06.04.2013

XXI АСР МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ АСРИ БЎЛАДИ

Дунё глобал муаммолар гирдобида қолмоқда. Сув, озиқ-овқат, нефть, газ, электр энергия муаммоси...

Бугун жаҳон илм-фани муқобил энергия манбаларини излаб топиш, яратиш, фой­даланиш самарадорлигини ошириш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Нима учун? Чунки босқичма-босқич муқо­бил энергиядан фойдаланишга ўтилмас экан, табиий бойлик­ларимиз бўлган нефть, газ захиралари тугаши натижасида дунё аҳолиси жуда катта муаммо билан юзма-юз келади.

— Президентимизнинг 2013 йил 1 мартда эълон қилинган «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазкур соҳада муҳим ислоҳотлар даври бошланганидан далолат беради — дейди Тошкент давлат техника университети электроника ва микроэлектроника кафедраси профессори Муҳаммадкабир Боҳодирхонов. — Ушбу муҳим ҳужжат ноанъанавий энергетика ресурс­ларидан, жумладан қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида янги имкониятлар эшигини очади.

— Муқобил энергия тушунчаси фанга қачон кириб келган?

— Бунинг тарихи узоқ, қадимда нефть ва газ кашф этилмаган шароитда ҳам инсонлар қуёш нуридан сув иситиш, қуритиш ва бошқа ишларда фойдаланишган. Муқобил энергия тушунчаси фанда ўтган асрнинг бошларида қўлланила бошланди. Бунинг асосий сабаблари шундаки нефть, газ, кўмир захираларининг маълум бир давр­дан сўнг тугашини инсонлар тушуниб етиб, энергия олишнинг муқобил йўлларини қидира бошлади. Ундан ташқари, ёқилғилардан чиқаётган миллион тонналаб СО2 углерод гази озон қатлами емирилишига сабаб бўлмоқда.

Жаҳонда биринчилардан бўлиб муқобил энергиядан ­Япония, Германия ва бошқа давлатларда кенг фойдаланила бошланди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу давлатларда ёқилғи қазилма бойликлари деярли йўқ. 2011 йилда Японияда бўлган табиий офат натижасида атом электр станциялари ҳамда йирик тўғонлардан фойдаланган ҳолда электр энергия олишдан воз кечилиб, энергия олишнинг муқобил йўлларига ўтилмоқда.

— Ўзбекистонда муқобил энергия борасидаги илк тажрибани кимлар ўтказган?

— Ўзбекистонда муқобил энергиядан фойдаланишни биринчилардан бўлиб академиклар Убай Орипов, Содиқ Азимовлар 1950 йиллардан бошлаб уйларни иситиш, иссиқ сув билан таъминлаш учун қуёш коллекторларини ишлаб чиқди ва бир неча уйлар қурилиб тажриба синовлари ўтказилган.

Қуёш фотоэлементларидан олинган энергия ўша даврларда жуда қиммат, ёқилғиларнинг нархи эса аксинча бўл­ган. Бугунги кунга келиб эса ер юзидаги аҳоли сонининг кескин кўпайиши ёқил­ғиларга бўлган талабни ошириб, ёқил­ғи нархининг кескин кўтарилишига ҳамда экологик мувозанат бузилишига олиб келмоқда.

Қуёш энергиясидан биз фақат электр энергия олиш учун эмас, балки ундан коллекторлар орқали сув иситишда, қуёш ўчоғи орқали овқат, нон пиширишда, чучук сув олишда, меваларни қуритишда фойдаланишимиз мумкин. Ҳозирда Ҳиндистон ва Хитой давлатларида 2 миллиондан ортиқ қуёш ўчоқлари мавжуд.

Жаҳонда қуёш энергияси бўйича кўплаб лойиҳалар, ишлар амалга оширилмоқда, ҳар йили халқаро конференциялар ўтказилади. Жорий йил Германияда йигирма саккизинчи бутун жаҳон қуёш энергиясига бағишланган илмий амалий анжуман бўлиб ўтади. Унга бизни ҳам таклиф қилишган. Мазкур тадбирда ўзимизнинг янги ишланмаларимиз ва маърузамиз билан қатнашишни режалаштирганмиз.

— Жаҳонда муқобил энергиядан фойдаланишда қай­си мамлакатлар етакчилик қилмоқда?

— Дунёнинг 37 мамлакатида қайта тикланувчи энергия манбаларига оид қонун қабул қилинган, 70 га яқин мамлакат муқобил энергия манбалари билан ишлаш ҳажмини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги кунда муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича Германия, Япония, Хитой, ­Испания ва АҚШ давлатлари етакчилик қилмоқда. Германия атом электр станцияларидан фойдаланишдан воз кечмоқда, 2020 йилгача электр энергиянинг 20 фоизини муқобил энергиядан олишни режалаштирган, ҳар йили эса 100 минг уйнинг томини қуёш панеллари билан қопламоқда. Бундай усулдан фойдаланиш ҳар томонлама қулайлик туғдиради, ҳеч қандай ортиқча жой талаб қилмайди, аксинча том бекилади ва уйни хоҳлаган вақтда иситиш, хонадон эҳтиёжини тўлалигича электр энергия билан таъминлаш мумкин.

