16.04.2013

ПОЙТАХТНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИГА

муносиб ҳисса қўшиш учун партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳи фаолиятини янада кучайтириш лозим

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгашининг IX пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Мар­казий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, шаҳар партия кенгаши фаоллари, депутатлар, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари иштирок этди.

Пленумда шаҳар партия ташкилотининг 2012 йилдаги фаолияти таҳлил қилинди. Жорий йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия ташкилотларининг амалий иштирокини кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лишга қа­ратилган фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Учқун ШОЙИМҚУЛОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ўтган йили партиямиз Ҳаракат дастури асосида Олмазор ва Бектемир туманларида аҳолининг ижтимоий кў­макка муҳтож қисмига тиббий хизмат кўрсатиш сифати таҳлил этилди. Яккасарой, Учтепа ва Сергели туманларида эса таълим муассасалари бити­рув­­чилари учун иш ўринлари ташкил этиш борасидаги аҳвол кўриб чиқилди. Шу­нинг­дек, Чилонзор, Шайхонто­ҳур, Учтепа туманларида ҳудудий бандлик дастурларининг ижро этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Мазкур масалалар юзасидан ушбу ҳу­дудларда турли камчиликлар борлиги аниқланди. Муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳаларни ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, партия депутатлик гуруҳига тақ­дим этилди.

Депутатлик гуруҳимиз томонидан доимий комиссиялар  муҳокамаси учун «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастуридаги устувор вазифаларнинг ижроси, тўй маросимларини тартибга солиш, шаҳарнинг санитария эпидемиология ҳолатини яхшилаш ва ҳудудларда тозаликни сақлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш, коллежлар  битирувчиларини ишга жойлаштириш, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тарифларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик, соҳага оид муаммоларни бартараф этишга оид 56 та таклиф киритилган.

Халқ депутатлари шаҳар Кен­гашининг 18-сессияси кун тар­тибига «Шаҳарда 2012 йилнинг 1-чорагида янги иш ўрин­лари ташкил этиш ва аҳо­ли бандлигини таъминлаш дас­турини бажариш борасида олиб борилган ишлар тўғрисида»ги масала олиб чиқи­либ, муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси партиямиз электорати манфаатини таъминлашга қа­ратилган бўлсада, биз бу борада ҳали ўзимиз кутган натижага эриша олганимиз йўқ.

Пленумда, шунингдек, пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳи фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйилгани ҳам очиқ тан олинди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ҳудудий ривожланиш дастурларига муқобил таклифлар ки­ритиш, партия Сайловолди дастуридан келиб чиқадиган ижтимоий масалалар юзасидан назорат-таҳлил ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Жасур ҚУЛМУҲАММЕДОВ, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Тошкент шаҳрида 79 та касб-ҳунар коллежи бор. Ҳар бир битирувчининг иш жойини олдиндан белгилаш, ўқувчиларнинг амалиётини бўлажак иш жойида ўташини ташкил этиш борасида самарали ишлар қилинмоқда.

Бироқ битирувчиларни мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш мавсумий иш бўлиб қолмаслиги, битирувчи субъектив сабаблар билан ишдан бўшатиб юборилмаслигини назорат қилиш, ташкил этил­ган ҳар бир иш ўрнининг барқарорлигини таъминлаш лозим. Одатда, ўқув йили тугаши арафасида битирувчиларни иш билан таъминлашга эътибор кучайтирилади. Бу бир томондан тўғри. Лекин бу — бизнинг йил давомидаги фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бўлиб қолиши керак.

Мухтабар АЛИМБЕТОВА, Олмазор туманидаги 106-заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернати директори, партия фаоли:

— Электорат билан ишлаш, ижтимоий-сиёсий ишлар самарадорлигини оширишда бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш алоҳида ўрин тутади. 

Масалан, бошланғич ташкилотлари етакчиларининг салоҳиятини ошириш вақти келди, деб ўйлайман. Уларда ташкилотчилик ва ташаббускорлик, сиё­сий етакчилик фазилатларини ривожлантириш лозим. Шунингдек, бошланғич ташкилотларда ўтказиладиган тадбирларда ҳаётий масалалар муҳокамасига кенг ўрин бериш, ижтимоий долзарб мавзуларда учрашув ва давра суҳбатларини кўпроқ ташкил этиш керак.

Акрам ҲОШИМОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Ҳар бир депутат, аввало, ўзи сайланган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхши билиши, юзага келаётган масалаларни чуқур ўрганиши, айни пайтда, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқиши зарур. Пленумда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилди. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?

Аввало, маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар ваколатларидан кенг фойдаланиш зарур. Чунки доимий комиссиялар ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалалар ечими бўйича амалий таклифларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Сессия муҳокамасига ҳам тегишли масала доимий комиссия орқали киритилади. Шу боис партиямиздан сайланган ҳар бир депутат, аввало, доимий ко­миссияларда электорат ман­фаати билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими бўйича ташаббус кўрсатиши керак бўлади.

Пленум қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-алмашувлар руҳида ўтди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева иштирок этиб, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳи зиммасидаги муҳим вазифалар ҳақида мулоҳаза билдирди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қа­рорлар қабул қилинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.