30.03.2013

ХАЛҚИМИЗНИНГ БУЮК ОРЗУЛАРИ УШАЛМОҚДА

Фарзандлар бахти ва иқболини кўзлаб эзгу орзулар билан яшаш халқимизга хос азалий фазилатлардандир. Ватанимизнинг ­мустақилликка эришиши ана шу буюк ва олижаноб мақсадни рўёбга чиқариш имконини берди. Озодлик шарофати билан миллатимизнинг бу эзгу мақсади — баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фар­занд­ларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғ­лом этиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунё­да ҳеч кимдан кам бўл­майдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Ўтган йиллар мобайнида бу буюк мақсадга эришиш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг юксак самараларини ҳар қадамда, миллионлаб юртдошларимиз ҳаёти мисолида яққол кўриш мумкин. Мисол учун, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортган. Болаларнинг бўйи ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сан­тиметрга, қизлар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсган. Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Президент Ислом Каримов раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида барчамизга катта қувонч бағишлайдиган ва қалбларимизни чексиз ғурурга тўлдирадиган ана шундай ёрқин мисоллар, да­лиллар ва рақамлар келтирилди. Айтиш керакки, бундай нати­жа­ларга осонлик билан эришилаётгани йўқ. Уларнинг замирида катта меҳнат, ҳар жиҳатдан пух­та ўйланган, кенг қамровли ва тизимли чора-тадбирлар му­жассам.

Соғлом зурриёдни дунёга келтириш, оилани, оналик ва бола­ликни муҳофаза қилиш, ёшларимизнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом бўлиши, замонавий билимларни эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш бораси­даги саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир. Айниқса, баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омили бўлган болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эъти­бор ва ғамхўрлик бу жараёнда ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббу­си билан ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари юртимиз байроғини баланд кўтарадиган, Ватан шаъни, халқ ғурури учун курашадиган маҳоратли спортчиларни тарбиялашда ўзига хос ноёб мактаб вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистоннинг болалар спор­тини ривожлантириш соҳасидаги сиёсатини кўплаб мамлакатлар қимматли тажриба сифатида ўрганаётир. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ўта ноёб тузилмадир. Мамлака­тимизда тўпланган тажриба шу­ни кўрсатмоқдаки, ёшларнинг спортга қизиқиши ва меҳрини айни болалик давридан уйғотган тақдирдагина спорт ҳар қай­си одамнинг ҳаётида доимий ҳамроҳга айланишига эришиш мумкин. Эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болалар жисмонан соғлом бўлиб воя­га етади. Шу аснода ёшларимизни баркамол инсонлар этиб камолга етказиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекис­тон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг мажлисида бу жиҳатга эътибор қаратар экан, болалар ва ёшларнинг спорт билан оммавий равишда шуғулланиши уларнинг характерини тоблайди, кучли, мард ва жасур бўлиб камол топишига хизмат қилади, қатъиятли, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини мардона енгиб ўтишга қодир инсонлар этиб тарбиялайди, спорт билан мунтазам шуғулланиш фарзандларимизнинг феъл-атвори ва турмуш тарзини ижобий томонга ўзгартиради, деб алоҳида таъкидлади.

Ёшларимизнинг спорт билан ошно бўлиб, мана шундай ноёб фазилатларга эга инсонлар бўлиб шаклланиши учун юртимизда ҳавас қилса арзигудек шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилган ва спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланган замонавий спорт мажмуалари, спорт заллари, стадионлар, сузиш ҳавзалари, спортга ихтисослашган мактабларда юз минглаб ёшларимиз спортнинг кўплаб турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Бугунги кунда янгидан барпо этилган болалар спорти объектларида фаолият кўрсатаётган 57,5 минг­дан ортиқ спорт секцияларида 1 миллион 800 минг нафардан зиёд бола мардлик ва маҳорат мактабини ўтаётгани болалар ўртасида спорт нақадар оммавийлашиб бораётганини яққол намоён этади. Яна давлатимиз раҳбари маърузасида алоҳида таъкидланган рақамларга мурожаат қиламиз: 2003 йилда мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш 20,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда 40,5 фоизга, жумладан, қизлар ўртасида 16,4 фоиздан 32,5 фоизга ўсган. Сўнгги ўн йилда қиш­лоқ жойларда болаларнинг спорт билан шуғулланиши 14,5 фоиздан 39 фоизга ошган.

