18.04.2013

Мамлакатимиз буюк келажагининг мустаҳкам асоси

Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 17 апрель куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН), ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Испания, Италия, Ҳиндистон, Россия каби олтмишдан зиёд мамлакатдан 300 дан ортиқ олим, мутахассис ва эксперт иштирок этди.

Конференция Ўзбекистонда қишлоқ жойларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва унинг даромадларини оширишнинг устувор йўналиши ҳамда муҳим шарти сифатида белгиланган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ аҳоли пунктларини обод этиш ва якка тартибдаги замонавий уй-жой қурилишига доир дастурлар ижроси натижаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, халқаро ҳамжамият ва хорижлик экспертларни мамлакатимизда ушбу соҳада эришилаётган ютуқлар билан кенг таништиришга бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида муқаддас ва гўзал Ватанимизни ҳар томонлама обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдек олий мақсад йўлида амалга оширилаётган беқиёс ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Эл-юрт ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларнинг бош мақсади этиб белгилангани, халқимиз ўртасида “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган чуқур мазмунли ҳикмат тобора кенг тарқалиб, одамларимиз ўз уйи, ўз юртини гўзал ва обод қилиб, шундан ўзи мамнун бўлиб яшаётгани шаҳар ва қишлоқларимизнинг бугунги тароватида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги пайдо бўлган ҳамда янги аср қишлоқлари деб юритилаётган кўркам ва чиройли, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз ва барака ҳукмрон аҳоли манзиллари мана шундай олижаноб мақсадларимизнинг амалдаги ифодаси, юртимизни дунёга танитишнинг муҳим омили бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”нинг ўзига хос жиҳатларидан бири қишлоқларимизни изчил ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга устувор аҳамият берилаётганидадир. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, барчамизнинг илдизимиз, томиримиз авваламбор қишлоқ заминига бориб тақалади. Она Ватан деган улуғ ва муқаддас тушунча одамзот учун қишлоқ тимсолидан бошланади. Шу боис ҳам қишлоқларимизни ривожлантирмасдан мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаб бўлмайди.

Яқин ўтмишимизга назар ташлайдиган бўлсак, бу ҳақиқатнинг моҳияти охиригача тушуниб етилмаганига, қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, бу ерда яшовчи одамлар турмуш даражасини яхшилашга юзаки қаралганига гувоҳ бўламиз. Бундай шароитда қишлоқ аҳолисида ўз турмуш даражасини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, қишлоқларни обод қилиш имкониятлари чекланиши табиий эди. Шу тариқа ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича қишлоқ билан шаҳар ўртасида катта тафовутлар юзага келган.

Мустақилликка эришганимиздан кейин Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсати изчил амалга оширила бошланди. Қишлоқлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, бандликка доир ва бошқа қатор давлат дастурлари қабул қилиниб, қишлоқларда замонавий уй-жойлар, тиббиёт, таълим ва спорт объектлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этишга катта маблағлар йўналтирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2009 йилнинг мамлакатимизда “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”, деб эълон қилиниши ва “Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади”, деган эзгу ғояни ўзида ифода этган махсус Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ва изчиллик билан ҳаётга жорий қилинаётгани бу соҳада янги даврни бошлаб берди. Мазкур дастурга биноан қишлоқ аҳолиси ҳаётининг сифатини янада яхшилаш мақсадида қишлоқларимизнинг архитектура нуқтаи назаридан режалаштирилишини ташкил этиш, уларда уй-жой ва ижтимоий объектлар қурилишини лойиҳалаштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтиришга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" лойиҳа-тадқиқот институти ташкил этилди. Мазкур институт томонидан қишлоқ жойларида барпо этиладиган уй-жойлар, ижтимоий иншоотлар, маиший хизмат кўрсатиш объектларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. 2009 йилнинг сентябрь ойида ва 2010 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган кўргазмаларда бу лойиҳалар кенг жамоатчиликка намойиш этилди, улар атрофлича муҳокамалардан ўтказилиб янада такомиллаштирилди.

Қурилишда кўзланган мақсадга етишишнинг асосий омиллари орасида ҳал қилувчи ўрин тутадигани бу – лойиҳа экани маълум. Шу маънода Президентимизнинг замонавий уй-жойларнинг намунавий лойиҳаларини яратиш ва уларни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз мамлакатимиз вилоятларига ташрифи чоғида дастлаб қурилган уйлар билан бевосита танишиб, уларнинг афзал жиҳатларини эътироф этган ҳолда, ушбу лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан ўзининг амалий таклиф ва тавсияларини билдирди. Бу муҳим масала Юртбошимиз раҳбарлигида бир неча бор муҳокама қилиниб, намунавий лойиҳалар ҳар томонлама синчиклаб таҳлил қилинди. 2010 йил 17 июнда Президентимизнинг “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳаларига жиддий ўзгартириш ва тузатишлар киритилди. Жумладан, қишлоқ жойларида ҳар бир иморат қурувчига 4 сотих ўрнига 6 сотих ҳажмида ер участкаси ажратиш белгиланди.

