04.04.2013

Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ташаббуслари

электорат манфаатини ҳимоя қилишга, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилиши зарур

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VII пленуми бўлиб ўтди. Унда Обод турмуш йилида партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг партия электорати манфаатлари билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишдаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИРЛАР  ТАЪСИРЧАНЛИГИНИ ОШИРИШ ЗАРУР

Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси:

— Эътибор қиладиган бўлсак, жамиятимизни янгилаш ва демократлаштириш жараёнида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, халқ маънавияти, энг муҳими, миллат тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқлигини кўрамиз. Бу эса маънавий-маърифий йўналишдаги ислоҳотларни изчил ривожлантириб боришни тақозо этади.

Бундай шароитда ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил тарзда ёндоша оладиган, айни чоғда шахсий манфаатларини халқ манфаатлари билан уйғун кўрадиган ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, улар ўз қобилиятини намоён қилиши учун имкониятни янада кучайтириш, ёрдам бериш муҳим вазифа ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида тўпланган тажриба, дунё жамоатчилиги ўзбек модели дея эътироф этган ўзимизга хос ва ўзимизга мос тараққиёт йўлимиз, келажаги буюк давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган барча тарихий ўзгариш ҳамда янгиланишлар юртдошларимиз қалби, онги ва шуурига улкан таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу ҳаётий тажрибалардан келиб чиқиб, партия тизимида ташкил этилаётган сиёсий, маънавий-маърифий тадбирларни маъно-мазмун жиҳатдан янада бойитиш, таъсирчанлигини ошириш зарур.

Айниқса, ёшларимизни турли ахборот хуружлари, эркинлик ниқобидаги ахлоқсизликлар, худбинлик иллатларидан асрашга хизмат қиладиган тарғибот ишларини кучайтириш лозим, деб ўйлайман. Ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини чуқур англаган ёшлар ҳеч бир ёт ғоялар таъсирига тушмайди.

БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШ ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми орасида меҳнатга лаёқатли, ислоҳотларнинг иқтисодий ва ижтимоий самарасини оширишга ҳисса қўша оладиган кишилар кўпчиликни ташкил этади. ЎзХДП бундай фуқароларни фаол меҳнат жараёнига жалб этиш уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг асосий йўналиши, деб ҳисоблайди.

Бу борадаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган йили 50 дан ортиқ туман ва шаҳарларда бандлик масаласи ўрганилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан сессияларда кўриб чиқилди. 87 та ҳолатда тегишли доимий комиссия ва ҳокимлик ҳузуридаги бандликка кўмаклашувчи ишчи комиссияларда муҳокама этилди. Жойларда ўтказилган таҳлиллар асосида фракциямиз ташаббуси билан янги иш ўринлари ташкил этиш масаласи юзасидан икки марта парламент эшитуви ўтказилди.

Аҳоли бандлигини таъминлашда «Коллеж-корхона» ҳамкорлигини янада мус­таҳкамлаш муҳим аҳа­миятга эга, деб ўйлайман. Ўтган йили фракциямиз аъзо­лари ва маҳаллий Кен­гашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан мазкур йў­налишдаги муаммолар ечими бўйича 500 дан ор­тиқ так­лифлар ишлаб чиқилди.

Кези келганда таъкидлаш керакки, ўтган йили партия­миз депутатлик гуруҳлари томонидан 100 га яқин муқобил лойиҳалар ҳудудий дастурларга қўшимча си­фатида киритилиб, 1000 дан зиёд иш ўринлари яратилишига эришилди.

Шу ўринда бир савол туғилади: Хўш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда партия ва депутатлар иштирокини кучайтириш учун яна нималарга эътибор бериш лозим?

Менимча, аввало, ўзини ўзи бошқариш органлари би­лан изчил алоқани йўлга қў­йиш зарур. Бандлик масаласини ҳал этишга қаратилган лойиҳаларнинг амалдаги ижросини таъминлашни маҳаллалардан бошлаш, электоратимизнинг фаолли­гини ошириш талаб этилди.

Яратилаётган иш ўринлари тегишли ҳудуддаги коллежларни битираётган ёшларнинг ихтисосликларига мослигини доимий таҳлил қилиб бориш, дастур ижросини ҳар ой якуни бўйича танқидий-таҳлилий муҳокама этиш зарур. Шунингдек, қишлоқларда маиший хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича дастурларнинг ижросини нафақат назорат қилиш, балки бино, ер ажратиш, кредит олиш, коммуникация тармоқларига уланишда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

ДЕПУТАТЛИК ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ КУЧАЙТИРИШ МУҲИМ ВАЗИФА

Адҳам ДОЛИЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси:

— Афсуски, айрим жойларда коллеж битирувчилари учун яратилаётган иш ўринлари мавсумий, ма­салан, 2-3 ойлик бўлиб қолмоқда.

Шу ўринда яна бир бор мутахассислик бўйича ишга жойлаштириш масаласига тўхталиб ўтмоқчиман. Сир эмас, жойларда коллежларни битираётган ёшлар иш топишда қийинчиликларга дуч келади. Натижада битирувчилар ўз ихтисослигига мос бўлмаган ташкилотларда ишлашга мажбур бўлаяпти. Шу боис улар иш жойида узоқ қолмаяпти.

Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ўз такли­фимни билдирмоқчиман.

Биринчидан, Озиқ-овқат корхоналари уюшмаси тизимида ишлаб чиқилган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилган 2500 дан ортиқ лойиҳани амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг иштирокини тизимли таъминлаш зарур. Чунки мазкур лойиҳалар амалга ошса, ҳам янги иш ўринлари очилади, ҳам бозорларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлади, бу борада таклифлар кўпайиб, нархлар барқарорлашади. Бу жараёнда жа­моатчилик ва депутатлик на­зорати кучайиши муҳим аҳа­мият касб этади.

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР — КАТТА КУЧ

Учқун ШОЙИМҚУЛОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда бошланғич ташкилотлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бошланғич ташкилот етакчиси фаол, ташаббускор ва жонкуяр бўлса, обрў-эътибор топади, ўз ортидан кишиларни эргаштиради. Партия аъзолари ҳам етакчини қўллаб-қувватлаши, ҳар бир ишда ёнма-ён туриши жуда муҳим. Шунда қуйи бўғин катта кучга айланади.

Афсуски, партиянинг элек­торат орасида олиб бораётган ижтимоий-сиёсий ишлари самарадорлигини оширишда бошланғич ташкилотларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида фаолият юритмаяпти. Масалан, айрим туман ва шаҳар партия кенгашлари бошланғич таш­килотларнинг барчаси билан мустаҳкам алоқа ўрнатмаган. Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида­ги ўқувлар қуйи бўғинда тўлиқ ўтказилмаяпти. Кўпгина етакчиларининг сиёсий билими ва олиб бораётган фаолияти ҳозирги замон талаби даражасида эмас. Бун­дан ташқари, кадрлар билан ишлаш ва депутатликка муносиб номзодлар захирасини бошланғич ташкилотларда танлаш ишлари ҳам суст олиб борилаяпти.

Қуйи бўғин ишини кучайтириш учун, аввало, ҳар бир бошланғич ташкилот билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, уларнинг фаолиятини услубий жиҳатдан йўналтириб туриш, етакчилар самарали ишлаши учун амалий ёрдам кўрсатиш зарур. Фаол БПТларни рағбатлантириш, уларнинг ютуқларини кенг тарғиб этиш, жонкуяр етакчиларнинг номзодларини партия ташкилотлари раҳбарлигига, депутатликка кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳам ях­ши самара беришини тажриба кўрсатмоқда.

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Нурали ОРИПОВ,

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.