Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.04.2013

Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шиао Жаонинг нутқи

Президент Ислом Каримов Жаноби Олийлари!

Конференция иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Аввало, Ўзбекистонга яна бир бор келиш ва ушбу нуфузли халқаро конференцияда иштирок этиш имкониятига эга бўлганимдан ғоят мамнунман.

Дунёдаги барча давлат барқарор ва мутаносиб иқтисодий ривожланишга эришиш йўлини изламоқда. Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича давлат стратегиясининг амалга оширилиши жаҳондаги мавжуд иқтисодий ўзгарувчанликка қарамай, юксак самараларга эришиш имконини бермоқда. Ўзбекистон жаҳон иқтисодий инқирози шароитида иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини сақлаб келаётган дунёдаги саноқли давлатлардан биридир. Мамлакат йиллик ўсиш суръатлари бўйича жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Президент Ислом Каримовнинг ўтган йил якунларига бағишланган маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг жадал ва барқарор ривожланиши аҳоли жон бошига реал даромадни 8 баравар ошириш имконини берди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиш соҳасидаги салмоқли ютуқларини ва мамлакат фаровонлиги йил сайин ошиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Мен, фурсатдан фойдаланиб, Президент Ислом Каримовни ана шу улкан ютуқлар билан самимий табриклайман. Ўзбекистон иқтисодиётни оқилона бошқариш ва макроиқтисодий асосни мустаҳкамлаш орқали барча мамлакатларга хос муаммоларни муваффақиятли ҳал этган ҳолда тараққиёт йўлидан изчил қадамлар билан бормоқда. Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлардан биридир. Шу боис Ўзбекистон 2020 йилга бориб ўртачадан юқори даромадга эга давлатга айланишдек ўзининг эзгу мақсадига эришиши мумкин. Мамлакат олдида турган навбатдаги вазифалар ривожланишнинг юқори суръатларини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг ижтимоий аҳволини янада яхшилашдан иборатдир.

Ўзбекистонни ривожлантириш давлат стратегияси, 2012-2015 йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш стратегиясида қайд этилганидек, салмоқли инвестициялар ва тузилмавий ислоҳотлар воситасида ушбу мақсадларга эришишга йўналтирилган.

ОТБнинг Ўзбекистонга оид стратегияси Ўзбекистонни комплекс ривожлантириш ва иқтисодиёти саноатлашган ҳамда диверсификация қилинган замонавий давлатга айлантириш бўйича миллий стратегияси асосида ишлаб чиқилган.

Яхлит ривожланишга эришиш ҳамда қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовутни қисқартириш мақсадида ОТБ қишлоқда энергетика, транспорт, сув таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Президент Ислом Каримов томонидан амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида бизнинг стратегик ҳамкорлигимиз хусусий секторни ривожлантиришга, самарали бошқарувни рағбатлантиришга ҳамда техник билим ва хизматлар кўрсатишга қаратилган.

Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Буни инвестицияларнинг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган 47 лойиҳа мисолида ҳам кўриш мумкин. Бунда ОТБ томонидан молиялаштириш миқдори 3,5 миллиард долларга тенг бўлиб, лойиҳалар қийматининг қарийб ярмини ташкил этади. ОТБ Ўзбекистоннинг энергетика, йўл инфратузилмаси, молиявий секторини модернизация қилиш ва янгилаш билан боғлиқ муҳим лойиҳаларда, шунингдек, мамлакатнинг саноат салоҳиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаётганидан фахрланади.

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилда амалга оширила бошланган уй-жой қурилиши дастури миллий ривожланиш стратегиясининг, айни пайтда ОТБ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлик стратегиясининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ушбу дастур Ўзбекистон билан ОТБ ўртасида жадал ривожланаётган ҳамкорликка яққол мисол бўла олади. Дастур доирасидаги биринчи лойиҳа 8,5 минг қишлоқ оиласига турмуш шароитини яхшилаш имкониятини берди. Айни пайтда 850 пудратчига кўмак кўрсатилиб, бутун мамлакат бўйича қишлоқ аҳолиси учун 100 минг иш ўрни яратилди.