Мазкур кўрсаткичларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини чуқур англаш, ҳис этиш учун яқин тарихимизда бу йўналишда аҳвол қандай бўлганлигини кўз олдимизга келтирайлик. Илгари жисмоний тарбияга одатда иккинчи даражали дарс сифатида қаралар эди. Аксарият мактабларда машғулот ўтказиш учун тайинли шароит ҳам, замонавий спорт жиҳози ҳам йўқ эди, машғулотлар дастури ва уни амалга оширадиган мутахассислар масаласини айтмаса ҳам бўлади. Айниқса, қишлоқ мактабларида жисмоний тарбия дарсларида деярли бир хил манзара кузатиларди: болалар саф тортиб «стадион»га чиқар, тап-тақир майдонда увадаси чиққан тўпда футбол ўйнар эди. Спорт залига эга мактаблар нафақат қишлоқларда, ҳатто шаҳарларда ҳам саноқли эди.

Бугунги манзара умуман бош­қача. Мамлакатимиздаги мавжуд 9 минг 600 умумтаълим мактабининг 81 фоизи янгидан қурилган ва реконструкция қилинган спорт залларига эга. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг барчаси замонавий жиҳозланган спорт заллари билан таъминланган. «Жисмоний тарбия» дарслигининг тайёрланиши ва етказиб берилиши мактабларда жисмоний тарбиянинг фақат амалий машғулот эмас, балки илмий-назарий асосларга эга фан сифатида ҳам ўқитилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Авваллари спортчиларимиз хорижга чиққанда замонавий спорт анжомларидан ҳайратланиб, шундай жиҳозлардан фойдаланишни орзу қилгани сир эмас. Ҳозир профессионал спортчиларимиз ҳам, оддий ёшлар ҳам сўнгги русумдаги спорт инвентарлари ва замонавий дастурлар асосида машғулот олиб бормоқда. Болаларнинг спорт билан шуғулланишга қизиқишини янада ошириш мақсадида ҳар йили ўткази­лаётган «Ёзги таътил», «Қувноқ стартлар», «Соғлом оила», «Маҳалламиз полвонлари», «Футболимиз келажаги», «Шунқорлар», «Камолот» шахмат тахтаси» каби қатор спорт тадбирлари, фестиваллар, мусобақалар минг-минглаб болаларни оммавий равишда жисмоний соғломлаштиришга жалб этиш имконини бермоқда.

— Ёшлигимда белбоғли курашга қизиққанман. У пайтлари ҳозиргидек спорт мажмуалари қаёқда дейсиз?! Машғулотларни ҳеч қандай шароити йўқ клубда олиб борардик. Бугун яратилган шароитларни кўриб, ҳозирги ёшларга ҳавасим келади, — дейди Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи спорт фахрийси Асрор Ҳакимов. — Илгари ҳатто шаҳарларда ҳам, нари борса, икки-учта спорт иншооти бўларди. Уларда ҳам мураббий етишмовчилиги, спорт анжомлари танқислиги доимий муаммо эди. Қишлоқларда эса шароит йўқлиги боис қанча-қанча истеъдодлар кашф этилмай сўнарди.

Айтинг, мустақил бўлмаганимизда бу ҳол яна қачонгача давом этарди?! Тугармиди ўзи?!

Истиқлолга эришмаганимизда, давлатимиз раҳбари томонидан спортга, айниқса, болалар спортига бунчалар катта эътибор кўрсатилмаганида ўзбек ўғил ва қизлари, оддий қишлоқ болалари сайёрамизнинг энг нуфузли беллашувларида шоҳсупага кўтарилармиди? Рустам Қосимжонов жаҳон шахмат тожини боши узра кўтара олармиди? Мамлакатимиз раҳбари маърузасида келтирилган ҳамда вакилларимиз эришган бошқа ғалабаларни хаёлимизга келтира олармидик?

Ватанимиз озодлиги орзу-ният­ларимиз, интилиш, сало­ҳият ва хайрли саъй-ҳаракатларимизга қанот берди. Шермат ака сингари оддий қишлоқ одамларининг эзгу муддаолари бугунги ёш авлод тимсолида рўёбга чиқмоқда. Улар замонавий спорт мажмуаларида шуғулланмоқда. Уларга мамлакатимиз ва жаҳон миқёсидаги беллашувларда қатнашиш учун барча йўллар очиқ. Мана бу мисолларга эътибор беринг: 2005-2012 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 4 минг нафар бола 333 халқаро спорт тадбирида, турли фестиваль ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этган, мазкур мусобақаларда қатнашганларнинг асосий қисми — қарийб 2 минг 400 нафари қишлоқ жойларда яшаётган ўғил-қизларимиздир. Истиқлол йилларида бунёд этилган спорт объектларида спортчи сифатида шаклланиб, камолга етган бу ёшларимиз дунёнинг 34 дан ортиқ мамлакатида бў­либ, спортнинг 30 тури бўйича юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани барчамизга ғурур бағишлайди.