Кўпгина давлатларда шамол энергетикаси қурилмалари денгиз бўйларига ўрнатилмоқда. Швейцарияда йўловчиларни ташиш автобуслари биоёнилғида ишлайди. Япония ҳукумати қуёш энергетикаси технология­сини ривожлантириш страте­гия­сини ишлаб чиқди. Бугунги кунга келиб, жаҳонда қуёш энергияси ишлаб чиқарувчи қувватларни ўрнатиш 50 фоизга ошди.

Биогаз кислородсиз бакте­рия­лар ёрдамида турли чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида олинади. Сўнгги йилларда иқтисодиёти жадал ривожланаётган Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Марказий ва Жанубий Америка давлатларида биогаздан фойдаланиш технологияси яхши йўлга қўйилган.

Чорвачилик, паррандачилик, ўсимлик чиқитларини қайта ишлаш натижасида олинадиган биогаз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Қайта ишлаш натижасида ҳосил қилинган табиий минерал ўғитлар ер унумдорлигини оширишда кенг қўлланилади.

Охирги йилларда, биогаз энергияси бўйича кўпгина тажрибалар қилинди ва керакли натижаларга эришилди. Бир тонна ҳажмдаги чиқинди сақлайдиган биогаз қурилмаси бир оилани 6 ой мобайнида газ билан таъминлаши мумкин. Ҳозирда олимларимиз бундай қурилмаларни янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Республикамизда шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳам кўплаб тажрибалар қилинмоқда. Амалий ло­йиҳалар илгари сурилмоқда. Чунки мамлакатимиз баъзи ҳудудларида доимий (Бекобод ва Қўқон) бош­қа жойларида эса мавсумий шамол эсиши кузатилади.

Муқобил энергиядан фойдаланишнинг иқтисодий томонларини одамларга тушунтириш керак. Бу доимий энергия, текин энергия, чексиз энергия.

— Муқобил энергия билан ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам таъминлаш мумкинми?

— Бу биринчи навбатда завод, фабрика ёки уй қанча энергия талаб қилишига боғлиқ. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармонда 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш таъкидланган. Бу билан завод ва фабрикаларни, қишлоқларни, кичик шаҳарларни тўла электр энергия билан таъминлаш мумкин. Бундай қурилмалар энергияни сақлаш аккумуляторларига эга, қуёш бўлмаган вақт­ларда, тунда ҳам электр энергия билан таъминлаш мумкин.

Мисол учун, 1 КВт қуёш фотоэлектрик станцияси битта хонадонга етади, буни бизнинг лаборатория шароитида ишлаб чиқадиган бўлсак, 15 миллион сўм атрофида маблағ талаб қилади. Эшитилганда катта маблағ бўлиб туюлар, лекин ўртача 50 йилга тақсимлаганимизда бу арзимас бў­либ қолади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шунда-ки, қуёш панеллари ёрдамида олинган электр энергиянинг таннархи асосан яримўтказгичли кремний баҳосига боғлиқ. Эндиликда Навоий вилоятида техник кремний олиш заводи ишга туширилганини ҳисобга олсак ҳамда бундай қурилмалар конвейер асосида ишлаб чиқарилса, нархи бундан-да арзон бўлади.

— Ҳозирги кунда бу борада Тошкент давлат техника университетида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Муқобил энергиядан тўла ва унумли фойдаланишни таъминлайдиган асосий омиллардан бири, соҳани яхши биладиган, тушуна оладиган ва муқобил энергетика қурилмаларини ишлата оладиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашдир.

Бизнинг электроника ва микроэлектроника кафедрамизда қуёш фотоэлементларидан энергия олиш бўйича 20 йилдан бери изланишлар олиб борилиб, бир нечта янги қурилмалар яратилди. Сўнгги 5-6 йилда биз кремнийнинг хоссаларини ўзгартириш ор­қали ундан наноструктура ҳосил қилиб, янги турдаги фотоэлемент олиш мумкинлигини исботлаб бердик. Кремнийда наноструктура ҳосил қилсак, ундан олинаётган фотоэлементларнинг хоссаси ва қуввати юқори бўлади ҳамда арзонга тушади. Яна қуёш батареясида янги турдаги фаол ишлайдиган материаллар олиш масалалари устида изланишлар кетаяпти.

Кафедра профессор-ўқитувчилари умумтаълим мактабларида қуёш энергиясидан фойдаланишга мўлжалланган янги турдаги лаборатория асбобларини яратди ва 20 дан ортиқ мактабда синовдан ўтказди. Мактаб ўқувчилари фотоэффект ҳодисаси, қуёш энергияси манбаларининг кетма-кет ва параллел уланишини ўрганиш, энергиянинг бир турдан иккинчи турга айланиши, қуёш элементи, ўтказгич қаршилигини амперметр ва вольтметр ёрдамида аниқлаш, геометрик оптика қонунларини ўрганиш каби лаборатория асбобларида тажриба ишларини бажардилар. Шунингдек, ёруғлик энергиясини электр энергиясига айланиши тўғрисида аниқ тассаввурларга эга бўлдилар. Бу қурилмаларнинг яна бир афзаллиги шундаки, уларга таш­қи электр манбаи керак эмас.

Муқобил энергия соҳаси келажак фани, эртанги куннинг асосий масаласи бўлиб қолмоқда. Мамлакатлар иқтисодиёти айнан мана шу муқобил энергия манбаларидан қандай фойдаланишига қараб ривожланади. Бир сўз билан айтганда истиқболимиз айнан муқобил энергия соҳаси тарақ­қиё­тига боғлиқ.

Шуҳрат ИСЛОМОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.