09.04.2013

БУЮК БУНЁДКОР

Халқимиз тарихида шундай буюк шахслар борки, уларнинг тақдири Ватанимиз тақдири билан чамбарчас боғланиб кетган. Бундан қарийб етти аср илгари яшаб ўтган буюк давлат арбоби, саркарда ва бунёдкор Амир Темур ана шундай сиймолардан биридир.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, Президентимиз  раҳнамолигида тарихий, илмий-маънавий, диний меросимизни қайта тиклаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Шу ўринда бир ҳолатни алоҳида таъкидламоқ жоиз. Мустабид тузум даврида Соҳибқирон бобомиз хотираси топталган, хизматлари атайлаб камситилган ва қораланган, унга қилинган бўҳтонлар кучли бўлгандики, буларга кўпчилик ишониб қолган эди. Шу боис унинг пок номини тиклаш учун катта маънавий жасорат лозим эди.

Президентимиз истиқлол йилларида миллий ифтихоримиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган буюк бобомиз хотирасини тиклаш ҳамда абадийлаштириш йўлида ана шундай улкан жасорат кўрсатди. Давлатимиз раҳбари Амир Темур номини нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида тиклашга эришди.

Дарҳақиқат, озод ва ҳур юртимизда Амир Темур шахсини англаш, улуғлаш ва у билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни жаҳонга танитиш, шу муносабат билан буюк келажагимизга ишончимизни юксалтириш йўлида мустаҳкам тамал тошлари қўйилди.

ЮНЕСКО 1996 йилни «Амир Темур йили» деб эълон қилди. Ўша йил апрель ойида ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида «Темурийлар Уйғониш даври» деб номланган нуфузли кўргазма ва «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълимнинг равнақ топиши» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди. Кўргазманинг очилишида мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов, ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор нутқ сўзлади.

Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши бежиз эмасди, албатта. Чунки Амир Темур олти аср муқаддам Осиё билан Европа ўртасида кўприк қурган, яъни Европа давлатлари қироллари билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган осиёлик биринчи ҳукмдор эди. ­

Президентимизнинг Амир Темур бундан 600 йил аввалроқ ҳеч қандай давлатнинг қўшнилари билан ўзаро алоқа тузмасдан, яъни бугунги тил билан айт­ганда, ҳамкорликсиз истиқболи бўлмаслигини теран ва яхши англаган. Шу сабабли, у Европа ва Осиёни боғлашга ҳаракат қилган. Бир томондан – Хитой, Ҳиндистон, бир томондан – Франция ва Англия, яна бир томондан – Рум, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга уринган, деган сўзлари тарихий ҳақиқатдир.

Ўтган давр мобайнида Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилди, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Соҳибқиронга муносиб ҳайкаллар ўрнатилди. «Амир Темур» ордени таъсис қилинди, Халқаро Амир Темур жам­ғармаси ташкил топди. Буларнинг барчаси халқимизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Темур ва темурийлар замонида яратилган Уйғониш даврининг илмий ва маданий меросидан бугунги кунда дунё аҳли баҳраманд бўлмоқда.

Амир Темур фаолияти, айниқса, Европа тақдирида улкан бурилиш ясаганлиги тан олинган ҳақиқатдир. Шу боис европалик олимлар XVI аср ўрталаридаёқ Соҳибқирон ҳақида қатор илмий асарлар яратган. Италиялик Перондино исмли олимнинг 1553 йили Флоренция шаҳрида яратган «Скифия­лик Темурбекнинг улуғворлиги» номли китоби шундай асарлардан биридир.

Агар бугун жаҳонда Амир Темур ҳақида чоп этилган жиддий илмий асарлар рўйхатига назар солсак, уларнинг сони беш юздан ошганига гувоҳ бўламиз. Бу дунёда Амир ­Темур ҳаёти ва фаолияти, унинг оламшумул бунёдкорлик ишларига бўлган қизиқиш ғоят катта эканлигидан дарак беради.

Амир Темур ҳақида XV-XVI асрларда ёзилган асарлар орасида Иоанн Шильтбергернинг «Европа, Осиё ва Африка бўйлаб саёҳат», Султония архиепископи Иоаннинг хотиралари, Руй Гонсалес де Клавихонинг «Са­мар­­­қанд­га — Амир Темур саройига саёҳат кундалиги» номли асарлари салмоқли ўрин эгаллайди.

Айни пайтда ғарбнинг машҳур адиб ва дра­матурглари томонидан Амир Темур образи бадиий талқинини яратишда кўламли ишлар қилинган. Бунга мисол тариқасида Кристофер Марлонинг «Буюк Темур», И.Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони», Эдгар Понинг «Темурбек» достонларини келтириб ўтиш жоиз.

Европалик машҳур бас­такорлар­нинг Соҳибқирон бобомиз ҳақида мусиқий асарлар ҳам яратганликлари маълум. Буларнинг барчаси Европада Амир Темур шахсига қайта-қайта мурожаат қилиб келинаётганининг ёрқин далилидир.

