18.04.2013

Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Алининг нутқи

Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийлари!

Конференция иштирокчилари,

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун ушбу конференцияда маъруза қилиш ва бу ерда тўпланган ҳурматли олимлар, сиёсатчилар, мутахассисларга банкимизга аъзо мамлакатлар ва ҳамжамиятлар учун муҳим аҳамиятга эга ва келажакка дахлдор мавзу юзасидан мурожаат қилиш менга катта мамнуният бағишлайди.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи номидан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқига самимий қабул ва меҳмондўстлик, жаҳонга ўзининг бой тарихи билан машҳур ушбу гўзал шаҳар – Тошкентда ҳаётий муҳим мавзуда мазкур конференцияни ташкил этгани учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсизлар.

Биз Ўзбекистон раҳбариятининг қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиёт масалаларига бағишланган ушбу халқаро форумни ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлаймиз.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига мазкур тадбирни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик изҳор этмоқчиман. Халқаро ва миллий ташкилотлар, хусусий сектор ва илмий доираларнинг ушбу муҳим анжуманга катта қизиқиш билдирганидан хурсандман.

Ушбу халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти, унинг тараққиёт йўлидаги халқаро ва миллий ҳамкорларининг қишлоқ жойларини модернизация қилиш, қишлоқ аҳолиси ҳаёт даражасини яхшилаш, иқтисодий ривожланиш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга оид мақсадларни рўёбга чиқаришга интилишининг ёрқин далилидир.

Анжуман натижалари қишлоқ ҳудудларини тубдан ўзгартириш ва ривожлантиришни режалаштираётган ёки бундай эзгу ишларни бошлашга киришаётган, бу борада Ўзбекистоннинг муваффақиятли тажрибасидан фойдаланиши мумкин бўлган бошқа мамлакатлар учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан Ислом тараққиёт банки гуруҳи номидан Ўзбекистон ҳукуматига Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга ошираётган улкан саъй-ҳаракатлари – қишлоқни ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорлар билан биргаликда самарали ташаббусларни рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ишлари учун миннатдорлик билдиришни истардим.

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича ушбу ташаббуслар минглаб қишлоқ оилаларини замонавий, қулай, нисбатан арзон уй-жойлар билан таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, тегишли тармоқ ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларининг янада ривожланишини рағбатлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва пировард натижада қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш орқали уларнинг турмуш шароитини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ташаббуси – бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг муҳим, ҳал қилувчи қисмидир ва моҳиятига кўра, иқтисодий ислоҳотларнинг “ўзбек модели” самарадорлиги ва изчиллигининг амалдаги яна бир тасдиғидир. Ушбу модель макроиқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлаш билан бир қаторда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, мувозанатли иқтисодий тараққиётга эришиш мақсадларини ўзида мужассам этган.

Қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ташаббуси ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, мамлакат иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастурлар билан мутаносиб равишда амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш зарур. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг мувозанатли иқтисодий тараққиёт йўлини танлаганидан далолатдир.

Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ёшлардан иборат бўлиб, унинг учдан бир қисмини 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этади. Бундан ташқари, аҳолининг қарийб ярми қишлоқ жойларида яшайди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг умумий ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун қишлоқни модернизация қилиш ва ривожлантириш нечоғли муҳим вазифа эканлигини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти буни чуқур ҳис этган ҳолда, қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган дастурларга катта миқдорда инвестициялар йўналтирмоқда. Шу муносабат билан 2009 йилда махсус давлат банки ташкил этилгани ва унинг қишлоқни, жумладан, қишлоқ уй-жойлари ва инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари учун имтиёзли молиялашдан фойдаланишни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлашни истардим. Ушбу ташаббуслар самарасида қишлоқ туманларида аҳоли турмуш даражаси янада юксала бошлади.

Президент Жаноби Олийлари!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкига 2003 йил сентябрда аъзо бўлган. Ўтган вақт мобайнида Ислом тараққиёт банки гуруҳи молия институтлари томонидан мамлакатга йўналтирилган маблағларнинг умумий қиймати бир миллиард доллардан, лойиҳалари сони ўттиз саккизтадан ошди. Ўтган йилнинг ўзида банк ва Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 227,7 миллион долларлик учта лойиҳа бўйича битим ҳамда институционал ривожланиш грантини имзолади. Ислом тараққиёт банки гуруҳининг фаолияти изчил ва ранг-баранг бўлиб, қишлоқ туманларини, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришни ўз ичига олади.

Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки гуруҳи умумий фаолиятининг узвий қисми сифатида янги лизинг компаниясини ташкил этди. Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси яқинда Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тақсимлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Мазкур лойиҳа мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги бизнес-лойиҳаларни, хусусан, қишлоқ ҳудудларида амалга оширишни кўпайтиришга хизмат қилиши лозим.