Ҳар бир қишлоқ массивида чакана савдо ва хизмат кўрсатишни ташкил қилиш учун жойлар ажратилган. Электр, газ ва сув билан ишончли таъминлаш орқали касаначиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. Бош режа асосида атроф-муҳит учун мақбул янги қурилиш технологиялари ва материалларидан фойдаланиб барпо этилган замонавий уй-жойлар қурилиш саноатини ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда ўзбек тадбиркорлари ва мазкур соҳалар учун қўшимча имкониятлар яратади. Ушбу имкониятлар ҳукуматнинг қишлоқ тадбиркорлари учун кредитлаш ва молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг амалдаги ифодасидир.

Бундай инновацион ва ноёб дастур доирасидаги ҳамкорлик ОТБ тарихида илк бор амалга оширилмоқда. Қатор янги ёндашувлар ва ечимлар давлат инвестицияларининг, шунингдек, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича янги механизмларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бунга қуйидаги илғор механизмлар киради: ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари имкониятларини кенгайтириш; пудратчилар – кичик бизнес субъектлари учун тендер савдоларини ўтказиш бўйича содда ва тушунарли қоидаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, савдоларни ўтказиш самарадорлигини ошириш. Бу турдаги илк дастурнинг амалга оширилиши ўзбек ёшларига миллий ривожланиш дастурида фаол иштирок этиш, касб кўникмаларини ривожлантириш ва дастурнинг кафолатланган ютуқларига ўз ҳиссасини қўшиш имконини беради.

2011 йилнинг сентябрида ОТБ қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кўп йиллик инвестиция дастурини тасдиқлади. Қишлоқни комплекс ривожлантириш бўйича уй-жой дастури уч принципиал вазифани ўз ичига олади:

биринчидан, 2015 йилгача бўлган даврда қишлоқ аҳолисига 50000 ипотека кредитлари ажратилишини қўллаб-қувватлаш;

иккинчидан, маҳаллий бошқарув органларининг қишлоқ жойларини ривожлантириш борасидаги имкониятларини кенгайтириш;

учинчидан, қишлоқ жойларига инвестиция киритилишини рағбатлантириш ва кичик бизнес ривожига кўмаклашиш.

Дастур аҳолини янги ва замонавий уй-жой, яхшиланган инфратузилма ва ижтимоий хизматлар, ипотека кредитлари билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатади. Айни пайтда у маҳаллий қурилиш секторини ривожлантиришга кўмаклашади, шифокорлар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгалари учун қишлоқ жойларининг жозибадорлигини ошириш, шунингдек, бу жараёнда янги иш ўринлари яратилишига ўз ҳиссасини қўшади.

Янги уй-жойлар замонавий дизайн ва қулайликларга эга, электр ва сув билан таъминланган. Янги уйлар қишлоқ жойларида юқори уй-жой стандартларини ўзида акс эттиради, оилалар, айниқса, хотин-қизлар учун юксак даражадаги қулайликлар ва шарт-шароитларни таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, янги уй-жойлар қишлоқлар кўркига кўрк қўшади. Болалар боғчаси, мактаблар ва врачлик пунктлари бевосита яқин атрофда жойлашгани ҳам аҳоли учун катта қулайликлар яратади. Шунингдек, кичик бизнес субъектлари яқин атрофда ташкил этилади. Янги уйлар билан бир вақтда коммунал инфратузилма ҳам барпо этилмоқда. Транспорт ва бошқа жамоат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари пухта ўйланган.

Бундай замонавий шароит қишлоқларда оилавий ҳаётнинг янги мезонларини белгилаш имконини беради. Шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, дастур мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида қишлоқ аҳолиси манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Дастурда, шунингдек, ўртача даромади унчалик юқори бўлмаган оилаларга ҳам узоқ муддатли ипотека кредити бериш кўзда тутилган. Ёш оилалар, нотўкис оила; серфарзанд оилалар; шунингдек, имконияти чекланган шахслар яшайдиган оилалар – буларнинг барчаси дастурда иштирок этади.

Сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган ўқитувчилар ва шифокорлар, айни пайтда иш жойларини ташкил этадиган тадбиркорлар ҳам дастурнинг мақсадли иштирокчилари сирасига киради.

Қишлоқ жойларида уй-жой қуриш дастури катта самара беради: ҳар йили қарийб 1000 қишлоқ пудратчисига бизнес учун имкониятлар яратилади, 100 мингга яқин иш ўринлари ташкил этилади.

Янги қишлоқ массивларида кичик бизнесни ривожлантириш янада рағбатлантирилади, умуман, қишлоқ жойларида очиладиган иш ўринларининг 50 фоиздан ортиғи ана шу массивлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар бир янги қишлоқ массиви чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига эга бўлади. Электр қуввати, газ ва сув билан таъминланган ҳар бир янги хонадонда касаначиликни ташкил этиш учун янги имкониятлар очилади. Ҳар йили кичик бизнес ва касаначиликка оид 3 мингга яқин субъект, шунингдек, 15 мингтагача иш ўринлари ташкил қилиниши мумкин.

Режалаштирилаётган янги массивлар, уйларнинг замонавий қиёфаси, янги қурилиш технологиялари ва материаллари, шунингдек, экологик жиҳатдан оқилона қурилиш ечимлари қурилиш секторини ривожлантиришга кўмаклашади ҳамда тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Ушбу дастурнинг самарадорлиги тобора ошмоқда. Энг яхши халқаро стандартлар асосида “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ғоят долзарб аҳамиятга эга. Ушбу дастурни тўлиқ қўллаб-қувватлаётган ОТБ яқинда Ўзбекистонда электрон ҳукумат стратегиясини жорий этишни қўллаб-қувватлашга техник кўмаклашиш дастурини тасдиқлади. Бу йўналишдаги фаолият қишлоқда уй-жой қурилиши дастурининг истиқболда ҳам самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Келажакни назарда тутган ҳолда, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ОТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги мутаносиб тараққиётга эришиш йўлида иқтисодиётни изчил диверсификация қилишни давом эттириш имконини беради. ОТБ Ўзбекистон билан қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилади:

энергетикани ривожлантириш, жумладан, арзон нархдаги электр қуввати билан таъминлаш учун қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш;

сув таъминоти, канализация ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларини яхшилаш;

қишлоқ хўжалиги самарадорлигини яхшилаш ва фермер хўжаликлари даромадларини ошириш мақсадида ирригация тизимларини тиклаш;

бозорларга чиқиш имкониятларини ошириш учун автомобиль ва темир йўллар қуриш ва кенгайтириш;

микро ва макро бизнес учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш.

Биз Ўзбекистон раҳбарияти билан ҳамкорликда, ривожланишнинг устувор йўналишлари бўйича, жумладан, мамлакат саноатини модернизациялаш дастури бўйича, шунингдек, қишлоқ билан шаҳар аҳолиси даромадлари ўртасидаги тафовутни қисқартириш бўйича иш олиб бормоқдамиз.

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишни, шунингдек, узоқ муддатли истиқболда одамлар фаровонлигини оширишни таъминлашга хизмат қилади.

Бу эса Ўзбекистоннинг барқарор ва мувозанатланган ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлиб, мамлакатнинг юксак даромадли давлатлар қаторидан жой олишида муҳим аҳамият касб этади.

ОТБ Ўзбекистон билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир. Биз бундан буён ҳам иқтисодиётни диверсификация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш масалаларида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Мен самимий меҳмондўстлик ва ушбу муҳим халқаро анжуман юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон Президентига алоҳида миннатдорлик изҳор этмоқчиман.



DB query error.
Please try later.