Бугунги кунда юртимизнинг барча минтақасида танлаб олинган намунавий лойиҳалар асосида уч, тўрт ва беш хонали уй-жойлар шарқона усулда, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, ҳудудларнинг табиий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун ҳолда, баҳаво, ёруғ, кенг ва қулай қилиб бунёд этилмоқда. Янги уй-жойлар лойиҳаларида сиртдан қараганда арзимасдек туюладиган, лекин кундалик ҳаётимизда катта аҳамиятга эга барча жиҳат, инсоннинг энг нозик эҳтиёжлари ҳам ҳисобга олинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 30 март куни имзоланган қарори асосида тузилган "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик-тижорат банки қишлоқларимиз қиёфасини замонавийлаштириш, уларнинг кўркига кўрк қўшиш, қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитини яхшилаш йўлидаги ишларни маблағ билан таъминлаш, бу соҳада узоқ муддатли имтиёзли кредитлашни амалга ошириш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Президентимизнинг 2009 йил 3 августда имзоланган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан уй-жой шароитини яхшилаш ниятида бўлган фуқароларга катта имтиёз ва қулайликлар яратилди, тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида қурилиш ишларини тез ва сифатли амалга ошириш механизмлари шакллантирилди. Мазкур қарорга мувофиқ, “Қишлоқ қурилиш банк”нинг “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компанияси ташкил этилди. Қишлоқда якка тартибдаги уй-жойлар ва ижтимоий объектларни тайёр ҳолда топшириш шарти асосида фаолият олиб борадиган, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўз бўлимига эга бўлган мазкур компания намунавий лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар томонлама пухта ўйланган бу ноёб тизим халқимиз орзу ва ниятларининг рўёбга чиқиши, кўркам, шинам, инсон ҳаёти учун зарур барча шароит муҳайё этилган замонавий уйларга эга бўлишида кенг имкониятларни яратаётир. Бугунги кунда янги уйга эга бўлишни истаган қишлоқ аҳолиси уй қурилишида фақат ўз маблағи билан иштирок этади, холос. Яъни, дастлаб намунавий лойиҳа асосидаги уй нархининг 25 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлайди ва сўнг қурилиш жараёнини назорат қилиб боради. Қурилиш сарф-харажатларининг аксарият қисми аҳолига “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан бериладиган узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади. Янги уй-жойларни барпо этишни молиялаштиришни ташкил этиш ва қурилишининг бориши устидан техник назорат ўрнатиш, банк томонидан берилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш асосида намунавий лойиҳалар бўйича қурилган уй-жойларни аҳолига топшириш ҳам “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компанияси зиммасига юклатилган.

Мана шундай тизим асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2009-2012 йилларда 23,6 минг замонавий уй-жой барпо этилди. 2013 йил – Обод турмуш йилида бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш белгиланган бўлиб, 10 мингта уй-жойни барпо этиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Шу мақсадда йил охиригача 1 триллион 400 миллиард сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтирилади.

Бундай кенг кўламдаги эзгу ва хайрли ишларни иқтисодиёти жадал ривожланаётган, инсон, унинг манфаатлари олий қадрият ҳисобланган мамлакатдагина амалга ошириш мумкин. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари бўйича дунёдаги энг жадал ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олиб келмоқда. Жаҳон иқтисодиётида ҳамон сақланиб қолаётган жиддий муаммоларга қарамасдан, 2012 йилда Ўзбекистонда иқтисодиётни барқарор суръатлар билан ривожлантириш изчил давом эттирилди, ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга ўсди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, замонавий уй-жойлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари асосида бунёд этилмоқда. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзметкомбинат” акциядорлик бирлашмаси, “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган цемент, металлопрокат, пишиқ ғишт, иситиш жиҳозлари, ойна сингари қурилиш материаллари қурувчиларга имтиёзли нархларда ўз вақтида етказиб берилмоқда. Биргина цементни оладиган бўлсак, 2012 йили бунёдкорлик ишлари учун 410 минг тоннадан ортиқ ана шундай маҳсулот етказиб берилган.

Мамлакатимизда авж олган кенг кўламдаги қурилиш ишлари, табиийки, қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширмоқда. Жойларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхоналар ишга туширилаётгани бу эҳтиёжни таъминлашга хизмат қилаётир. Юртимизда маҳаллий хомашёдан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми тобора кенгаймоқда. Ҳозир мамлакатимизда йилига 3 миллиард дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга 800 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Янги лойиҳа бўйича қурилаётган уй-жойлар учун йилига 450 миллион дона атрофида пишиқ ғишт ишлатилмоқда.

Қурилиш ишларида қўлланилаётган материалларнинг сифати доимий назоратга олинган. Уй-жойлар қурилишида экологик жиҳатдан тоза, узоқ муддатли, самарали, энергияни тежайдиган қурилиш материалларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, боғловчи маҳсулотлар, яъни цемент, оҳак, гипс билан бир қаторда қурилиш қоришмаларидан ҳам самарали фойдаланилаётир. Бугун юртимизда ана шундай қоришмалар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони қирқдан ошди. Муҳандислик коммуникациялари учун илгари фойдаланиб келинган металл қувурлар ўрнини замонавий полимерлардан тайёрлангани эгаллаган бўлса, девор ва шифтлар учун пластик панеллар, хоналарни иситишда чўян ва алюминийли радиаторлар ишлатилмоқда. Томлар эса металл черепицалар билан ёпилаётир. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан етказиб берилмоқда.

