11.04.2013

ЎЗБЕКИСТОН — СПОРТ МАМЛАКАТИ

Бугун бутун дунё оғир атлетика мухлислари­нинг диққат-эътибори мамлакатимиз пойтахти­га қаратилган. Мана бир неча кундирки, муҳ­ташам «Ўзбекистон» спорт саройида ўсмирлар ва қизлар ўртасида IV жаҳон чемпионати бў­либ ўтмоқда. Ушбу нуфузли мусобақада ер куррасининг беш қатъасидан ташриф буюрган беш юз нафарга яқин энг умидли ва иқтидор­ли спортчи кураш олиб боряпти. Кучлилар келаси йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўла­диган II Бутунжаҳон ўсмирлар олим-

пиадаси йўлланмасига эга бўлишади.

— Чемпионат низомига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-9 ўринларни эгаллаган терма жамоаларга иккита, 10-16 ўринларни банд этган мамлакат вакилларига биттадан йўлланма тақдим этилади, — дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов. — Баҳсларда ўсмирлар ўртасида саккиз, қизлар беллашувида олти нафар ҳамюртимиз кураш олиб боряпти. Мусобақада етмишга яқин мамлакат вакилларининг аксарияти тўлиқ таркиб билан иштирок этмоқда.

Баҳром Абдумаликов бош мураббийлигида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Машҳурбек Йўлдошев (50 кг),Ғолиб Ниғматуллаев (62 кг),Абдуқодир Абдухалилов(69 кг), Суннатилла Шокиржонов(77 кг), Амирзода Ибрагимов(85 кг), Азамат Шарипов(94 кг), Азим Ғаниев(94 кг), Элиёр Кенжаев(+94 кг) ўсмирлар, Гулноза Аҳмедова(48 кг), Замира Аминжонова(58 кг), Нуржаҳон Ҳошимова(63 кг), Зарифа Ҳазратова(69 кг), Комила Петрова(+69 кг), Мадина Мингбоева(+69 кг) қизлар баҳсида мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилмоқда.

Мусобақанинг дастлабки кунида қизлар 44 кг, ўсмирлар 50 кг вазн тоифаларида кучлилар номига ойдинлик киритдилар. Гарчи, қизлар баҳсида вакилларимиз майдонга тушмаган бўлса-да, ушбу вазн тоифасидаги спортчилар чиқишини мухлислар катта ҳаяжон билан кузатишди. Унда даст кўтаришда 67 кг, силтаб кўтаришда 86 кг натижа кўрсатган Ри Су Ён (КХДР) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва якунда иккикураш бўйича ҳам унга тенг келадигани топилмади. Мьянмалик спортчи Кинг Кинг эса рақибига ҳар икки йўналишда ҳам атиги бир килограмм (66 + 85) ютқазди, холос.

Бронза медали учун кечган баҳслар янада кескин кўриниш олди. Унда даст кўтаришда 65 кг кўрсаткични қайд этган руминиялик Моника Сунета учинчи ўринни эгаллаган бўлса, силтаб кўтариш бўйича энг яхши натижага эришган мисрлик Хеба Солиҳ Маҳмуд бронза медали билан тақдирланди — 83 кг. Иккикураш якунига кўра эса жами 143 кг кўрсаткични ўзиники қилган мисрлик спортчи қўшалоқ бронза медали билан қайтадиган бўл­ди.

Ўсмирлар ўртасидаги даст­лабки кунги мусобақа терма жамоамиз аъзолари учун муваффақиятли якунланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўз вазн тоифасида етакчилардан бири сифатида тилга олинган ҳамюртимиз Маш­ҳурбек Йўлдошев (50 кг) мураббийлар ишончини оқлади. У иккикураш (86 + 110) баҳс­ларида 196 кг тош кўтариб, бир йўла учта бронза медалини қўлга киритди. Мазкур вазн тоифасида хитойлик Хиёнг Хю Жиа олтин, КХДРдан Жу Жонг Пак кумуш медалига сазовор бўлди.

