Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
18.04.2013

Бундай авлод билан ҳақиқатан ҳам фахрланиш ва энг дадил истиқбол режаларини тузиш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли конференция иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Сиз, азиз меҳмонларимиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, АСЕАН, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда бошқа тузилмалар вакилларини, уй-жой қурилиши соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари ва етакчи мутахассисларни – бугунги конференциянинг барча қатнашчиларини қутлаш, ушбу форумда иштирок этаётганингиз учун ўзимнинг чуқур ҳурматим ва самимий миннатдорлигимни изҳор этиш менга катта мамнуният бағишлайди.

Уй-жой қурилиши соҳаси ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун улкан аҳамиятга эга экани, қурилиш билан боғлиқ кўплаб тармоқлар ва бутун мамлакат иқтисодиётининг мутаносиб ривожланиши ҳамда барқарор ўсиш суръатларини таъминлайдиган энг муҳим омил эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги конференция учун танланган қишлоқда уй-жой қурилишининг роли ҳақидаги мавзунинг долзарблиги тўғрисида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Эксперт марказларининг маълумотларига кўра, иқтисодий ривожланган давлатларда инвестициялар таркибида умумий сармоялар ҳажмининг 20 фоизидан 40 фоизигача бўлган улуши айнан уй-жой қурилиши соҳасига тўғри келаётгани албатта бежиз эмас.

Бугунги кунда уй-жой қурилиши ва иқтисодиётнинг мазкур соҳа билан боғлиқ тармоқларини ривожлантириш молия тизимини шакллантириш ва барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим бўғинларидан бири ҳамда банклар активлари ва ишончли ресурс базасининг мустаҳкам манбаи бўлиб қолмоқда.

Бу ҳолат жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётган ҳозирги шароитда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Кредит маблағлари билан етарлича таъминланаётганига қарамасдан, бу маблағлар якуний истеъмолчи, яъни иқтисодиётнинг реал секторига етиб бормаётгани глобал молиявий-иқтисодий инқироздан чиқишда жиддий тўсиқлардан бири экани сир эмас. Ҳолбуки, асосий захира валюталарини чиқарадиган эмитент мамлакатларда фоиз ставкалари даражаси ниҳоятда паст. Айрим ҳолларда бу ставкалар ноль қийматигача тушиб кетаётганига эса ишониш қийин.

Мухтасар айтганда, кредит ресурслари ҳажмининг етарлилиги кўплаб ҳолатлар, биринчи навбатда, 2008 йилда глобал молиявий-иқтисодий инқирозни юзага келтирган жиддий сабабларнинг бартараф этилмагани туфайли, афсуски, иқтисодиётни жонлантирадиган туртки ва омилга айлана олмаяпти.

Бундай шароитда уй-жой қурилиши ва у билан биргаликда ривожланадиган инфратузилма – коммунал ва ижтимоий сектор, транспорт ва коммуникация тармоқлари, замонавий қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларини ишлаб чиқариш капитал ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, энг мураккаб ва жиддий ижтимоий масалалардан бири – аҳоли бандлиги муаммосини ҳал этишнинг ғоят мақбул ва самарали соҳаси сифатида хизмат қила оладиган ҳамда хизмат қилиши лозим бўлган йўналишга айланмоқда.

Аксарият давлатларнинг тарихий тажрибаси шундан далолат берадики, уй-жой қурилиши ва инфратузилма соҳасини тараққиётнинг устувор йўналиши сифатида белгилаш миллий иқтисодиётни қайта тиклашнинг ҳал қилувчи воситаси бўлиб хизмат қилади. Масалан, Буюк депрессия деб аталган 1930- йиллардаги инқироз даврида АҚШда Президент Рузвельт якка тартибдаги уй-жой қурилишини кредит билан таъминлаш тизимини жорий қилди ва бу ислоҳот иқтисодий ўсишни тиклашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Ўз вақтида Германия, Буюк Британия, Скандинавия давлатлари ва бошқа мамлакатларда иқтисодиётни рағбатлантириш ҳамда қайта тиклаш мақсадида ана шундай дастурлар қабул қилинган.

Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Ўзбекистонда амалга оширилаётган модель – қишлоқда уй-жой қуришни комплекс амалга ошириш дастурининг мазмун-моҳиятини баён этишдан олдин мамлакатимизни иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ана шу энг муҳим соҳасида яқин-яқингача қандай муаммолар тўпланиб қолгани, ҳақиқий аҳвол қандай бўлгани ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Бу соҳанинг бош хусусияти шунда эдики, у деярли бошқарилмас, бошқача айтганда, ўзбошимчалик авж олган эди.

Бу аслида нимани англатар эди?

Қишлоқда уй-жойлар аҳоли пунктларини барпо этишда қўлланиши зарур бўлган бош режаларсиз қурилар, ҳудудларнинг ўзига хос табиий ва иқлим хусусиятлари, ўзбек оиласининг миллий анъаналарини ҳисобга олиб, пухта ишлаб чиқилган намунавий уй-жой лойиҳалари йўқ эди.

Ўзи ҳам буюртмачи, ҳам қурувчи бўлган қишлоқ аҳолисининг имкониятлари чеклангани, шунингдек, қурилиш материалларининг доимий танқислиги ҳамда қишлоқда ривожланган қурилиш саноати бўлмагани учун бу борадаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Бошқача айтганда, уй-жойлар қўлбола қурилиш материаллари – хом ғиштдан қурилар, хоналарига ёғочдан пол қилинмас, том ёпиш материали сифатида асосан асбест шиферлардан фойдаланилар эди.

Бош режасиз қурилган уй-жойларни коммунал қулайликлар билан таъминлаш, ичимлик суви тармоғига, электр энергияси ва газ тармоғига улаш борасида жиддий муаммолар пайдо бўлар эди.

Янги қурилган уй эгаларининг тиббиёт муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари, савдо шохобчалари, бозорлар, ҳовлисига олиб борадиган йўл, яъни оиланинг қулай шароитда яшаши учун зарур бўлган инфратузилма билан таъминланишда қандай муаммоларга дуч келгани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 50 фоизи, яъни 15 миллионга яқин одам қишлоқ жойларида истиқомат қилаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда ушбу соҳада ҳал қилишимиз лозим бўлган мураккаб вазифаларнинг кўлами ва миқёсини тасаввур этиш қийин эмас.

Бу борада шуни инобатга олиш керакки, Ўзбекистонда қишлоқ жойларида ҳар йили 150 мингдан ортиқ янги оила вужудга келмоқда, мустақил тараққиётимиз йилларида эса қишлоқларимизда 2 миллион 600 мингдан зиёд ёш оила пайдо бўлди ва улар ўз уйига эга бўлишга эҳтиёж сезмоқда. Шу муносабат билан ҳозирги кунда қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича узоқ йиллар мобайнида шаклланган ёндашувлар, усул ва амалиётни қайта кўриб чиқиш вақти келгани, буни ҳаётнинг ўзи илгари сураётгани янада яққол аён бўлмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурининг муҳим хусусиятлари, долзарблиги, унга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг принципиал хусусиятлари нималардан иборат?

Бу борада биринчи навбатда ҳал этиш лозим бўлган принципиал масалалардан бири – уй-жой қурилишининг қонунчилик, ҳуқуқий ва норматив базасини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда ислоҳ этишдан иборат эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги принципга асосланган ҳолда қабул қилинган Уй-жой ва Шаҳарсозлик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг «Ипотека тўғрисида»ги қонуни, бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатларда мулкдорнинг уй-жой ҳамда у барпо этилган ер участкасига муддатсиз эгалик қилиш ва уни мерос қилиб олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Қишлоқ аҳолисига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бир оилага 6 сотих ҳисобида умрбод мерос қилиб олиш ҳуқуқи билан бепул ажратилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу эса бизнинг ер ресурсларимиз чекланган шароитда ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир.

Тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, қишлоқ жойларида уй-жой массивларини қуриш ишлари якка тартибда уй-жой қурувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган ва маъқулланган намунавий лойиҳалар асосида, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари билан биргаликда барпо этилмоқда. Республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан автомобиль йўллари, ички коммуникация тармоқларини қуриш, сув, газ ва энергия таъминотини йўлга қўйиш албатта амалга оширилиши лозим бўлган муҳим шартлардандир.

Янги уй-жой массивларида яшайдиган аҳоли сони инобатга олиниб, мактаблар, болалар боғчалари, қишлоқ врачлик пунктлари, савдо шохобчалари ва спорт иншоотлари ҳам намунавий лойиҳалар асосида барпо этилмоқда.

