02.04.2013

Ҳуқуқий тажриба қонун лойиҳасини такомиллаштиришга хизмат қилади

Мамлакатимиз парламенти давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қоидаларини амалга оширган ҳолда, ўз қонун ижодкорлиги фаолиятининг услублари ва сифатини тобора такомиллаштирмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси миллий ҳуқуқий амалиёт учун янги услуб – ҳуқуқий тажриба ўтказишни жорий этиш ташаббусини илгари сурди. Парламент аъзоларининг ушбу ташаббуси Президентимиз Ислом Каримов томонидан қўллаб-қувватланди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ишлаб чиқилган лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказиш тартиби ҳамда шартларини белгилаб берган фармойиши қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур ҳуқуқий тажрибани ўтказиш бўйича ишчи комиссиянинг ташкилий мажлиси бўлиб ўтди.

Унда мазкур ишчи комиссия аъзолари – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларининг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари қатнашди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, ишчи комиссия раиси Д.Тошмуҳамедова бошқарди.

Ишчи комиссия зиммасига юкланган вазифаларга биноан 2013 йил давомида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказиладиган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажрибани ташкилий таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Мажлисда мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш давомида халқаро стандартларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилгани ва у Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган сўз эркинлиги ҳамда фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлаши таъкидланди. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 30-моддасида барча давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгиланган. Бу қоида ва принциплар қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда ахборот соҳасини жадал ва эркин ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароитлар яратилган. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, ахборот эркинлигини таъминламасдан бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз. Ахборот соҳасини демократия асосида ривожлантириш Ўзбекистонда демократик жамият қуришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ушбу соҳани янада эркинлаштириш ҳамда демократлаштириш мақсадида миллий қонунчилигимизни такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган. Жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган. Янги қонунда жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедураси белгиланган, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлари тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг бу қарорлар сифати учун жавобгарлигини оширишга, жамиятимизда фикрлар хилма-хиллигини, сўз ва сайлов эркинлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди, ахборот ҳуқуқи соҳасида фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар тавсиялари инобатга олинди. Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси, хусусан, хорижлик экспертлар иштирокида кенг муҳокама этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ўтказилган қирқдан ортиқ конференция, семинар ва давра суҳбатлари якунлари бўйича мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга оид юзга яқин таклиф умумлаштирилди.

Президентимизнинг мазкур қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказишга оид фармойишининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг янги ҳуқуқий амалиётида ноёб тажриба бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришларнинг мантиқий давомидир. У қонун лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштириш, демократик принципларга асосланган янги ҳуқуқий ҳужжатларни синовдан ўтказиш услубини қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жорий этиш учун қўшимча имкониятлар очиб беради. Шуниси эътиборлики, мазкур услуб сўз ва ахборот эркинлиги, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида илк бор қўлланилмоқда. Бу, шубҳасиз, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.

Ҳуқуқ амалиётига жорий этилаётган мазкур янги услуб Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги назарияси ва амалиётини тизимли такомиллаштириш жараёнидаги навбатдаги босқич, мамлакатимизда ижтимоий ҳаётни демократлаштириш жараёнлари мукаммаллигининг муҳим сифат кўрсаткичидир. Давлатимиз раҳбарининг ҳуқуқий тажрибани ўтказиш тўғрисидаги мазкур фармойиши ижросини таъминлаш жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ билан янада кенг муносабатлар ўрнатишига кўмаклашади.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар буни алоҳида таъкидлади.

Ҳуқуқий тажрибанинг мазмун-моҳияти муайян вилоят, туман ҳамда шаҳар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг реал фаолиятида ушбу қонун лойиҳасини синовдан ўтказишдан иборат экани қайд этилди. Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат тузилмаларидан ташқари оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, уларнинг ишлари ҳақида ахборот олишдан манфаатдор юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳам мазкур тажрибанинг иштирокчилари ҳисобланади.

Ҳуқуқий тажриба қонун лойиҳасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини янада тўлиқ таъминлаш, аҳолини мамлакатимизни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилиш жараёнлари ҳақида хабардор қилишда фуқаролик институтлари, шу жумладан ОАВнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган нормалари самарадорлигини амалда текшириб кўриш имконини беради. Бундан ташқари, тажриба давомида журналистлар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини изчил ошириш мақсадида уни журналистларнинг ўзи тартибга солиши бўйича турли механизмлар ҳам синаб кўрилади.

Давлатимиз раҳбари фармойиши билан тасдиқланган ҳуқуқий тажрибани ўтказиш тартибига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлари қатъий белгиланган. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмайдиган муддатда, оммавий ахборот воситаларининг тажриба субъектлари фаолияти, унинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил қилиш тўғрисидаги талаби эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт. Бунда ахборот олиш талаблари ёзма, жумладан, электрон ҳамда оғзаки шаклда бўлиши ва бевосита, ахборот олишдан манфаатдор шахсларнинг ваколатли вакиллари орқали юборилиши ҳам мумкин. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини янада кенгайтиради.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасини синаб кўриш вазифаларини комплекс равишда амалга оширишга қаратилган чоралар ҳам белгиланди. Жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларини тажрибанинг бориши, жисмоний ва юридик шахслар учун ахборот олишнинг янги имкониятлари ҳақида кенг хабардор қилиш шулар жумласидандир. Ўтказиладиган тажриба самарадорлигини ва унинг субъектларининг ахборот ошкоралигини таъминлашга доир фаолиятининг аҳоли томонидан баҳоланишини аниқлаш учун ижтимоий тадқиқотлар ҳам ўтказилади. Шунингдек, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича, жумладан, чет эллик экспертлар иштирокида конференциялар, семинар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу борада ташкил қилинадиган махсус сайтда ҳар бир одам қонун лойиҳасининг синаб кўрилиши қандай амалга оширилаётгани билан танишиши, унинг нормалари муҳокамасида қатнашиши, ОАВ вакиллари эса ҳуқуқий тажриба субъектлари фаолияти хусусида ахборот материалларини бемалол олиши мумкин.

Ҳуқуқий тажриба самарадорлигини таъминлаш учун уни ўтказиш бўйича ишчи комиссиядан ташқари, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларида шундай ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Тажриба давомида олинган натижалар таҳлили асосида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ишчи комиссия йиғилишида муҳокама якунлари бўйича “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни синовдан ўтказиш вазифаларини амалга оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

ЎзА, Анна Иванова



DB query error.
Please try later.