Умуман олганда, тармоқ корхоналари кейинги йилларда ўттиздан ортиқ турдаги янги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Бугунги кунда атиги икки хил материал – тахта ва томлар черепицаси учун металл листларигина импорт қилинади. Айни пайтда корхоналарнинг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда. Агар 1995 йилда фақат цемент ва шиша буюмлар экспорт қилинган бўлса, ҳозир хорижга сотилаётган маҳсулотларнинг тури ўттиздан ошди. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси корхоналарида бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. “Бекободцемент” акциядорлик жамиятида янги линия ишга туширилди. Натижада мамлакатимизда цемент ишлаб чиқариш ҳажми яна 1 миллион тоннага ошиб, бу ерда қарийб 100 янги иш ўрни яратилди. Жиззах вилоятида йилига 350 минг тонна оқ цемент, 750 минг тонна портландцемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича сармоявий лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Фарғона шаҳрида сопол плиткалар, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида йилига 2,1 миллион квадрат метр бўлган керамик плиткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Санитар-техник сопол буюмлар, керамагранит маҳсулотлари, керамик плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳалари юзасидан ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қишлоқ массивларида уй-жойлар билан бир қаторда болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, маҳалла марказлари, савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш объектлари бош режа асосида комплекс тарзда қурилмоқда. Давлат маблағлари ҳисобидан ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, коммунал инфратузилма тармоқлари ва объектларини қуриш ишлари тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Қишлоқда уй-жой бинолари ва ижтимоий инфратузилмалар қурилишини жадал ривожлантириш дастури аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш билан боғлиқ долзарб масалани ҳал қилиш имконини ҳам бермоқда. Бугунги кунда якка тартибдаги уй-жойлар қурилишида ўн минглаб юртдошларимиз меҳнат қилмоқда. Янги аҳоли манзилларида замонавий ихчам корхоналар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхоналарда маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қишлоқ ёшлари коллежларда билим ва малака эгаллаб, ана шундай корхоналарда ишламоқда. Бундай изчил чора-тадбирлар глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирининг олдини олиш имконини бераётир. Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида кўплаб давлатларда мавжуд иш ўринлари ёпилиб, ишсизлик даражаси ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда 2012 йилда очилган бир миллиондан зиёд янги иш ўрнининг ярмидан ортиғи қишлоқ жойларида яратилганлиги дастурлар ижросининг муҳим натижаси бўлди.

Халқаро конференция иштирокчилари Симпозиумлар саройида ташкил этилган мустақиллик йилларида мамлакатимизда қишлоқ жойларида замонавий уй-жойлар қурилиши, ижтимоий, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида эришилган ютуқларга бағишланган кўргазма билан танишдилар. Шу мавзудаги видеофильм намойиш этилди.

Конференцияда Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Али, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шиао Жао Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳақли равишда фахрланса арзийдиган улкан тараққиёт ва ютуқларга эришаётганини таъкидлади. Буни қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жойлар қурилиши борасида изчиллик билан амалга оширилаётган ишлар бераётган юксак самаралар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Анжуманда сўзга чиққан БМТ Тараққиёт дастури раҳбарининг ўринбосари Жиҳан Султоноглу, Халқаро валюта жамғармаси вакили Вероника Бокалу, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси – АСЕАН Бош котибининг ўринбосари Алисия Дела Роса Бала, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Юань Ли, АҚШнинг “California Coalition for Rural Housing” компанияси ижрочи директори Роберт Винер, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICAнинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўлими директори Тетцуя Ямада ва бошқалар Ўзбекистонда мазкур соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар. Мамлакатимизда бу борада улкан ютуқларга эришилгани таъкидланди.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилоятларида бўлиб, янги массивларда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар, улардаги ижтимоий соҳа ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик объектлари билан танишган конференция иштирокчилари Ўзбекистонда ушбу соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдилар.

Конференцияда Ўзбекистоннинг замонавий уй-жой қурилиши орқали қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш борасидаги тажрибаси ўз самарадорлиги ҳамда қўйилган мақсадларга эришиш бўйича кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари секция мажлисларида қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, уй-жой қурилиши бўйича аҳоли учун яратилган шароит ва кафолатлар, уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қурилишига сармояларни жалб қилиш борасидаги имтиёз ва преференциялар, қишлоқда замонавий уй-жойлар барпо этилишининг қурилиш ва саноат корхоналарини жадал ривожлантиришга таъсири, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий эттириш, янги иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли даромадларини оширишдаги аҳамиятига оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Анжуманда халқаро конференция якуний ҳужжати қабул қилинди.

Олим Тўрақулов,

ЎзА, мухбири



DB query error.
Please try later.