30.03.2013

БАРЧА ЙЎНАЛИШЛАРДАГИ ИШЛАРИМИЗНИ ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНТИРИШ

партия дастурий мақсадларини муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим шартидир

Аввал хабар берганимиздек, 2013 йил 27 март куни Ташкент шаҳрида Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VII пленуми бўлиб ўтди. Унда Обод турмуш йили ва партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг партия электорати ман­фаатлари билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал қилишдаги иштироки­ни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Марказий тафтиш комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақал­поғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депу­татлик гуруҳлари раҳбар­лари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари, партия фаоллари иштирок этди.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Латиф Ғуломов, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири Сафар Остонов, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Учқун Шойимқулов, Фарғона вилоят партия кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев, «Фаол аёллар» қаноти Чиноз туман бўлими етакчиси Азиза Полвонова, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси, Саноат ташкилотлари уюшмаси бошқарма бошлиғи Адҳам Долиев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Дилрабо ­Расулова кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлашганидек, Обод турмуш йилининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, партиянинг бош дастурий вазифаси аҳоли бандлигини таъминлаш орқали манзилли ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан иборатдир.

Шунинг учун пленумда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, ҳудудий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан таъсирчан депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати ўрнатишдаги иштирокини янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги ишларда партиянинг барча тузилмалари фаол қатнашиши зарурлиги алоҳида қайд этилди. Дастурларда кўзда тутилган иш ўринларининг вақтида очилиши, белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ушбу масалалар бўйича эшитувларини ўтказиш юзасидан ташаббусларни мунтазам илгари суриш лозимлиги таъкидланди.

Пленум иштирокчилари таъкидлаганидек, дастурга киритилганидан таш­қари қўшимча иш ўринлари ташкил этиш бўйича партиянинг барча тузилмалари ташаббускорлигини ошириш зарур. Шу мақсадда жойларда ўз ишини очиш истагида бўлган партия электорати вакилларини аниқлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши зарур. Ушбу масалада ЎзХДП томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар, айниқса, Жамоатчилик қабулхоналари орқали ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатиш лозим. Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудий инвестиция дастурларига маҳаллий ресурс ва хусусий сармояларни кенг жалб этиш йўли билан янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича қўшимча лойиҳаларни киритишга қаратилган фаолиятини янада ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, таълим муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришда партия барча тузилмаларининг самарали иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши керак. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларининг «Коллеждан — корхонага» тизимини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича ҳамкорлигини жиддий кучайтириш талаб этилади. Таълим муассасалари битирувчилари билан тузилган уч томонлама шартномаларнинг тўлиқ бажарилишига фаол кўмаклашиш лозим. Бунда ёшларни кафолатланган тарзда ишга жойлаштириш назарда тутилиши зарур.

Пленумда алоҳида қайд этилганидек, мазкур вазифаларни бажаришда партиянинг барча тузилмалари амалий иштирок этишининг муҳим шаклларидан бири — меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга, «Коллеждан — корхонага» шиори остида мақсадли тадбирларни ўтказишдан иборат бўлиши лозим.

Ушбу тадбирлар доирасида партия маҳаллий кенгашлари ва депутатлик бирлашмалари таълим муассасалари ҳамда корхона-ташкилотлар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиши муҳим аҳамиятга эга. Бундан кўзланган мақсад корхона-ташкилотлар эътиборини таълим муассасаларини тамомлаётган битирувчиларга жалб этиш, шу орқали улар бандлигини таъминлаш самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Марказий Кенгаш аъзолари алоҳида эътибор қаратганидек, мазкур барча масалаларни самарали ҳал этиш юзасидан ЎзХДПнинг парла­мент­даги фракцияси аъзолари кўпроқ қонунчилик ташаббуслари билан чиқишлари муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, партия фракциясига 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турининг бажарилиши устидан парламент назоратини самарали амалга ошириш таклиф этилди. Зарурат бўлганида, бу масала бўйича парламент эшитувини ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш лозимлиги таъкидланди.

Пленум иштирокчилари аҳоли банд­лигини таъминлаш Обод турмуш йилининг устувор йўналишлари ҳисобланган кўплаб ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга хизмат қилади, дея таъкидлашди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлиги даражасини ошириш, аҳоли реал даромадлари янада ўсишини таъминлаш, шу билан бирга, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожи ҳудудлардаги уй-жой ва ижтимоий инфратузилма яхшиланишининг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис партиянинг бош дастурий устувор йўналиши — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга кўмаклашиш эканлигидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг шу билан боғлиқ масалаларда ташаббускорлигини ошириш муҳим вазифа этиб белгиланган.

