16.04.2013

Ўзаро муносабатларни янги амалий мазмун билан янада бойитиш йўлида

Илгари хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 14-15 апрель кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларда олий даражадаги сиёсий мулоқотлар мунтазамлик касб этган. Ислом Каримов 2010 йилнинг апрель ойида расмий ташриф билан Россияда бўлди. 2012 йилнинг июнь ойида Владимир Путин расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Мазкур ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация ва бошқа бир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жорий йилнинг 5 апрелида ташриф билан Тошкент шаҳрида бўлди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида имзоланган қарийб 200 давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил этади. 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги асосий ҳужжатлар бўлиб, мазкур шартномаларда ҳарбий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ўзаро шерикликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Ушбу шартномаларда миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, терроризмга, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига ҳамда янги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш масалаларида яқин ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Президент Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифининг асосий тадбирлари 15 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият ривожи, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликнинг тарқалишига қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари давлатларимизнинг БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлиги масалаларини кўриб чиқдилар.

Кенгайтирилган таркибдаги муҳокамаларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорлик масалаларига қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон-Россия муносабатларининг мустаҳкам асосини ташкил этиши таъкидланди. 2012 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,6 фоиз ўсди ва 7,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги ўсиш 20 фоизга етди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қарийб 850 Россия-Ўзбекистон компанияси фаолият кўрсатмоқда, мамлакатимизда Россиянинг 100 дан ортиқ корхоналарининг ваколатхоналари рўйхатга олинган. Россияда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ компания фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик ёқилғи-энергетика соҳасида фаол ривожланмоқда, Россиянинг йирик нефть-газ компаниялари мамлакатимизда муваффақиятли ва самарали фаолият кўрсатмоқда.

Музокараларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш орқали сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, транспорт, транспорт коммуникациялари соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, ёқилғи-энергетика комплекси ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссияси фаолияти доирасида кўриб чиқилмоқда. 2012 йилнинг декабрида Тошкентда ушбу комиссиянинг 14- мажлиси бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида комиссия фаолияти ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм бўйича вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, фанлар академиялари, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашни кўзда тутувчи гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди.

Тошкентда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиаллари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Музокаралар якуни бўйича Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим, 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2013-2015 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик дастури имзоланди. Шунингдек, ташриф доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муассасалари, божхона ва солиқ хизматлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинди.

Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтгани, кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ҳамда фикрлари бир-бирига ўхшашлиги ва яқинлигини, имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг расмий ташрифи ниҳоясига етди. Ишчанлик муҳитида ўтган музокаралар, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Россия кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, муносабатларни янги амалий мазмун билан янада бойитиш йўлидан бораётганини таъкидлаш учун асос бўла олади.

Анвар БОБОЕВ,

ЎзА махсус мухбири

Тошкент — Москва — Тошкент.



DB query error.
Please try later.