Кўриниб турибдики, юртимизда яратилган қулайликлар ёш истеъдод соҳиблари — сало­ҳиятли, қобилиятли, баркамол фарзандларимиз учун янгидан-янги имкониятлар эшикларини очмоқда. Ҳозир деярли ҳар куни мамлакатимиз вакиллари спортнинг қайсидир йўналишида сов­ринли ўринни қўлга киритганини эшитамиз.

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Яккатут қишлоғидаги замонавий спорт мажмуаси ҳам ана шундай азму шижоатли ёшларни камолга етказаётган масканлардан бири. 2005 йили Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобига бунёд этилган мазкур мажмуада болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, саккиз юз нафардан ортиқ ёшлар спортнинг ўн тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу ерда спорт-соғломлаштириш, бошланғич тайёргарлик ҳамда ўқув-машқ гуруҳларида қишлоқ ёшлари ўзлари қизиққан спорт турлари бўйича машғулотларда қатнашмоқда. Машқ­лар ўқувчиларнинг бўш вақтларига қараб белгиланган ўқув дастури ва қатъий жадвал асосида ўтказилаётир.

— Бундай замонавий спорт масканларида яратилган қу­лай шароитлар ёшларимизни спорт билан мунтазам шуғул­ла­ниб, мамлакатимиз ва халқ­аро миқёсдаги беллашувларда янги-янги ғалабаларга эришишида муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди болалар ва ўс­мирлар спорт мактаби директо­ри Аҳмаджон Сатторов. — Ўтган йиллар давомида мажмуамизда кўплаб чемпионлар етишиб чиқди. Шахмат бўйича кўп карра мамлакат чемпиони, Халқ­аро шахмат федерацияси — ФИДЕ халқаро гроссмейстери Нафиса Мўминова, шахмат бў­йича ФИДЕ устаси Ҳулкар Тоҳир­жонова, белбоғли кураш бў­йича жаҳон чемпиони Сабоҳат Шералиева, Осиё чемпиони Дилшода Юнусова шулар жумла­сидандир. Белбоғли кураш бў­йича Динара Рўз­матова, Сарвиноз Алижонова, Нилуфар Эркинжонова, эшкак эшиш бўйича Адолат Қаҳҳорова, Назорат Ҳасанова, Сардор Қобилжонов, Давлат Эгамбердиев, енгил ­атлетика бўйича Гулрухсора Ҳошимова, Ҳуснора Воҳидова сингари ёшларни мил­лий спортимизнинг умидли юлдузлари десак, янглишмаймиз.

Кейинги йилларда қизларни спортга жалб этиш борасида қандай катта натижаларга эришилаётгани, умуман, жамиятда, оилада қизларнинг спорт билан шуғулланишига бўлган муносабат ўзгарганини биргина юқоридаги спорт мактаби ҳаёти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Яқин-яқингача оилаларда қиз бола келгусида уй бекаси бўлади, келин бўлиб тушган хонадонини обод қилиб ўтирса, турмуш ўртоғи, қайнота-қайнонасини рози қилиб, дуосини олса бас, деган фикр устун бўлиб, кўпинча уларнинг ўзи қизиққан касб ва ҳунарлар бўйича ўқишни давом эттириши, орзулари ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун имконият ва шароит яратиб беришга эътибор суст эди.

Мамлакатимизнинг изчил ривожланиб, тараққий этган замонавий давлатлар қаторига қўшилаётгани, тафаккуримизда рўй бераётган ўзгаришлар, аёлларнинг давлат, жамият ҳаётидаги, оиладаги ўрнини янада юксал­ти­риш, қизларни спортга ошно этиш йўлида амалга ошири­лаётган кенг кўламли ишлар натижасида бу қарашлар ҳам ўз­гармоқда. Боланинг, айниқса, қизларнинг ҳар жиҳатдан соғ­лом, латофатли ва дилбар бў­либ вояга етишида спорт бе­қиёс ўрин тутишини, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини бугун барча теран англаб етмоқда. Спорт тўгаракларига қатнаётган қизлар сафи тобора кенгайиб бораётгани, уларнинг халқаро мусобақалардаги ғалабалари салмоғи ошаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