Жефер ТОПЧУ, Туркия терма жамоаси бош мураббийи:

— Ўзбекистон — қалбимга жуда ҳам яқин. Юртингизга катта ва зўр соғинч билан ташриф буюрдим. Чунки ўз фаолиятимнинг охирги олти йилини шу заминда ўтказдим. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси таклифига кўра, 2006 — 2012 йилларда шартнома асосида мамлакат терма жамоасида мураббийлик қилдим. Ўзбек оғир атлетикаси ва унинг имкониятлари ҳақида кенг тасаввурга эгаман, деб бемалол айта оламан. Ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати мезбонлиги ҳам бежизга Тошкентга ишониб топширилмаган. Президентингиз ҳамда ҳукуматингиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўрсатилаётган ғамхўрлик алоҳида таҳсинга лойиқ. Жумладан, бу ерда оғир атлетикага ихтисослашган махсус мактаблар, спорт клубларининг аъло даражада иш юритиши учун барча шароитлар яратилганлиги диққатга сазовордир. Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросимида Халқаро оғир атлетика федера­ция­си (IWF) президентининг 2017 йилда катталар ўртасида бўладиган жаҳон чемпионати мезбонлигини ҳам Ўзбекистонга ишониб топширилгани ҳақи­даги сўзларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Чунки бу юрт — чинакам спорт мамлакати! Халқаро мусобақалар ўтказишда катта тажриба тўпланган, муҳими, тинч ва осуда. Бу ўлка ҳар қандай йирик мусобақага мезбонлик қилишга муносиб, деб биламан.

Сергей СИРЦОВ, икки карра жаҳон чемпиони, Барселона (1992 йил, Испания) ҳамда Атланта (1996 йил, АҚШ) олимпиадалари кумуш медали сов­риндори, Россия оғир атлетика федерацияси президенти:

— Рости, Ўзбекистонда болалар спортини, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлардан ҳайратдаман. Юртингизда соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғри йўлдан кетаётганлигини таъкидламоқчиман. Мамлакатингиз оғир атлетикачилари халқ­аро майдонда эришаётган ютуқлари салмоғи ортиб бораётганлиги ҳам тасодиф эмас. Замонавий ва кўркам спорт иншоотлари, уларда яратилган шарт-шароитларни кўриб, очиғи, ўзбекистонлик ҳамкасбларимга ҳавасим келди. Охирги ёзги Олимпия ўйинларида бир йўла олти нафар ҳамюртингиз оғир атлетика бўйича майдонга чиққан бўлса, 2016 йили бўладиган Рио-де-Жанейро олимпиадасида уларнинг сафи янада кенгайишига ишонаман.

Франческа ТОРСЕЛЛО, Италия терма жамоаси аъзоси:

— Келажакда Ўзбекистондан оғир атлетика бўйича дун­ёга машҳур спортчилар етишиб чиқса, асло ажабланмайман. Бу юртда ёш­ларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорларни кашф қилиш йўлида амалга оширилаётган ишларни эшитиб, ўзбекистонлик тенгдошларимга ҳавас қилдим. Италияга қайтгач, бу гўзал диёр ва меҳмондўст халқ ҳақида оила аъзоларим, дўстларимга албатта ҳикоя қилиб бераман.

Кеча ўтказилган беллашувларда спортчиларимиздан яна икки нафари ўз омадини синаб кўрди. Жумладан, қизлар ўртасида терма жамоамизнинг энг ёш аъзоси Гулноза Аҳмедова (48 кг) иккикураш бўйича 101 килограмм натижа кўрсатди.

Яна бир умидли полвонимиз Ғолибжон Ниғматуллаев (62 кг) эса штангани даст кўтаришда 102, силтаб кўтаришда 118, иккикураш бўйича 220 килограмм натижани қайд этди.

Баҳслар давом этмоқда.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.