Ҳозирги кунда жаҳонда Амир ­Темур даври тарихи ва шахсига бўлган қизиқишлар ошса ошдики, асло камайган эмас. Хусусан, Европа темуршунослигида французлар ҳамиша олдинги ўринда турганлар. Ҳозирги кунда ҳам Париж шаҳрида Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассо­циа­ция­си фаолият кўрсатмоқда. Унга профессор Люсьен Керен раҳбарлик қилиб келмоқда. Олим умрининг ярмини темурийлар даври тарихи ва маданиятини ўрганишга сарфлаган. Унинг «Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат» ва бошқа асарлари кўп минг нусхада қайта-қайта нашр этилганлиги илмий-маърифий жамоатчиликка яхши маълум.

Ассоциация бош котиби Фредерик Брессан хоним ҳам Амир Темур ва темурийлар тарихи билимдонидир. Фредерик хонимнинг «Мовий Самар­қанд» ва «Самарқанд оҳанрабоси» китоблари Самарқанд ва темурийлар ҳақида ёзилган энг яхши асарлардир.

Ассоциация мунтазам чоп этиладиган «Темурийлар» номли ўз журналига ҳам эга. Ушбу ассоциация билан бизнинг Археология институтимиз ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Профессор Кереннинг Ўзбекистонга ва ўзбек халқига меҳри баланд. Учрашувларимиз бирида олим: «Европаликлар Амир Темурга Европани Боязиддан халос қилганлиги учун эҳтиром кўрсатади, деган гап бор. Бироқ, тарихда шундай қонуният борки, ғалабалар ҳам мағлубиятлар ҳам аста-секин унутилади.

XVIII асрларгача европаликлар Амир Темур яратган Ренессансдан тўла хабардор эмас эди. XVIII-ХХ аср­ларга келиб жаҳоннинг кўпгина давлатлари Амир Темур яратган Ренессанс даври ютуқларидан баҳра ола бошлади. Шу сабабли европалик ижодкорлар уни Шарқ Ренессансининг бунёдкори сифатида қадрлайдилар», — деган эди.

Профессорнинг ушбу фикрини бош­қа олимлар ҳам қўллаб-қувватлайди. ХХ асрга келиб Европада Амир Темур ва темурийлар тарихи, маданияти, сиёсати ҳақида янги-янги асарлар яратилди. Бунга мисол тариқасида машҳур француз шарқшуноси Жан-Поль Ру ва инглиз олими ­Гарольд Лэмбнинг асарларини келтириш мумкин.

Жан Ру ўз асарида Амир Темур тарихига оид Ғарб ва Шарқ мамлакатларида сақланган манбаларни чуқур таҳлил этиб, Соҳибқироннинг ҳокимиятга келишидан тортиб, то вафотигача бўлган даврни яхши ёритиб берган. Асарни ўқиган киши Амир ­Темур фаолиятининг барча қирралари ҳақида яхши маълумот олади.

Г.Лэмб Соҳибқироннинг давлат арбоби, саркарда ва бунёдкорлик фаолиятини тарихий манбалар ҳамда Европада чоп этилган илмий асарлар орқали яхши ёрита олган. Ушбу асарнинг қимматли томони, у Европа тарихшунослигида Амир Темур ҳақида шаклланган айрим ноилмий ғояларнинг пуч эканлигини исботлаб берди. Муаллиф Амир Темур шахсига баҳо берар экан, Соҳибқирон барча ютуқларга ўз шижоати, қатъиятлилиги ва ғоят кучли қобилияти билан эришганлигини ёзади.

Г.Лэмб Амир Темур ҳақида: «У Александр Македонский каби қиролнинг ўғли ёки Чингизхон каби қудратли уруғ доҳийсининг меросхўри эмасди. Енгилмас Александр дастлабки ҳарбий юришларида ўз халқидан, яъни македонлардан фойдаланди, Чингизхоннинг ортидан эса унинг мўғуллари эргашдилар. Темур эса ўз атрофига одамларни тўплашига тўғри келди. Унинг ихтиёрида бўлган ҳудудлардан икки қитъани боғлайдиган савдо карвони йўллари ўтарди. ­Темур ҳеч бир таърифга сиғмайди. У ўз сулоласини яратди. У варварлар ­доҳийси Аттила каби Римни изламади, аммо ўз Римини барпо қилди. У ўзи учун ҳукмдорлик тахтини яратди...» деб ёзган.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз лозимки, Соҳибқирон Амир Темур улкан ва қудратли, ўз қонун-қоидаларига эга бўлган давлат яратган, Қадимги Шарқ заминида Уйғониш дав­рининг тамал тошини қўйган, буюк бун­ёдкор сифатида дун­ёда тан олинган шахсдир.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти директори.



DB query error.
Please try later.