11.04.2013

ОДАМИЙЛИК БУРЧИМНИ БАЖАРДИМ

дейди уч боланинг ҳаётини асраб қолган йигит

— Кўплаб интернет сайтлари сизнинг қаҳрамон­ли­гингиз ҳақида ёзишган, воқеанинг тафсилотларига қизиқяпмиз...

 — Қанақа қаҳрамонлик? — дейди бўлажак мақо­ламнинг қаҳрамони ва умуман қаҳрамон, Низо­мий номидаги Тошкент давлат педагогика уни­верситети магист­ратура бўлими биринчи босқич магистранти Ру­йиддин Тариев. — Майли тафсилот­ларни гапириб бе­раман...

Сирасини айтганда, биз журна­листлар, кўпчилик ўйла­ганидек, воқеаларни бўяб бежамаймиз, ҳаёт­нинг ўзини кўрсатамиз, холос. Бу сафар ҳам одатда­гидек воқеа гувоҳларининг сўз­ларига таянамиз.

 Қаҳрамонлик масаласига келсак, хулоса чиқариш воқеага қандай нуқтаи назар билан қарашга, шу­нинг­дек, одамнинг савиясига ва кўнглига ҳам боғлиқ.

 Гапни чўзиб нима қилдик, вазифамиз тафсилот­ларни сизга етказиш, хулосани эса ўзингиз чи­қаринг.

Ҳамма янги 2013 йилни кутишга тайёргарлик кўраётган кунлардан бирида кундуз соат учларда у туғуруқхонага, рафиқаси ва кеча дунёга келган иккинчи ўғлини кўришга отланаётган эди. Набиралик бўлганини эшитган онаси Тошбуви она ҳам Қашқадарёнинг Яккабоғидан дарров етиб келган.

Онаизор қишлоқдан олиб келган патирлар билан ҳозиргина ўз қўли билан тайёрлаган таомни дастурхонга тугиб, ўғлининг қўлига тутқазди.

Йўлдан чарчаб келдим, келиним, набирамни кўргани эртага борарман. Сўраб қўй.

Руйиддин онажонининг одатий куйинчаклигидан жилма­йиб, таш­қарига чиқди. Тугунни орқа ўриндиққа жойлаб, машинасини энди ўт олдираётганида, қулоғига ёш боланинг йиғлаган овози чалинди. Бу шунчаки йиғи эмас, у қўрқинч ва даҳшат оҳанглари билан қоришиқ эди. Овоз келган тарафни илғаб олдими ёки ички сезги туртки бердими, ўзи ҳам билмаган ҳолда Руйиддин тепага қаради. Иккинчи қаватда, қўшни йўлакдаги хонадоннинг балконидан икки боланинг юзи чала ярим кўринар, улар аранг етган қўллари билан деразани тақиллатишга уринишарди.

Халоскор балкондаги тутунни пайқади, балкон билан ёнма-ён жойлашган ошхона ойнасидан қора дудни кўриб, фалокат юз берганини англади. Машинаси уйнинг орқа томонида эди, бинони югуриб айланиб ўтиб, иккинчи қаватга отилди. Ичкаридан ҳеч ким овоз бермади, темир эшик эса мустаҳкам эди. Руйиддин хабардор қилиш учун рўпарадаги ва ён қўшнининг эшигини тақиллатди, афсуски бу хонадонларда ҳам ҳеч ким йўқ эди. У дар­ҳол ёнғинга қарши кураш хизматига телефон қилиб, манзилни тушунтирди. Яна таш­қарига югурди.

Бир зумда тутаётган балкон тагида ўнга яқин одам тўпланиб қолибди. Улар даҳшат ичидаги болаларга ачиниб қарашарди ва... ёнғин сабаби эҳтимолларини ўртага ташлашарди. Кимдир олов дазмолдан чиққан бўлиши мумкин дерди. Яна кимдир газдан, бирови эса болаларнинг гугурт ўйнаганини башорат қиларди. Улар бир нарсада янглишмаётган эдилар — ичкарида фақат болалар бор. Одамлар яқин дақиқалар ичида нима бўлишини ҳам тасаввур қилишаётганди — агар газ чиқаётган бўлса...

Руйиддиннинг хаёлида ҳам шу фикр айланаётганди. Дақиқалар, лаҳзалар болаларнинг ҳаё­тини ҳал қилиши мумкин эди.

