30.03.2013

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

аҳолининг унга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади

«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжумани «Ўзбекистон Республика­си энергия тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари» мав­зусига бағишланди.

Бугун компания тизимидаги электр станцияларининг қуввати 12,4 миллион кВт­дан, барча кучланишдаги электр тармоқларининг узунлиги эса 238,8 минг километрдан ошади. Айни пайтда мамлакатимиз иқтисо­диётида саноат тармоқларининг ривожланиши туфайли, аҳоли фаровонлигининг янада яхшиланиши билан бирга электр энергияси истеъмолига бўлган талаб ҳам тобора ортмоқда. Шу боисдан бугун компания тасарру­фидаги корхоналарга янги илғор технологиялар жорий этилмоқда, ишлаб чиқариш жараёни такомиллаштирилмоқда, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, технологик янгилаш ва кенгайтиришга қаратилган қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Анжуманда компания бошқаруви раиси ўринбосари Рўзиқул Раимов сўнгги йилларда электр энергетика тармоғида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажми барқарор ўсиб бораётганига тўхталиб ўтди. Шунингдек, бунда, айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қи­линган «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ҳамда 2012 йил 21 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил учун инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорлари асосида умумий қиймати 6,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида 48 та инвестиция ло­йиҳаси ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилганини таъкид­лади. Шунингдек, Япониянинг «JICA» агентлиги ҳамда Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига «Таллимаржон» иссиқлик электр станциясида қуввати 900 мегаваттга тенг бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳасининг амалга ошириш ишлари бош­лаб юборилгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

Жаҳонда углеводород хом­ашёси захиралари кама­йиб бораётган бир шароитда биз­да муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ишлари жадал суръатда амал­га оширилмоқда. Хусусан, республикамизда муқобил энергия манбалари, авваламбор, қуёш энергиясидан фойдала­ниш борасида сўнг­ги ўн йилдан буён изланишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда Марказий Осиё­да ўхшаши йўқ Фанлар академиясининг «Физика-Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси — илмий-тажриба марказининг тад­қиқотлари натижалари бутун жаҳонда эътироф этилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш борасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида Самарқанд вилоятида дунёда биринчи ўринда турадиган қуввати 100 мегаваттга тенг қуёш фотоэлектр станциясини қу­риш режалаштирилаётгани ва «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий ҳамда «Ан­грен» махсус индустриал зоналарида бунинг учун зарур бўлган ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этилиши режалаштирилгани эътиборга лойиқдир.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.