02.04.2013

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Шу йил 1 апрель куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти ҳосилдор тупроғи, бой минерал хомашё манбалари, етарли сув захиралари билан алоҳида ажралиб туришини, гўзал табиати, хушманзара масканлари билан ҳар қандай кишини ҳайратга солишини таъкидлади.

Вилоятнинг миришкор деҳқонлари ўзларининг пешона тери эвазига етиштираётган ноз-неъматлари билан наинки вилоят аҳолисини, айни чоғда азим пойтахтимиз аҳлини ҳам мева, сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Тошкент вилоятида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи бўлмиш саноат юқори даражада ривожланган. Умуман олганда, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 9,6 фоизи, саноат маҳсулотларининг 12,4 фоизи, хизматларнинг 9,4 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келиши унинг катта ишлаб чиқариш салоҳиятига эга эканини тасдиқлайди, деди Юртбошимиз.

Воҳада ёқилғи-энергетика мажмуаси, кимё, нефть-кимё, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Бунга мисол қилиб АҚШнинг машҳур "Женерал Моторс" компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ягона ҳисобланган автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган замонавий заводни, Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод шаҳарларидаги йирик саноат мажмуаларини келтириш мумкин.

Президентимиз Тошкент вилоятида турли соҳаларда қўлга киритилган ютуқларни қайд этган ҳолда, мавжуд камчиликларни таъкидлаб, галдаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Р.Холматов Тошкент вилояти ҳокими вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра Андижон вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Аҳмад Тугилович Усмонов Тошкент вилояти ҳокими этиб сайланди.

Сессияда “Нуроний” жамғармаси Чиноз тумани бўлими раиси Мираҳмад Давронов, Бўка туманидаги “Мустақил Ўзбекистон” фермер хўжалиги раҳбари Раҳмон Саидов, Тошкентдаги Турин политехника университети талабаси Олимжон Тўйчиев, Пскент туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Марҳабо Қурбонова сўзга чиқиб, Президентимиз нутқида Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилганини, вилоят аҳли билдирилган фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, ислоҳотлар самарасини юксалтириш, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидлади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.