Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.03.2013

МАФКУРАВИЙ ЙЎНАЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРМАСДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАДГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VII пленуми олдидан мафкура, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар, ижтимоий сиёсат ва аҳоли бандлиги, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ташкилий-кадрлар ва молия-иқтисод йўналишла­ри бўйича шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда жорий йилда ЎзХДП фао­лиятини янада самарали ташкил этиш бўйича энг муҳим устувор вазифалар муҳокама этилди.

Шўъба йиғилишларида партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш ҳамда минтақавий партия кенгашлари масъул ходимлари, экспертлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партиянинг марказий ва маҳаллий газеталари бош муҳаррирлари, мухбирлари ҳамда бошқа ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мафкура, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбаси йиғилишида партия дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида уларни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Латиф Ғуломов бу йўналишдаги устувор вазифалар ҳақида фикр юритди.

— Партия ташкилотларининг мафкуравий фаолияти дастурий мақсадларимизга эришиш ҳамда электорат ишончини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга, — деди ЎзХДП етакчиси. — Шундай экан, партиямиз сиёсий мафкурасини янгилаш, электоратимиз ижтимоий таркибини ўрганиш, манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларини аниқлаш, уларни янада тўлароқ қондириш учун изчил иш олиб боришимиз зарур. Бунинг учун янги қонунлар қабул қилиш ва амалдагиларини янада такомиллаштириш борасида ташаббуслар билан чиқиш долзарб масаладир. Амалдаги қонунлар ижроси сўзсиз таъминланишига эришиш мақсадида парламент ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари даражасида тизимли қарорлар қабул қилишга қаратилган ташаббусларни кучайтириш зарур.

Партия раҳбари шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида семинарлар ташкил этишда изчиллик етишмаётгани, маҳаллий даражада замонавий ўқув-маърифий технологияларга етарли эътибор берилмаётгани, долзарб ижтимоий-сиёсий воқеаларга бағишланган мавзулар айрим маҳаллий ташкилотлар томонидан анча кеч кўриб чиқилаётганини танқид қилди. Масалан, Навоий, Жиззах ва бошқа баъзи вилоятларнинг айрим туманларида бундай ҳолатни кузатиш мумкин. Мустаҳкам оила йили Давлат дастурини амалга оширишда маҳаллий ва бошланғич ташкилотларнинг иштирокини таъминлашга оид мавзулар эса Андижон вилояти Балиқчи туманида, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 2012 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида кўрилди. Ваҳоланки, бу вақт мазкур йўналишдаги ишларни таҳлил этиш, хулосалар чиқариш пайти ҳисобланади.

Умуман олганда, бу тизимни такомиллаштириш, партия кадрлари ва фаоллари сиёсий маданиятини оширишга устувор аҳамият қаратиш зарур, деди Л.Ғуломов. Бунда миллий ғоя, маънавият асослари, давлат қурилиши ва ҳуқуқ, иқтисодиёт асослари, ЎзХДП сиёсий мафкурасининг ўзига хос хусусиятлари йўналишлари диққат марказимизда бўлиши шарт.

Партия электорати вакиллари билан мақсадли ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказишда мажлисбозликдан қочиш лозим. Афсуски, баъзи туман ва шаҳарларда катта мажлислар залларида 100 дан ортиқ иштирокчи билан «давра суҳбати» деб номланган учрашувларни ўтказиш одат бўлиб қолган. Афсуски, бундай аудитория билан яқин ва мақсадли мулоқот қилишнинг иложи йўқ. Партия ташкилотлари аҳоли билан олиб борадиган ишларида замонавий шакллардан фойдаланиши зарур.

Электорат билан ишлашда замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш зарурлигини шунчаки уқтиришдан ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказишда аниқ технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўтиш зарур. Ижтимоий-сиёсий тадбирларни катта қилиб ўтказишга эмас, балки ҳар бир тадбир партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган аниқ ижтимоий натижа олиб келишига асосий эътиборни қаратиш талаб этилмоқда.

Барча йўналишдаги ишларимизни услубий жиҳатдан таъминлашда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ахборот-ресурс маркази ва жойлардаги ахборот-маърифат хоналари ишининг самарадорлиги сезиларли равишда ошиши, бунда партиянинг бошланғич ташкилотларига услубий ва амалий кўмак бериш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки партиянинг аҳоли билан бевосита мулоқот қилувчи асосий бўғини бошланғич ташкилотлардир.

Партиямиз матбуотида босилаётган материаллар мазмуни ва сифати янада ошишига эришиш лозим. Марказий ва маҳаллий газеталаримиз пар­тиянинг асосий ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалар бўйича позициясини аниқ ифода этиб, электоратимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб бораётган ишимизнинг амалий натижаларини яққол кўрсатиб бериши лозим.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева партия мафкуравий сиёсатининг самарадорлигини ошириш, бу борада янги воситалар, усуллар ва шаклларда иш юритиш, мафкуравий таъсир ўтказиш йўллари, электоратга янада яқин бўлишни таъминлашга қаратилган тадбирлар хусусида тўхталди. Шунингдек, партия Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилаётган услубий қўлланмаларни ўз вақтида қуйи ташкилотлар ва албатта БПТга етказиш, ахборот-маърифат хоналарининг моддий-техник базасини шакллантириш масалалари ҳақида танқидий фикр-мулоҳаза юритди.