Яқин йиллар ичида Ўзбекистон ҳукумати билан самарали ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашни режалаштирмоқдамиз. Жорий йилда банкимиз қатор муҳим лойиҳалар, чунончи, бир қанча гидроэлектрстанцияларни модернизациялаш, кўплаб ирригация ва дренаж каналларини реконструкция қилиш, Ўзбекистон миллий авиакомпанияси ҳаво кемалари паркини модернизациялаш лойиҳаларини молиялаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишни мўлжалламоқда.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи муваффақиятли тажрибамизга асосланган ҳолда, гуруҳнинг Ўзбекистондаги бўлғуси операциялари учун стратегик концепцияни ишлаб чиқиш бўйича мулоқот бошлашни режалаштирмоқда. Бу жараён “Аъзо мамлакатлар учун шериклик стратегияси” деб аталади.

Бу эса Ислом тараққиёт банки гуруҳининг ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Негаки, мазкур концепция манфаатдор томонлар маслаҳатлашувлари билан боғлиқдир. Ушбу халқаро конференция натижалари бу борада муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Зеро, ундан стратегик мулоқот давомида фойдаланишимиз мумкин. Қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш ва қишлоқ аҳолиси фаровонлигини янада оширишда жойлардаги эҳтиёжларга эътибор қаратиш Ислом тараққиёт банки гуруҳи томонидан Ўзбекистон учун ишлаб чиқилаётган шериклик стратегиясининг муҳим жиҳатларидандир.

Қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш ёшлар бандлигини таъминлашга ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини юксалтиришга кўмаклашаётган кичик бизнес тараққиётига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаш зарур.

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Қишлоқ туманлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаб келаётган асосий йўналишлардан бири бўлиб, бугунги кунда банк томонидан маъқулланган лойиҳалар умумий ҳажмининг 18 фоизини ташкил қилишини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда амалга ошираётган операцияларнинг катта қисми транспорт ва энергетика тармоғи билан бирга қишлоқ туманлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш сектори ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу қишлоқ туманларини модернизация қилиш ва ривожлантириш банкимиз фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан эканини кўрсатади. Биз қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва иқтисодий имкониятларини оширишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиз, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти билан яқин ҳамкорликда қишлоқ жойларида ижтимоий ҳамда иқтисодий инфратузилмани модернизация қилиш бўйича эришаётган ютуқларимиз билан фахрланамиз. Қишлоқ туманларида инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга қўшимча равишда банкимиз қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини яхшилашда муҳим ўрин тутадиган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни ҳам молиялаштирмоқда. Таълимга оид лойиҳаларда чекка қишлоқ туманларида 28 мактаб (айни пайтда уларнинг ўн бештаси фаолият кўрсатмоқда) ва беш касб-ҳунар коллежини қуриш кўзда тутилган.

Ислом тараққиёт банки соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган тез тиббий ёрдам клиникаларини жиҳозлаш учун янги тиббиёт асбоб-ускуналарини сотиб олишни молиялаштиришга, мамлакат ҳудудларида аҳоли учун тегишли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшди. Онкология хизматини жиҳозлаш лойиҳаси Ислом тараққиёт банкининг яқинда тасдиқланган янги лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида мамлакатдаги 15 ихтисослаштирилган марказ жиҳозланади. Шундай қилиб, юқорида қайд этилган барча лойиҳа Ўзбекистон Республикаси қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини барқарор оширишга бевосита ёки билвосита хизмат қилади.

Ислом тараққиёт банки бундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ жойларида инсон салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги таҳсинга лойиқ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайверади. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон иқтисодиётини янада жадал ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийлари раҳнамолигида қишлоқ ҳудудларининг салоҳияти ва ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Ўзбекистонда қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш дастурини қўллаб-қувватлашимиз 2013 йилда ишлаб чиқилиши ниҳоясига етказиладиган Ўзбекистон билан шериклик стратегиясида ўз ифодасини топади. Ислом тараққиёт банкининг мамлакат тараққиётига қаратилган лойиҳаларида, жумладан, қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш ташаббусларида иштирок этиши Ўзбекистон учун Ислом тараққиёт банки шериклик стратегияси бўйича истиқболдаги мулоқотнинг асосий йўналишларини ташкил этади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Сўзимнинг якунида марҳаматли Аллоҳдан қишлоқ туманларини ривожлантиришга оид саъй-ҳаракатларимиз самарали, мазкур анжуман эса муваффақиятли бўлишини сўрайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.



DB query error.
Please try later.