— Сарвиноз болалигида спорт тўгарагига бораман, деб роса инжиқлик қилган. Шундан сўнг набирамни илк бор спорт залига ўзим етаклаб борганман, машғулотлардаги иштирокини қизиқиб кузатардим, — дейди айкидо бўйича Осиё чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори сурхондарёлик Сарвиноз Шайдуллаеванинг бувиси Жавҳар Худойбердиева. — Бизнинг ёшлик чоғимизда спорт билан шуғулланиш учун бундай шароитлар қаёқда эди, дейсиз. Баъзида болалигимда шундай қулайликлар бўлганида мен ҳам машҳур спортчи бўлармидим, деган хаёлга бораман. Бугунги ёшларга яратилган шароитларни кўриб, ҳавасим келади. Юртбошимиз айтганларидек, даврани кенгроқ олинглар, баланд марраларни кўзланглар, болаларим, дейман. Уч ўғлим, уч қизим, 15 нафар набирам бор. Набираларнинг ҳаммаси спорт билан шуғулланади. Уларнинг соғлом ва иродаси кучли инсонлар бўлиб вояга етаётганидан қувонаман. Сарвинозимнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу юксак эътироф нафақат уни, балки кўплаб тенгдошларини ҳам илҳомлантириб юборди. Айниқса, Юртбошимизнинг болалар спортини ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлисда қизим эришган ютуқларга алоҳида тўхталиб, Сарвиноз ҳақида самимий фикрлар билдирганидан ниҳоятда руҳланиб кетдик. Давлатимиз раҳбарининг оддий қишлоқ қизига шу даражада катта эътибор қаратиб, бошқаларга ибрат сифатида кўрсатганидан қувонмай, шодланмай бўладими?!

Ҳақиқатан ҳам Президентимиз Ислом Каримовнинг Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгаши мажлисидаги маърузаси бутун халқимизни руҳлантирди. Айниқса, Сарвиноз Шайдуллаева ҳақида билдирган фикрлари бутун Ўзбекистон қизларига яна бир бор ўз қадрини, қандай буюк зотларнинг авлодлари эканлигини ва улар қандай улкан ютуқларни қўлга киритиш­га қодирлигини англаб олишлари учун катта куч, ғайрат ва шижоат бағишлади.

Бугунги кунда спорт бутун дунё­­да ҳар қайси миллат, ҳар қайси халқни жаҳонга танитишнинг, унинг ўз салоҳиятини намоён этиши, ғурур ва ифтихорини юксалтиришнинг энг самарали ва таъсирчан воситасига айланган. Юртимизда болалар спортини ривожлантиришга Ўзбекистон спортининг кела­жагини таъминлаш, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини юксалтиришнинг бош омили сифатида қаралаётгани бежиз эмас.

Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг ҳар қайси вилоят ёки туман раҳбари, ҳар қайси етакчи ва мутасадди шахс болалар спортини ривожлантириш масаласига ғоят жиддий эътибор қаратиши зарур, қаерда, қайси соҳада бўлмасин — бу илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаси бўладими, агарки йилт этган истеъдод пайдо бўлса, бундай болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни аввало Ватанимиз, халқимиз қўллаб-қувватлаётганини жамоатчилигимизга, ёшларимизга етказишимиз, англатишимиз керак, де­ган гаплари алоҳида аҳамиятга эгадир.

Болалар, ёшларни спортга жалб этиш, улар орасида спортни оммалаштириш, ўғил-қизларимизни жисмоний чиниқишга ўргатиш муайян ташкилотларнинг вазифаси, деб юрадиганлар ҳам йўқ эмас. Аслида спорт билан шуғулланаман, деган болага ҳар биримиз қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатсак, унинг қобилияти юзага чиқишига кўмак берсак, бола ўз мақсади йўлида астойдил интилади, тинимсиз ҳаракат қилади, эзгу ниятга эришиш асносида унда мустаҳкам ирода шаклланади. Бу билан халқимизнинг буюк мақсади бўлган баркамол авлодни тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ўзбекистонда спортга болалик давридан меҳр қўйган руҳи тетик, илиги тўқ, билаги бақувват, ҳар томонлама баркамол авлод вояга етмоқда. Бу соғлом авлод тимсолида келажагимизни, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича белгилаб олган юксак мақсадларимизга эришиш йўлида том маънода ҳал қилувчи куч, таянч ва суянч бўлишга қодир ёшларимизни кўриб турибмиз. Халқимизнинг улуғ орзуси — баркамол авлод орзуси рўёбга чиқмоқда...

Олим ТЎРАҚУЛОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.