Қишлоқларда уй-жой комплексларини қуришда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан бир қаторда янги турдаги сервис ва электрон хизматлар кўрсатиш объектларини барпо этиш ҳамда ишга тушириш ҳам алоҳида эътиборга лойиқ масалалардандир.

Бу билан мен нима демоқчиман?

Бу ўринда янги, замонавий уй-жойлар барпо этиш билан бирга қишлоқдаги уйлар, қишлоқдаги оилаларга энг замонавий компьютерлар, ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий телекоммуникация тизими, интернет кириб бораётгани ҳақида сўз бормоқда.

Энг асосийси, қишлоқ аҳолиси учун деярли янги бўлган бундай турдаги хизматлар одамлар эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, қишлоқ касб-ҳунар коллежларида таълим олган ва касб эгаллаган минглаб, ўн минглаб йигит-қизларни иш билан банд этиш имконини бермоқда.

Фарзандларимиз, униб-ўсиб келаётган ёш авлод учун бу қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини ўзингизга бир тасаввур қилинг. Буни сўз билан ифода этиб бўлмайди.

Шу ўринда якка тартибда уй-жой қурилишига кредит ажратиш механизмига эътибор қаратишни истардим. Қишлоқда яшайдиган одам уйнинг намунавий лойиҳасини танлаганидан сўнг дастлабки бадал сифатида уй қийматининг 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағини тўлайди. Унга қулай шартлар асосида узоқ муддатга – 15 йилга имтиёзли фоиз ставкаси бўйича – биринчи йил белгиланган фоизни тўламаслик шарти билан – 7 фоиз миқдоридаги ипотека кредити берилади. Бу Марказий банкнинг йиллик 12 фоиз миқдорида белгиланган қайта молиялаш ставкасидан анча пастдир.

Қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш учун яхлит институционал тузилма ташкил этилди.

Намунавий уй-жойларни лойиҳалаштириш, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига эга бўлган уй-жой массивларини комплекс қуриш режасини ишлаб чиқиш “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” ихтисослаштирилган лойиҳа-тадқиқот институти зиммасига юкланган. Шу билан бирга, мазкур институт қурилиш ишлари бажарилиши устидан муаллифлик назоратини ҳам амалга оширмоқда.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини кредит асосида молиялашни шу мақсадда ташкил этилган “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки амалга оширмоқда. Унинг низом жамғармаси бугунги кунда қарийб 130 миллион доллар миқдоридаги маблаққа тенгдир.

Мазкур банк ташкил этилганидан буён ўтган тўрт йил мобайнида қишлоқда 23,6 минг нафар якка тартибда уй-жой қурувчига қиймати 677 миллион доллардан зиёд ипотека кредитлари берилди.

Банк нафақат аҳоли, балки қишлоқда уй-жой ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этаётган қурилиш ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ қурилишида фойдаланиладиган замонавий материаллар ва конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳам кредит билан таъминламоқда.

Қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш дастурини амалга оширишда мамлакатимизнинг бошқа банклари – Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Ипотека банк” акциядорлик-тижорат банки ҳам фаол иштирок этмоқда.

Уй-жойларни намунавий лойиҳалар асосида тайёр ҳолда топшириш шарти билан қуриш борасидаги ҳамма ишлар “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси зиммасига юкланган. Ягона буюртмачи бўлган ушбу компания мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўз филиалларига эга бўлиб, у қишлоқ жойларида уй-жой массивларини сифатли қуриш бўйича ягона сиёсатни амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларида ташкил этилган 900 дан ортиқ янги ихтисослаштирилган пудратчи қурилиш ташкилотларида бугунги кунда 20 минг нафарга яқин қурувчи меҳнат қилмоқда, замонавий қурилиш материаллари, конструкциялар, ёғоч пол, дераза панжаралари, том ёпиш ва бошқа материаллар ишлаб чиқарадиган 60 дан зиёд корхона ташкил қилинди. Кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилди.

“Қишлоқ қурилиш банк” кредитлари ҳисобидан якка тартибда уй-жой қураётган қишлоқ аҳолиси ипотека кредитларини қайтариш ва уларнинг устама фоизларини қоплашга йўналтириладиган даромад солиқларини тўлашдан озод этилган. Бундан ташқари, улар сотиб олган уй-жойдаги мулк учун ипотека кредитини тўлиқ тўлагунга қадар солиқ тўлашдан озод этилди.