Ўтган йили ана шу вазифани бажариш юзасидан муайян натижаларга эришилгани, бу борада фаоллик сезиларли даражада ошганини эътироф этиб, пленум иштирокчилари ЎзХДПнинг жойлардаги бир қатор депутатлик гуруҳлари фаолиятини танқидий таҳлил қилишди. Айрим депутатлик гуруҳлари бугунги кунда ҳали-ҳамон сусткашликка йўл қўяётгани, уларнинг электорат манфаатини таъминлашга хизмат қилувчи фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд қилинди.

Пленумда сўзга чиққанлар электорат орасида ижтимоий-сиёсий, мафкуравий йўналишларда олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Партиянинг ғоявий ҳамда мафкуравий фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бунда ЎзХДП электоратининг узоқ муддатли ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Қайд этилдики, бугун сиёсий партия дастурий устувор вазифаларини муайян ижтимоий гуруҳ ва аҳоли қатламлари манфаатларига йўналтиришнинг ўзи кифоя эмас. Эндиликда партиянинг ҳар бир ташкилоти партия дастурий мақсадларига мос тарзда амалий фаолият юритиши, хусусан, манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож кишиларнинг манфаатларини таъминлаш бўйича аниқ натижаларга эришиши лозим.

Демак, жорий йилда электорат вакиллари турмуш даражасини ошириш учун нималар қилиш керак, деган саволга аниқ жавоб топиш, бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқиш талаб қилинади. Бунда амалдаги қонунлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, айни пайтда, электорат ҳамда партия аъзоларининг фуқаролик маърифатини юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш асосий вазифа ҳисобланади.

Юқоридаги таклифлар партиянинг янгиланган дастурий ҳужжатида акс этади ва мазкур ҳужжат навбатдаги сайлов кампаниясига сайловолди дас­турини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳужжат партиянинг ўрта муддатли истиқбол учун мўлжалланган амалий сиёсий мафкурасининг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Пленум давомида партия матбуотида эълон қилинаётган мақолаларнинг мазмундорлиги ва сифатини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Партия нашрлари партиянинг асосий ижтимоий, иқтисодий ва сиё­сий масалалар бўйича позициясини юқори публицистик даражада очиб бериши, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари олиб бораётган ишларнинг амалий натижаларини кўрсатиши лозим. Бу масалада партия марказий нашрлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича бўлимлар ходимлари ҳамда минтақавий партия кенгашлари нашрлари зиммасига кўпроқ масъулият юкланади.

Ижтимоий-сиёсий фаолият самарадорлигини ошириш масалаларини кўриб чиқар экан, пленум иштирокчилари сиёсий ва фуқаролик маърифатини юксалтиришда тизимлиликни таъминлаш заруратига эътибор қаратишди. Партиянинг маҳаллий ташкилотларига бу борадаги фао­лият­ни кучайтириш, партия кадрлари ва фаолларининг миллий мустақиллик, юксак маънавият, давлат қу­рилиши ва ҳуқуқ, замонавий иқ­тисо­диёт, шунингдек, ЎзХДП сиёсий мафкурасининг ўзига хос жиҳатлари каби йўналишларда билими ҳамда маҳоратини муттасил ошириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Партия бошланғич ташкилотлари электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиши талаб қилинади.

Пленумда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги тадбирларни бошланғич ташкилотлар даражасида изчил йўлга қўйиш, аҳоли орасида тушунтириш-тарғибот ишларини самарали ташкил этиш вазифаси қў­йилди. Бундан асосий мақсад партия­нинг фаол тарафдорлари сафини кенгайтиришдан иборатдир.

Бошланғич ташкилотларни мустаҳкамлаш партиянинг бутун ташкилий тузилмасининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП минтақавий кенгашларига партиянинг сайланма органлари аъзолари, маҳаллий партия кенгашлари етакчиларининг касб маҳоратини ошириш, партия ташкилотлари етакчилигига ёш, ташаббускор, илғор фикрловчи ходимлар номзодини илгари суриш тавсия этилди. Таъкидланганидек, бунда партия сайланма органлари аъзоларининг нафақат партиявий йиғилишларда, балки маҳаллий партия ташкилотларининг кундалик фаолиятида иштирок этишига эришиш керак.

Пленумда 2013 йилнинг иккинчи ярим йиллиги бошида партиянинг барча бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур жараёнда бошланғич ташкилотларга раҳбарлик қилишга, ЎзХДП электорати орасида самарали ижтимоий-сиёсий фаолият олиб боришга қодир партия аъзолари номзодларини илгари суриш муҳим аҳамиятга эга.

Бўлиб ўтган муҳокамалар натижаларига кўра, пленум партиянинг 2013 йилга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурини тасдиқлади. ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг 2012 йилдаги фаолияти натижалари тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди. Шунингдек, пленумда партиянинг 2012 йилги бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳамда 2013 йилги бюджети кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Пленум олдидан ташкил этилган шўъба йиғилишларида партия устав фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар тегишли қарорлар билан расмийлаштирилди. Улар партиянинг барча маҳаллий ташкилотларига ижро этиш учун юборилади.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши матбуот хизмати.



DB query error.
Please try later.