18.04.2013

ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ЕЧИМИ

депутатлар фаоллигига боғлиқ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг IX пленумида электорат манфаатига оид ижтимоий масалаларни ҳал этишда депутатлик корпусининг иштирокини янада кучайти­ришга алоҳида эътибор қаратилди. Пленум вилоят марказида эмас, Хонқа шаҳарчасида ўтказилгани ҳам ноодатий ҳодиса эди. Шу боис иштирокчилар Хонқа туман партия кенгаши фаолияти, тажрибаси билан бевосита танишиш имконига эга бўлди. Анжуман узун­дан узоқ маъруза тинглашдан эмас, кун тартибига ки­ри­тилган масалаларнинг тўғридан-тўғри муҳока­масидан бошланди.

Аҳмаджон Ваисов, Хонқа туман партия кенгаши раиси:

— Партиянинг кучи унинг қуйи бўғинидир. Туманимизда партиямизнинг 60 та бошланғич ташкилоти бўлса, унинг 16 таси ҳудудий мақомга эга. Биз аҳоли билан мулоқотда асосан уларнинг имкониятларидан фойдаланаяпмиз. Тажриба шуни кўрсатаяптики, бошланғич ташкилотлар ташкилий ишларда қўллаб-қувватлаб, ҳаракатга ундаб турмаса, депутатлик гуруҳи фаолиятининг самараси ҳам кўнгилдагидек бўлмайди.

Дарҳақиқат, Хонқа туман партия ташкилоти айнан БПТ­нинг фаоллиги билан намунали ҳисобланади. Янгиариқ туман партия ташкилоти эса партиядан сайланган депутатлар жонкуярлиги туфайли бош­қа туманларга ўрнак. Ўтган йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш масаласи депутатларимиз ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритилди. Қарор ижросини таъминлаш мақ­садида ҳар бир касб-ҳунар коллежига бир депутат бириктирилди. Бу эса номига уч томонлама шартномалар тузишдек баъзи иллатларга маълум маънода чек қўйди. Бугина эмас. Партиямиздан сайланган депутатлар хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Нафақат ўз сайлов округлари, балки бошқа ҳудудларда ҳам шу масалани доимий ўрганиш, электорат манфаатларини ҳимоялашга ҳаракат қилмоқда. Пленумда шу каби тажрибаларни бош­қа туманларда ҳам амалда жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Шарофат Бобоева, халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутати:

— Депутатлик гуруҳимиз аъзолари йил бошидан тегишли ҳудудларда хонадонларга бирма-бир кириб чиқдик. Мақсадимиз вақтинча ишсиз бўлганларни аниқлаш эди. Бўш ўтирган аёлларнинг имконларини ҳисобга олиб, туман ҳокимлигига уларнинг манзилли рўйхатини тақдим қилдик, касаначилик, оилавий тадбиркорликка йўналтириш борасида ўз таклифларимизни ҳам ўртага ташладик.

Оддий бир мисол: Шаҳло Султонова исм­ли аёл яхшигина тўқувчи экан. Икки нафар фарзанди бор. Турли буюмлар тўқиб, рўзғор ўтказар экан. Ёш хотин-қизларни касбга йўналтириш учун биз унга тўқувчилик тўгараги очишда кўмаклашдик. Ҳозирда қирқ нафар қизга ўз ҳунарини ўргатяпти. Яқин истиқболда туманда тўқимачилик корхонаси барпо этиш режалаштирилган. Шу боис ҳокимлик моҳир тўқувчи аёлга икки юз нафар қизга ҳунар ўргатиш бўйича буюртма берди. Қизлар келгусида тўқувчилик корхонасида ишлашади.

Демак, биз одамларга янада яқин бўлишимиз керак. Партиямиз электоратини ташвишга солаётган муаммоларни қанчалик яхши билсак, ҳис қилсак ва улар­ни амалга ошириш учун курашсак, партиямизнинг дастурий мақсадлари албатта, амалга ошади.

Пленумда алоҳида таъкидландики, Обод турмуш йилидаги устувор йўналишлардан келиб чиқадиган бош вазифа бу аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш орқали манзилли ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширишга кўмаклашишдир. Бу мақсадга эришиш янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган дастурлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада чуқурлаштиришни талаб қилади. Негаки, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда сохта шартномалар тузиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Масалан, Шовот туманида бир муқобил машина трактор парки 51 нафар битирувчини ишга қабул қилиш ҳақида шартнома тузган. Ваҳоланки, мазкур ташкилотда бор-йўғи 30 одам ишлайди. Ёки коллежни битирган қизни «ғишт қуювчи» сифатида касаначилик асосида «ишга қабул қилиш» ҳолатини қандай баҳолаш мумкин? ЎзХДП фаоллари битирувчиларни иш билан таъминлашга бундай муносабат билан асло келишиб бўлмаслигини таъкидлашди.

Ҳакимбой Ҳудойназаров, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати:

— Коллеж битирувчиси билан тузилган уч томонлама шартнома қай даражада ҳаққоний? Шунчаки номига тузилганми ёки ҳақиқатдан ҳам амалда ишлайдими? Бу масалаларни ҳар бир битирувчи мисолида чуқур ўрганиш, ёшлар тақдири, эртанги кунига бефарқ қарамаслик зарур. Уч томонлама шартномадан манфаатдор томон – бу аввало коллеж битирувчиси. Мазкур масалани жойларда ўрганиш жараёнида айрим битирувчилар ҳатто шартнома билан таниш эмаслиги маълум бўлди. Бундай сохта, юзаки шартномалар туфайли касб ўрганган ёш эртага кўчада қолмайдими?

Шундай экан, битирувчилар манфаатини ҳимоя қилиб, ҳаққоний, амалий шартномалар тузилишини назорат қилиш дастурий мақсадларимизга тўла мос келади. Бу иш эса ҳар бир партия фаоли ва депутатнинг кундалик вазифасига айланиши керак!

Пленумда вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари ­Раимберган Собуров кун тартибидаги масалалар ҳақида тўхталиб, ўртага ташланган таклифларни амалга ошириш учун барча бирдек жон куйдириб ишлаши зарурлигини таъкидлади. Пленумда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.