Соат 15-30 да марказий диспетчерлик хизматига Яккасарой тумани, Қушбеги даҳасидаги 17-уйнинг 7-хонадонида ёнғин чиққани ҳақидаги хабар келди. Соат 15-31 да бу хабар Яккасарой тумани ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги отрядига етказилди. Соат 15-32 да отряд машина ва бошқа махсус техникалари билан йўлда эди.

Бу вақтда Руйиддин Тариев воқеа содир бўлган жойдан икки юз метрларча чамаси масофада жойлашган маҳалла гузари томон чопиб борарди. У балконлардаги темир панжаралар орқали иккинчи қаватга тирмашиб чиқишга уринган, аммо ёғингарчилик ва совуқ оқибатида уй деворларида ҳосил бўлган юпқа муз қатлами туфайли бунинг иложи бўлмади. Шошилганда, даҳшатга тушганингда ақлингни, хотирангни йўқотасан дейишади. Ру­йиддинда бунинг акси бўлаётганди — у бир вақт­лар темир нар­вон кўзига ташланганини эслаганди ва уни олиб келиш учун югуриб бораётганди. Битта ўзи.

Ҳозир, воқеадан бир неча ой ўтиб эслолмайди — одамлардан ёрдам сўраганмиди ўшанда? Ҳозир у бир нарсага ҳайрон қолади — арматуралардан ясалган, иккинчи қават бўйидан ҳам узунроқ зил замбил нарвонни бир ўзи қандай кўтариб келди?

Нарвонни иккинчи қават балконига тираб қўйишга уринаётган Руйиддинга қўшни уйда яшайдиган Славик амаки ёр­дамга келди. Ва ниҳоят нар­вон жойига ўрнатилди.  Йигит нарвоннинг ўрталарига келганда, пастдан «маслаҳат» эшитилди:

Газ тўлиб, портласа, ўзинг ҳам, болалар ҳам ҳалок бўлади, қурбонларни кўпайтирма, йигит.

Агар у бу маслаҳатга қулоқ осиб, қайтадиган одам бўлса, бошиданоқ болаларни қутқаришга киришмаган бўларди.

Балкон деразасини уриб синдиргани таёқми, темирми қачон ва қандай қўлига тушганини ҳам билмайди. Билгани шуки, дераза синганида балконда иккита бола бор эди. Келинглар, дейиши билан каттароғи унинг олдига югурди. Руйиддин болани бағрига босиб, нарвон пиллапояларидан пастга энар экан, вақтдан фойдаланиб, боладан сўради:

Балкондаги қиздан таш­қари уйда яна ким бор?

Залда, беланчакда синглим бор, — қоп-қора дудга беланган бола зўрға жавоб берди.

Руйиддиннинг пастга тушишига ҳожат қолмади, кимдир нар­воннинг ўртасигача етиб келган эди, болани унинг қўлидан олди. Бола бу одамнинг қўлидан шундоқ нарвоннинг олдида турган бошқаларнинг қўлига ўтди.

 Яхшилик яхшиликни туғдиради, дейишади. Балким қаҳрамонлик қаҳрамонликни ҳам туғдирар?

Қизалоқ ҳам шу тариқа офат чангалидан қутқарилди. Беланчакни излаш анча мушкул кечди — бурқсиётган қоп-қора дуд туфайли бир қадам нарини ҳам кўриб бўлмасди, бутун хонани пайпаслаб топди. Гўдак халоскори уни қўлига олгандан ке­йингина чин­қириб йиғлаб юборди.

Руйиддин уни ҳам ташқарига узатди, аммо тушишга шошилмади.

Руйиддин ҳақиқий қаҳрамон, дейди воқеа гувоҳи Луиза Харитонова. — Биз унинг эсон-омон чиқишини дуо қилиб, жон ҳовучлаб турсак, яна тепадан туриб, болалардан аниқлаб сўранг­лар, яна кимдир бормикан ичкарида, дейди.

Соат 15 дан 29 дақиқа ўтганида, хабар олинганидан ке­йин етти дақиқа ичида ўт ўчирувчилар ҳам етиб келишди. Улар оловни балкон орқали кириб бартараф этишди.

