11.04.2013

ҲАР БИР ТАШАББУС

аниқ мақсадга йўналтирилиши керак

2013 йилнинг «Обод турмуш йили», деб номланиши, шу муносабат билан қабул қи­линган Давлат дастурининг асосий йўналишлари халқимизнинг яхши яшаши учун янада муносиб шароитларни яратиш, аҳо­лининг ижти­моий ҳимоясини кучайтириш ва ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.

Партиямизнинг бу жараёндаги иштироки эса электорат манфаати ва ҳаётий эҳтиёжи билан чам­барчас боғлиқ бў­лиши зарур.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенга­шининг IX пле­нумида ушбу масалалар муҳокама этилди, партиямизнинг Ҳаракат дастурида 2013 йил учун кўзда тутилган вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Пленумда дастлаб вилоят партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг ўт­ган йилдаги фаолияти таҳлил этилди.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раи­си, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

Ўтган йили депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ муайян ишлар олиб борилди. Маҳаллий Кенгашлар сессияларида 4 та, доимий комиссиялар йиғилишларида эса 3 та масала муҳокама этилди.

Хусусан, халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши сессиясига «Туманда саноат ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобидан янги иш ўринлари яратиш», Қоракўл туманида «Хиз­мат кўрсатиш ва сервис соҳа­сини ривожлантириш», Вобкент туманида «Ёш оилаларни иш билан таъминлаш ва улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар», шунингдек, 2012 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижроси ўргани­либ, мазкур масалалар пар­тиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари билан боғлиқ тарз­да сессия­лар кун тартибига олиб чи­қил­ди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширила­ётган ислоҳотлар натижалари атроф­лича таҳлил этилиб, мавжуд камчиликларни ҳар томонлама бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қи­линди.

Бироқ Ғиждувон, Олот, Пешку туман партия кенгашлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятида аниқ самара ҳа­мон кўринмаяпти. Бошлан­ғич ташкилотлар билан ишлаш, Ҳаракат дастури ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Амалий ҳаракатларсиз эса халқ ишончини қозониб бўлмайди...

Пленумда партия фаоллари ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва 2013-2014 ўқув йилида уч томонлама шартномалар тузиш амалиё­тини янада такомиллаштириш, қўшимча инвестиция ло­йиҳаларини шакллантириш бўйича асосли муқобил таклифлар киритиш ҳисобига бандликни ошириш, маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги ишлаб чиқариш корхоналари, касаначиликни ривожлантириш эвазига иш ўринларини яратиш борасидаги долзарб масалаларни ўртага қўйишди. Пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг бу каби вазифаларни ҳал этишдаги амалий иштирокини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Файзулло БЕБУТОВ, ЎзХДП Қоракўл туман кенгаши раи­си, халқ депутатлари туман Кенгаши­даги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Янги иш ўринла­ри очиш ва турли тармоқларнинг ривож топишида, турмушимиз фаровон бўлишида оилавий тадбиркорлик муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис йил бошида кишиларни, айниқса, корхона ва ташкилотларда ишлаш имкони бўлмаган, яъни бола тарбияси билан банд аёллар ва ногиронларнинг бу борадаги билим ҳам­да тушунчаларини кенгайтириш бў­йича зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Шунингдек, яқинда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари би­лан ҳамкорликда тумандаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти, иш ўринларини ўрганиш бўйича махсус чоралар ишлаб чиқдик. Шу асосда меҳнатга лаёқатли, касби, ҳунари бор электорат вакилларини касана­чиликка жалб қилмоқчимиз.

Толиб АВЕЗОВ, ЎзХДП Вобкент туман кен­гаши раиси:

— Ҳаракат дастуридаги вазифалар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидан келиб чиқиб белгиланган. Бу ўринда, албатта, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, мус­тақил иш бошлаш бўйича ло­йиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, том­ор­қадан самарали фойдаланишни ташкил этишда ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ишлаш муҳимдир.

Пленумда, шунингдек, бош­ланғич партия ташкилотлари ишини жонлантириш, сиё­сий ўқувлар таъсирчанли­ги, депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оши­риш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Ислоҳотларнинг ҳу­дудлардаги самарасини таъминлаш борасида аниқ таклифлар билан чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Пленумда муҳокама қилинган масалалар бўйича партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.