Қишлоқ жойларида уй-жой қуришда иштирок этаётган “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси, пудратчи ташкилотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган ихтисослаштирилган корхоналар барча турдаги солиқлар ҳамда мақсадли давлат фондларига мажбурий ажратмалар, шунингдек, олиб келинаётган қурилиш техникаси ва кичик механизация воситалари учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилган. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун қурилаётган уй-жойлар қийматини сезиларли равишда камайтириш имконини бермоқда. Бундай уй-жойларнинг бир квадрат метри шаҳардаги уй-жой қийматидан бугунги кунда ўртача 2 баробар пастдир.

Эътиборингизни яна бир масалага қаратмоқчиман. 2009-2012 йилларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш бўйича махсус дастурнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида 650 та янги қишлоқ уй-жой массиви барпо этилди, умумий майдони 3,2 миллион квадрат метр бўлган 23,6 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қурилди. Ушбу мақсадларга 1,2 миллиард доллардан зиёд миқдордаги инвестициялар йўналтирилди. Узунлиги 732 километр асфальтланган автомобиль йўллари, мингдан зиёд ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда қишлоқ аҳолисини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 75,8 фоизни, табиий газ билан таъминлаш даражаси эса 76,2 фоизни ташкил этмоқда.

Жорий йилда ҳам қишлоқ жойларида уй-жойларни кенг кўламда қуриш ишлари кўзда тутилган. 353 та қишлоқ массиви ҳудудида бошланган қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Уларда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта барча қулай шарт-шароитларга эга уй-жой қуриш кўзда тутилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 17,5 фоиз кўпдир. Айни пайтда узунлиги 300 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ва 280 километрдан зиёд электр тармоқлари ишга туширилади, қарийб 240 километрлик автомобиль йўллари қурилади, кенг кўламли ижтимоий ва бозор инфратузилмаси яратилади. Бу мақсадлар учун 2013 йилда салкам бир миллиард доллар миқдоридаги инвестиция йўналтирилади.

Қишлоқда қурилиш ҳажми ортиб бораётгани муносабати билан замонавий қурилиш саноати ривожланмоқда, янги иш ўринлари ташкил этилмоқда, аҳоли бандлиги таъминланиб, унинг даромади ва фаровонлиги тобора ошмоқда.

Биз учун айниқса янгича асосда мулкдорлар синфи шаклланаётгани, қишлоқларимиз қиёфаси кўз ўнгимизда тубдан ўзгариб бораётгани, одамларнинг маданияти юксалиб, уларнинг турмуш тарзи, онгу тафаккури ва менталитети ўзгараётгани беқиёс аҳамиятга эгадир.

Янги ва замонавий шароитларда вояга етаётган, эски тузумнинг барча асоратларидан холи бўлган, ўз келажагига қатъий ишонадиган, юксак билимли, мустақил фикрлайдиган, баркамол ўғил-қизлар ҳақли равишда бизнинг ғуруримиздир.

Бундай авлод билан ҳақиқатан ҳам фахрланиш ва энг дадил истиқбол режаларини тузиш мумкин.

Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш бўйича махсус дастурни амалга оширишда Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки каби кўплаб нуфузли халқаро молия институтлари ва ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардим. 2011 йилда Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши томонидан жами 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги “Ўзбекистонда қишлоқ жойларида уй-жойлар қуришни ривожлантириш” лойиҳасини кўп траншли молиялаш дастури маъқулланди. 2012 йилда дастлабки транш доирасида 160 миллион доллар ажратилган бўлса, жорий йилда ушбу маблағнинг 200 миллион долларлик иккинчи транши тақдим этилади.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу юксак минбардан туриб Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбариятига бизга мазкур стратегик муҳим вазифани амалга оширишда кўрсатаётган қимматли ёрдами учун чуқур миннатдорлигимизни изҳор этмоқчиман.

Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган қишлоқ жойларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш дастурини мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан демократик ўзгариш ва янгиланишлар жараёнларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг биз танлаб олган ижтимоий йўналтирилган демократик давлат барпо этиш йўлидан жадал илгарилаб бораётгани, пухта ўйланган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, туб ўзгаришларни тадрижий, босқичма-босқич жорий этиш стратегияси танлангани ва изчил амалга оширилаётгани шундай мустаҳкам ва ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқдаки, унинг негизида миллий иқтисодиётимиз барқарор ҳамда жадал ривожланмоқда, аҳоли даромадлари ва ҳаёт даражаси муттасил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори юксалмоқда, деб тўла ишонч билан айтишимиз мумкин.

Бу борада аниқ рақамларни келтирмоқчиман.

Глобал молиявий-иқтисодий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти дунёдаги саноқли давлатлар қатори юксак барқарор ўсиш суръатларига эришмоқда. Сўнгги 6 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш суръатлари 8 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Давлат бюджетининг барқарор профицит билан бажарилиши, олтин-валюта захирасининг етарлилиги таъминланмоқда. Ташқи қарз ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12 фоиздан ошмасдан, пастлигича қолмоқда.

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани унинг ўзига хос хусусияти бўлиб қолмоқда. Давлат сарф-харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларни молиялашга, жумладан, 34 фоизи таълим, 15 фоиздан ортиғи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилмоқда.

Банк тизими ҳам ишончли ва барқарор фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда банк капиталининг етарлилик даражаси 24 фоизни ташкил қилмоқда ва бу кўрсаткич дунёда умумий қабул қилинган халқаро стандартлардан 3 баробар кўпдир. 2012 йил якуни бўйича банк тизимининг ликвидлиги талаб этилган энг кам даражадан 2 баробар юқори бўлди.

Ҳар йили янги, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича юзлаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда 2000 йилга нисбатан инвестицияларнинг йиллик ўсиши 4 баробар ошди ва сўнгги йилларда ўртача камида 12 миллиард долларни ташкил этмоқда. Инвестиция маблағларининг қарийб 78 фоизи – шунга алоҳида эътибор беришингизни сўрардим – ички манбалар ҳисобидан шакллантирилмоқда, жумладан, инвестициялар умумий ҳажмининг 21 фоизини аҳоли омонатлари ташкил этмоқда.

2012 йилда жами инвестицияларнинг 22 фоиздан ортиғи ёки 2,5 миллиард доллардан кўпроғини хорижий инвестициялар ташкил этди. Уларнинг 80 фоизга яқини тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Бу, ўз навбатида, хорижлик инвесторларнинг Ўзбекистонга, мамлакатимизда бизнес учун яратилган шарт-шароитларга ишончи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Аҳолининг банклардаги омонатлари ҳажми ўтган 2012 йилда 35 фоизга, 2000 йилга нисбатан эса 60 баробар ошди.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ташкил этилди ва айни пайтда унинг капитали 15 миллиард долларга етди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон ўзи танлаган замонавий демократик ва иқтисодиёти ривожланган давлатлар қаторига кириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиб бериш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш йўлидан қатъий ишонч билан бораётганининг яна бир тасдиғидир.

Қадрли дўстлар!

Мазкур анжуман кун тартибига киритилган масалаларни тўлиқ муҳокама этиш, ушбу серқирра муаммонинг барча жиҳатини қамраб олиш имкони йўқлигини барчамиз яхши тушунамиз.

Қишлоқда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш бўйича ўз стратегиямизни шакллантиришда конференция қатнашчилари томонидан бошқа мамлакатларда бу борада тўпланган қимматли тажрибани эътиборга олган ҳолда билдириладиган тилак ва таклифларни эшитиш биз учун жуда фойдали ва муҳимдир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон барча халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, чет эл банклари ва компаниялари, олимлар ҳамда экспертлар билан ўз олдига қўйган мақсадни рўёбга чиқариш – қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада изчил ошириш, уларни ривожланган давлатлардаги стандартларга яқинлаштиришда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдордир.

Муҳтарам меҳмонлар ва халқаро конференция иштирокчилари, сизларнинг тимсолингизда, биз, аввало, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатни модернизация қилиш йўлида эришилаётган ютуқлардан чин дилдан манфаатдор бўлган инсонларни кўриб турибмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва самимий миннатдорлигимни яна бир бор изҳор этмоқчиман.

Конференциянинг барча қатнашчиларига анжуман иши самарали бўлишини, азиз меҳмонларимизнинг саховатли ўзбек заминига ташрифи мазмунли ўтишини ҳамда барчангизга мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.



DB query error.
Please try later.