— Биз етиб келганимизда болалар қутқарилган экан, — дейди смена бошлиғи, катта лейтенант Ўлмас Муҳаммаджонов. — Уй бекаси уч нафар ёш боласининг устидан қулфлаб, бозорга кетган. Болаларнинг каттаси синглисига сут пишириб бермоқчи бўлган. Идишни сочиқ билан ушлаб, газдан олган, сочиқ ёниб, паст­га тушган, гилам ва ошхона эшиги ёна бошлаган. Деразалар ёпиқлиги сабаблигина олов бирданига аланга олмаган, бир фидойи инсон туфайли болалар биз етиб келгунимизча қутқарилган.

Ўлмас Муҳаммаджонов ўзининг унчалик кўп бўлмаган — беш йиллик ўт ўчирувчилик фаолияти давомида бир неча бор олов ичидан қурбонларни олиб чиқишига тўғри келганини таъкидлайди. Лекин, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб олов ичига кирган фуқарога дуч келмаган.

— Чунки касбимиз жисмоний ва профессионал тайёргарликни талаб қилади. Баъзан биз ҳам вазият олдида ожиз қолишимиз мумкин, — дейди у.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг магистратура бўлими раҳбари Музаффар Эсанов Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирда талабаларга ҳозир уларнинг орасидаги ҳимоячининг мардлиги тўғрисида гапириб беришини айтганда, барча ҳайрон қолди. Раҳбар уларнинг ҳамкурси олов ичидан учта гўдакни олиб чиқиб, жасорат кўрсатганини ҳикоя қилиб берди. Ҳикоясининг сўнггидагина Руйиддин Тариевнинг ўртага чиқишини сўради. Тўғрисини айт­ганда, бу вазият бошқалардан кўра кўпроқ халоскорнинг ўзи учун кутилмаган ҳолат бўлди, чунки бўлиб ўтган воқеа тўғрисида ҳеч кимга айтмаган эди.

— Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида «Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди — бу шар­қона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси» деб таъкидланган. Таълим-тарбия жараёнида талабаларимизнинг маънавиятини юксалтиришга, ватанпарварлик, жамиятга дахл­дорлик туйғуларини ривожлантиришга хизмат қиладиган тадбирларга алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Музаффар Эсанов. — Намуна ва ўрнак ҳам тарбиянинг самарали воситасидир.

Музаффар Эсанов билан фикримиз бир жойдан чиқди — қаҳрамонлик, ўз ҳаётини хавфга қўйиб, ўзгаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун фақатгина таълим масканидаги тарбиянинг ўзи кифоя эмас. Аввало, оилада шундай тарбия муҳити бўлиши керак. Балким, қаҳрамонликка элтадиган туйғулар одамнинг қонида бўлиши керакдир?

Руйиддин серфарзанд оилада улғайди. Отаси Нажим бобо бутун умри давомида ҳайдовчи, онаси эса хўжалик ишчиси бўлган, ҳозир иккаласи ҳам пенсияда, ўқитиб, уйли-жойли қилган фарзандлари ва набираларининг роҳатини кўриш­япти.

Воқеанинг гувоҳи бўлган, ўзининг таъбири билан айтганда,  ўғлининг «оддийгина одамийлик бурчини» бажаргунча худога илтижо қилиб турган Тошбуви она юзлари қурумдан қорайган дилбандини бағрига олиб, бўғзида тиқилиб турган йиғини зўрға босиб икки оғизгина сўз айтди:

— Сен савоб иш қилдинг болам. Мен сен билан фахрланаман!

Мана, воқеанинг тафсилотлари. Тўғри, Руйиддиннинг ўзи билан бу қаҳрамонликми ёки йўқ, қабилида баҳсга киришолмайман. Унинг камтарлиги бу борада баҳс юритишга йўл қўймайди ҳам.

Аммо сиз, мақолани сабр билан ўқиб чиққан азиз ўқувчим билан истаганча баҳслашишим мумкин.

Хўш, Руйиддин қаҳрамонми?

Кимдир унинг ўзига ўхшаб, шу ҳам гапми, оддийгина одамийлик бурчини бажарган, холос, дейиши мумкин.

Мен сизга эътироз билдираман. Ўша куни битта Руйиддинда эмас, кўп одамларда бу бурч­ни бажариш имконияти бор эди.

Бу гапларни нима учун айтаяпман? Орамиздаги кўзга кўринмайдиган, назарга тушмайдиган қаҳрамонларга эътиборлироқ бўлайлик. Уларни шарафлайлик.

 

Зеро, қаҳрамонлик қаҳрамонликни туғдиради.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.