборатдир.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар олиш мақсадида лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилди. Шу мақсадда қатор тадбирлар, хусусан, халқаро конференция, семинар ва давра суҳбати ташкил этилди. Уларда қўплаб хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан экспертлар, олим ва мутахассислар, юқори тажрибали журналистлар фаол иштирок этди. Кенг муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича 100 га яқин таклиф ва мулоҳаза олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 20 мартдаги Фармойишига мувофиқ, 2013 йил давомида мазкур қонун лойиҳасининг синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

Ушбу ҳуқуқий тажриба, унинг қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштиришдаги аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқова билан суҳбатлашдик.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотлар чуқурлашгани сари қонун ижодкорлиги тизими ҳам тобора такомиллашиб бормоқда, — дейди Дилбар Холиқова. — Ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта қонунлар қабул қилинишидан фуқаролар ҳам, жамият ҳам, давлат ҳам манфаатдордир. Бугун қўлланилаётган қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент — мутлақо янги тажриба  нафақат қонун ижодкорлиги жараёнини янги босқичга кўтаришга, балки халқ, давлат ва жамият манфаатларини бирдек ифода этадиган, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда тараққиётимизни янада тезлаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимизнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги Фармойишида мазкур экспериментни амалга ошириш тартиби белгилаб берилди.

Ҳуқуқий эксперимент қонун ижодкорлигининг замонавий ва самарали усулларидан бири эканини яна бир бор алоҳида таъкидлаш жоиз. Умуман олганда, мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашда қонун ижодкорлигининг кўплаб усул ва шаклларидан фойдаланилди. Хусусан, қонунчиликдаги меъёрларни атрофлича таҳлилдан ўтказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ 10 дан ортиқ қонун ва 40 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат хатловдан ўтказилди. Йигирмадан ортиқ мамлакатнинг сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик тажрибаси чуқур ўрганилди.

Қонун ижодкорлиги назария­си ва амалиётини кучайтиришга тизимли ёндашув миллий ҳуқуқий тажрибани янги метод ва усуллар билан бойитиш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақидаги Фармойиши миллий қонун ижодкорлигида илгари тажрибада кўрилмаган янги йўналишни бошлаб бермоқда.

Бу чуқур ўйланмаган, реал ҳаётдан узоқ бўлган меъёрлар қонунларга кириб қолишининг олдини олиш, давлат, жамият ва фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳар томонлама ҳисобга олинган, мукаммал қонунлар яратилишига хизмат қиладиган механизм­ни яратмоқда. Фармойишга мувофиқ, қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий экс­перимент Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ўтказилади.

Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, улар фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлган оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти инс­титутлари, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқий эксперимент иштирокчилари ҳисобланади. Мазкур эксперимент улар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва такомиллаштиришга шароит яратиб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш муддатлари ва тартиби ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Жорий йил март-апрель ойлари давомида экспери­ментни ўтказишга тайёргарлик ишлари олиб борилади. Яъни экспериментнинг ташкилий-ҳуқуқий базаси тайёрланади ҳамда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг қонун лойиҳаси нормаларида белгиланган очиқлик тартибида фаолият кўрсатишига доир регламентлари такомиллаштирилади, жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари мазкур экспериментнинг вазифалари, мақсади, тартиби ва бошланиши ҳақида хабардор этилади.

Май-ноябрь ойлари давомида экспериментнинг асосий қисми амалга оширилади. Декабрь ойида ҳуқуқий эксперимент натижалари умумлаштирилади, таҳлил этилади ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича асосли тавсиялар ишлаб чиқилади.

«Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳасининг давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳоли (ахборотдан фойдаланувчилар) кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган қоидалари самарадорлигини аниқлаш, бу қоидаларга амалий жиҳатдан ишлов бериш ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, қонун ло­йиҳасининг қоидаларини, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи меъёрларни такомиллаштириш, уларни амал­га оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнига ҳуқуқий эксперимент усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш талаб этилади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси меъёрлари амалга оширилишининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими барқарор фаолият юритишига, бу соҳада ахборот ҳавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири оқибатларини баҳолаш ҳам ҳуқуқий экс­периментни амалга ошириш жараёнидаги вазифалардан биридир.

Қонун лойиҳаси синови жараёнида унинг 9-моддасида давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имконини таъминлаш бўйича назарда тутилган меъёрлар амалга татбиқ қилинади.

Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиши (эълон қилиши), ушбу ахборотни веб-сайтда жойлаштириши ва мунтазам янгилаши, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўладиган хоналар ва жойларда жойлаштириши, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиши зарур. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ вакилларининг давлат ҳокимияти органларининг коллегиал органларида иштирок этишларини таъминлаши, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари асосида оғзаки ва ёзма шаклларда ахборотни тақдим этиши керак.

Хусусан, қонун лойиҳасининг 11-моддасида назарда тутилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтларида жойлаштириши ҳамда янгилаб бориши билан боғлиқ меъёрни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Ҳуқуқий эксперимент демократик тамо­йиллар асосида ўтишини таъминловчи воситалардан яна бири, бу — аҳоли, жамоат­чилик, фуқаролик жамияти институтларини экспериментнинг вазифалари, мақсадлари, тартиби ва бориши ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб боришдир.

Шу мақсадда журналистлар томонидан эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг раҳбарларига бевосита саволлар йўллаш, ишчи-комиссия аъзолари, эксперт­лар ва бошқаларнинг тезкор равишда ахборот соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиши имкониятини берувчи махсус интернет сайт ташкил этилади.

Фармойишда, шунингдек, қонун лойиҳасининг 15-16-моддаларида кўзда тутилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборотдан фойдаланувчилар сўровига кўра, ўз фаолияти ҳақидаги ахборотларни тақдим этиш муддатлари ва кафолатлари таъминланиши ўз ифодасини топган.

Қонун ижодкорлиги жараёнига кириб келаётган янги тажрибани самарали амалга ошириш мақсадида яна қандай тадбирлар режалаштирилган?

— Ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаси синови билан боғлиқ қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар режалаштирилган.

Мазкур тадбирлар доирасида давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ахборот хизматлари фаолиятини таҳлил қи­лиш, расмий веб-сайтларни ахборотлар билан мунтазам тўлдириб бориш масалалари юзасидан социологик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган.

Бундан ташқари, қонун ло­йиҳаси меъёрлари синовининг бориши жараёнларини муҳокама қилиш мақсадида хорижий мутахассис ва экспертлар иштирокида халқаро конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда турли семинарлар ташкил қилинади.

Буларнинг барчаси қонун лойиҳаси бўйича ҳаётий таклифлар ишлаб чиқилишига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фуқароларнинг конституция­вий ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни мус­таҳкам­ла­ниши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоялар ҳаётга босқичма-босқич, изчил татбиқ этилишига мустаҳкам замин яратади.

«Ўзбекистон овози» мухбири Тўлқин ТЎРАХОНОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.