Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.04.2013

Нафиса МЎМИНОВА: ЎЗБЕК ҚИЗЛАРИДАН БИРИНЧИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БИЗНИНГ ОИЛАМИЗДАН ЧИҚАДИ...

Халқаро шоҳмот федерацияси Нафиса Мўминовага халқаро гроссмейстер унвони берилганини эълон қилди. Ўзбек қизлари ораси­дан биринчи бўлиб бундай юксак унвонга эришган шоҳ­мотчига Президентимизнинг махсус совғаси топ­­­ширилди.

Нафиса Мўминова 1990 йилда Фар­ғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Қумбосди қишлоғида туғилган. Дастлаб шу ердаги 45-мактабнинг 9-синфини, кейин маиший-хизмат касб-ҳунар коллежини тугатган. Ҳозир Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг 3-курс талабаси.

Нафиса 2002 йилда 12 ёшгача қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2007 йилда жаҳон чемпионатининг минтақавий саралаш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаб, ўзбек хотин-қизларидан биринчи бўлиб энг кучли 64 шоҳмотчи иштирок этган жаҳон чемпионатида дона сурди.

2008 йилда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди. 2010 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан жой олди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида  юртдошларимиз Ольга Собирова, Юлдуз Ҳамроқулова, Нодира Нодиржонова билан бирга кумуш медални қўлга киритди. 2011 йили Тошкентда ўтказилган 1-Марказий Осиё кубоги ва 2012 йили «Тошкент опен» халқаро турнирида хотин-қизлар ўртасида ғолиб бўлди.

— Мен оилада тўнғич фарзандман, — дейди Нафиса. Дадам Алишер Мўминов гарчи расмий мусобақаларда иштирок этмаган бўлса-да, жуда кучли шоҳмотчи ва шоҳмот назариётчиси. Уч ёшимда шоҳмот доналарини юриш қоидаларини ўргатган. Тўрт ёшимда эса дадам билан шоҳмот ўйнардик. Мендан кейин икки синглим — Ҳулкар ва Гулруҳбегим дунёга келган. Тез орада улар ҳам сафимизга қўшилди. Биз уйда оилавий турнирлар ўтказиб турамиз.

— Биринчи бор қачон расмий мусобақаларда иштирок этгансиз?

— Дастлаб дадам мени Қўқондаги шоҳмот мактабига олиб борди. У ерда мураббий Анвар Алиевдан сабоқ олдим. Тинмай машқ қилардим. 1999 йилда 9 ёшимда Тошкент­да ўтган Азмиддин Хўжаев халқаро хотира турнирида қатнашдим. Ўшанда болалар ўртасида учинчи ўринни олдим. Балки ўша мусобақа менинг тақдиримни буткул шоҳмот билан боғлаган бўлса керак.

Бундай дейишимнинг сабаби, ўша пайтда мусиқа билан, аниқроғи, пианино билан қаттиқ шуғулланардим. Куй сеҳри қалбимни эгаллаб олганди. Пианино клавишларини босганимда тараладиган оҳанглар мени бошқа оламларга олиб кетарди. Умуман, ҳаётим санъат билан боғлиқ кечган. Ке­йинроқ рақсга қизиқдим... Шунинг учун ҳам мен улардан бирини танлашим, ҳаётимни унга бағишлашим керак эди. Мен ўшанда шоҳмотни танладим.

— Кейин эса ғалабалар, шоҳсупалар...

— Йўқ-йўқ. Булар ўз-ўзидан бўлган эмас. Тинимсиз изланиш, меҳнат ва меҳнат. Мен масъулият деган тушунчани англашга ҳаракат қилдим. Дадам билан мен ке­ча-кундуз дебютлар устида бош қотирардик. Биргина пиёданинг биринчи юриши ортидан ғоялар чексизлиги келиб чиқарди. Ҳозир ҳам шундай. Мураббийим Антон Филиппов билан машғулотга киришсак, вақт қандай ўтганини билмай қоламиз.

— Дарвоқе, кун тартибингиз қандай?

— Ҳар куни соат 12 дан 18 гача шоҳмот машғулоти. Соат 19 дан 20 гача аэробика билан шуғулланаман. Ҳафтада бир кун, албатта театрга бораман. Биласизми, театр саҳнасида баъзида ўзимни кўраман. Саҳна воқеликларига берилиб кетиб, шу ҳолатда мен қандай йўл тутар эдим, деган саволга жавоб ахтараман.  Севган машғулотларимдан яна бири китоб мутолаа қилиш. Ҳозирги кунда япон ёзувчиси Исикава Такубоку асарларини ўқияпман. Ундаги фалсафий қарашларни англашга ҳаракат қилаяпман. Яна Габриэл Гарсия Маркес ижоди мени ром этади. Ўзбек шеъриятига ҳам жуда қизиқаман.

Сингилларим Ҳулкар ва Гулруҳбегим билан шоҳмот ўйнаб катта бўлганмиз. Имконият туғилиши билан уларга ҳам вақт ажратаман. Шоҳмот, санъат, адабиёт ҳақида кўпроқ гаплашамиз...  

Ҳулкар ва Гулруҳбегим ­Тоҳиржоновалар ҳам опаси изидан бориб, шоҳмотни танлаган. Ҳулкар қатор турнирлар ғолиби ва совриндори бўлса, Гулруҳбегим 2011 йилда Бразилияда ўтган 12 ёшгача қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган.

— Сиз қайси аёл шоҳмотчиларга ҳавас қиласиз?

— Нона Гаприндашвили, Майя Чибурданидзе нафақат узоқ йиллар шоҳмот тожини ўзида сақлаб тургани билан, балки чин инсоний фазилатлари билан ҳам тарихда қолганлар. Ўзим болгариялик жаҳон чемпиони Антуанета Стефанова ва аслида хитойлик, лекин Қатар номидан ўйнайдиган яна бир жаҳон чемпиони Жу Чен билан шахсан танишман.

— Келгуси режаларингиз қандай?

— Шу йил дунёнинг энг кучли аёл шоҳмотчилари ўртасида икки йил давом этадиган 6 босқичли Гран при мусобақаси бошланади. Бутун фикру хаёлим шу турнирга қаратилган. Чунки унинг ғолиби аёллар ўртасида ҳозирги жаҳон чемпиони, украиналик Анна Ушенина билан шоҳмот тожи учун курашиш ҳуқу­қини қўлга киритади. Шу Гран прида муваффақиятли қатнашиш учун тайёргарлик кўряпман.

Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлаш учун шоҳмотда юксак натижаларга эришишим керак. Биламан, ҳозир Хитой, Ҳиндистон, Украина каби кўплаб давлатларда ёш иқтидорли шоҳмотчи қизлар воя­га етишяпти. Уларга қарши жаҳон чемпионлиги учун кураш осон бўлмайди. Лекин мен ҳам бу курашда ёлғиз эмасман. Юрт­бошимизнинг ғамхўрлигини ҳар дақиқа ҳис этиб тураман.

Биз опа-сингилларнинг мақсадимиз битта — ўзбек қизларидан биринчи халқаро гроссмейстер бизнинг оиламиздан чиқдими, ўзбек қизларидан биринчи жаҳон чемпиони ҳам бизнинг оиламиздан чиқади!

Муҳаммаджон Обидов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.