06.04.2013

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА СЕРВИС РИВОЖИ

янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Аҳоли даромадлари, турмуш даражасини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси муҳим ўрин тутади. Бу тармоқ­ни кенгайтириш катта сар­моя талаб қилмай­ди, сарфланган маблағни қайта­риш имкония­ти ҳам анча кенг. Соҳа ривожи иқтисо­диётни юксалтириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида бу масалага алоҳида эътибор қа­ратилди. Вилоятда мазкур соҳани ривожлантиришда муам­молар кўз­га ташланаётгани, айрим маҳаллий ҳо­кимият органлари раҳбарлари томонидан етарлича эътибор берил­маслиги оқи­батида алоқа, транспорт, сав­до ва умумий овқатланиш бў­йича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаётгани таъкидлаб ўтилди.

Аҳо­лининг ижтимоий ҳимоя­га муҳтож, иш топишда қи­йинчиликларга дуч келаётган қатлами, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш учун мазкур соҳани янада ривожлантириш талаб этилади. Биз ЎзХДП Тошкент ви­лоят ташки­лотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари бу борада қандай ишларни амалга ошираётгани билан қизиқдик.

Сирожиддин АЪЗАМОВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш ЎзХДП Сайловолди дастурида муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу боис соҳа ривожини таъминлаш, айниқса, қишлоқ аҳолисига замонавий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бизнинг электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.

Бугунги кунда вилоятда 13700 дан ортиқ хизмат кўр­сатиш ва сервис шохобчаси фаолият юритаяпти. Ўтган йил якунларига кўра, кўрсатилган хизматлар ҳажми аҳо­ли жон бошига ҳисоблаганда 1 миллион 500 минг сўмни ташкил этган.

Аммо халқ депутатлари Тошкент ви­лоят Кенгашининг навбатдан таш­қари сес­сиясида Президентимиз таъ­кидлаганидек, вилоятимизда кундан-кун талаб ошиб бораётган маиший ва туризм хизматларига бўл­ган муносабат бугунги кун талабига жавоб бермайди. Ўтган йи­ли вилоят бўйича ати­ги 405 миллион сўмлик туризм хизматлари кўрсатилган, холос.

Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги де­путатлик гуруҳларимиз ушбу соҳани ривожлантириш ор­қали аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳа­ракат дастурида Ангрен, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги даражасини ошириш бўйича вазифалар белгиланган эди. Партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари ўтган йили мазкур ҳудудларда соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишди. Бу борадаги хато ва камчиликларни бартараф этиш, муаммоларни ечиш бўйича таклифлар сессия муҳокамасига киритилди.

Бахтиёр ЙЎЛДОШЕВ, ЎзХДП Ангрен шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ангрен шаҳрида «Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги даражасини ошириш ҳақида»ги масала халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2012 йил 16 май куни бўлиб ўтган сессиясида муҳокама этилди. Соҳани ривожлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, ёшларга имтиёзли кредитлар ажратишни соддалаштириш ва кўпайтириш борасида таклифлар ўртага ташланди.

Шаҳарда 900дан ортиқ хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаси фаолият кўрсатмоқда. Соҳа ривожи учун тижорат банклари томонидан 2,7 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган ва 139 та иш ўрни ташкил этилган. 2012 йилнинг би­ринчи ярмида 33 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлса, шу даврда 69 та шохобча очилди. Шаҳарда 2012-2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури асосида янги, замонавий меҳмонхона ва туризм комплексларини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш белгиланган.

Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳа­ли жу­да кўп. Масалан, меҳнатга лаёқатли аҳоли қаторида имконияти чекланган ки­шиларнинг сервис соҳасида бандлигини ошириш ол­димизда турган асосий вазифалардан биридир. Жис­моний имконияти чекланган бўлишига қарамай, меҳнатнинг бирон-бир тури билан шуғулланиши мумкин бўл­ган электорат вакиллари йўқ дейсизми? Партиямиз ўтган йили бу масалага ало­ҳида эътибор қаратиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп­лаб кишилар қўллаб-қувватланди, уларга ёрдам кўр­сатилди. Биз қўлида касб-ҳунари бор ана шундай кишиларни аниқ­лаб, улар ўз ишини бошлаб олиши учун кўмаклашишни бу йил ҳам изчил давом эттиришимиз ке­рак...

Мавжуда ИЛЯСОВА, халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Партиямизнинг Ҳаракат дастурига асосан, ўтган йили шаҳарда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида олиб борилаётган ишларни таҳлил этдик. Бу жараёнда ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўплиги кўзга ташланди. Пойабзал ва чарм буюмлари, маиший техникани таъмирлаш, кир ювиш ҳамда кимёвий тозалаш бўйича хизматлар, компьютер хизматлари, шунингдек, сартарошхона ва гўзаллик салонлари каби хизмат кўрсатиш ва сервис турларидан фойдаланиш имкони ҳамма жойда бир хил, етарли даражада, дея олмаймиз.

Айрим жойларда ишга солинмаган анчагина захиралар мавжуд. Аниқроқ айтганда, яратилган шарт-шароит ва қулайликлардан ҳамма жойда ҳам оқилона фойдаланилмаяпти. Шунинг­дек, хусусий умумий овқатланиш корхоналари, чакана савдо шохобчалари, уй-жой қурилиши билан боғлиқ хизматлар ҳамда транспорт хизматларини бажарувчи корхоналарда меҳнат даф­тарчасиз ишлаётган кишилар ҳам йўқ эмас. Тадбиркорлар улар билан ҳеч қандай шарт­нома тузмасдан, қонуний меҳ­нат ташкил этмасдан, ўзлари хоҳлаган миқдорда иш ҳақи тўлаб, солиқларни четлаб ўтаяпти.

Энди ўйлаб кўрайлик. Хиз­мат кўрсатиш ва сервис шо­хобчасида меҳнат қилаётган фуқаро қонуний меҳнат қилмаса, у давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан фой­даланиш ҳуқу­қига эга бўлмайди. Вақти келганда, пенсия олиш, ижтимоий ҳи­мояланиш борасида ҳам муаммолар келиб чиқади. Хўш, бу ҳолатни қан­дай бартараф этиш мумкин? Аввало, сервис ва хизмат кўрсатишга их­тисослаш­ган корхоналар, юри­дик ҳам­да жисмоний шахсларнинг масъулиятини кучайтириш, уларда ишлаётган ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. Шу­нингдек, мазкур йўналишда мунтазам равишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим, деб ўй­лайман...

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ушбу соҳада янги иш ўринлари ташкил этиш бошқа йўналишларга нисбатан анча арзонга тушар экан. Қолаверса, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тияси электорати ҳисобланган фуқароларнинг банд­лигини таъминлашда ҳам бу соҳанинг имкониятлари анча юқори. Шундай экан, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари халқ депутатлари Тошкент вилоят Кен­гашининг навбатдан ташқари сессиясида билдирилган чуқур танқидий фикрлардан хулоса чиқариб, жойларда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш юзасидан янада қатъий иш олиб бориши, бу борадаги дастурлар ижроси устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириши, юзага келаётган муаммоларни маҳаллий вакиллик ҳокимияти даражасида муҳокама этиб боришга эришиш талаб этилади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.