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов бугунги кунда партия нашрларида чоп этилаётган пар­тиявий ва ижтимоий-сиёсий материал­ларга қўйилаётган талаблар, Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад ва вазифала­ри, мафкурасини халқчил ва таъсирчан усулларда кенг тарғиб этиш, мамлакат­да фаолият юритаётган бош­қа сиёсий партиялар билан сиёсий рақобатни кучайтиришда партия мат­буотининг ўрни тўғрисида фикрларини билдирди.

Елена РОМАН, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши матбуот хизмати раҳбари:

— Тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришда партия матбуоти, минтақа­вий партия кенгашларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари би­лан ишлаш секторлари муҳим роль ўй­найди. Матбуот хизмати ўтказилаётган тадбирларнинг ОАВда самарали ёритилишини ташкил қилиш, улар ҳақида матбуот хабарномаларини тайёрлаш, журналистлар билан ҳамкорлик қилиш, ижодий ишлаш, партия позицияси ва ташкил этилаётган тадбирнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бевосита масъулдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим жойларда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаларимиз тизимли йўлга қўйилмаган, матбуот хизматида етарли малакага эга бўлмаган кадрлар фаолият кўрсатмоқда.

ЎзХДП фаолияти, мақсад-вазифалари, электорат манфаатига жавоб берадиган амалий ишлари ҳақида кенг жамоатчиликка аниқ ва тўғри маълумот етказиш бизга боғлиқ. Жойларда учраётган муайян ижтимоий муаммо ва камчиликларга партия қандай муносабат билдираётгани, уларни ҳал этиш борасида қандай ғояларни илгари сураётганини ёрқин кўрсатиб беришимиз зарур. Шу орқали жамоатчиликда партиямиз, унинг депутатлари фаолияти ҳақида тўғри тасаввур уйғонади, партиямизга хайрихоҳлар сафи кенгаяди.

Бектош АЗИМОВ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ёшлар» телерадио­канали «Давр» ахборот информацион дастурлари бош муҳарри­рияти масъул котиби:

— Партиявий тадбирларни тайёрлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман. Учрашув, давра суҳбати, семинар-тренинглар албатта ёруғ ва кенг, замонавий залларда ташкил этилиши зарур. Одатда оммавий ахборот воситалари бундай тадбирлар орқали партиянинг муайян масалага муносабати, позициясини ўрганиш ҳамда жамоатчилик эътиборига ҳавола этишни истайди. Табиийки бунда фото, видео тасвирлардан кенг фойдаланамиз.

Бундан ташқари, партия фаоллари, депутатларини ОАВ учун интервью беришга тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш зарур. Сабаби шу биргина интервьюда кўп нарса акс этади. Кишилар партия вакилининг айтаётган сўзи, қандай масалани кўтараётганига қараб партияга баҳо беради.

Хуршид ФАЙЗИЕВ, ЎзХДП Наманган вилоят кенгашининг «Халқ иродаси» газетаси бош муҳаррири:

— Газетамизнинг деярли ҳар бир сонида депутатларимизга минбар берилади. Улар ўзларининг депутатлик фаолияти натижалари ҳақида ахборот бериб бормоқдалар. Аммо депутатлар, депутатлик гуруҳлари фаолиятининг нафақат ижобий томонлари, балки камчиликларини ҳам таҳлил этиш ва танқид қилиш зарур.

Очиқ тан олиш керак, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари орасида суст ишлаётганлари оз эмас. Улар партия электорати манфаатларини ҳимоялаш, турли ижтимоий масалаларни депутатлик ваколатлари асосида ҳал этиш жараёнларида етарли ташаббус кўрсатмаяпти. Ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги ошишига халақит бераётган камчиликларни бартараф қилишда қатъият ва талабчанлик етишмаяпти.

Шундай экан, биз нега улар фаолиятини танқид қилмаслигимиз керак? Бу йўналишдаги мақолаларни кўпайтириш орқали биз нафақат матбуот, балки партиямиз олдида турган вазифаларни ҳам адо этишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Чори ЖУМАҚУЛОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг «Халқ йўли» газетаси бош муҳаррири:

— «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун сиёсий партияларга кенг ваколатлар бергани, нафақат партияларнинг, балки, улар матбуотининг зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Демак, партиямизнинг ҳудудий нашрлари олдида фуқароларнинг сиёсий маданиятини ошириш, электоратимиз ҳамда жамоатчилик эътиборини юртимизда содир бўлаётган сиёсий жараёнларга, ривожланишимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларга қаратиш вазифалари турибди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар ижросида ижро ҳокимияти ва бошқарув идораларининг айрим камчиликларини партиямиз матбуоти саҳифаларида дадил кўтариб чиқиш зарур.

Мнажатдин Қутлимуратов, «Ўзбекистон овози» газетасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги мухбири:

— Ҳар бир сиёсий партиянинг нашри партия ҳаётини ёритишда ўзига хос йўлни танлаган. Менимча, бу борада баҳс-мунозара усулларидан кўпроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Партия фаолларининг электорат манфаати билан боғлиқ бирор-бир масала юзасидан ўзаро баҳс-мунозараларини ташкил этиш керак. Партия ташкилотлари томонидан ўтказилаётган турли тадбирларда бўладиган баҳсларга ҳам шу тадбир тафсилотларини ёритаётганда алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман. Агар партиявий тадбирлар эски усулларда, турли тортишувларсиз, зерикарли ўтадиган бўлса, бундай тадбирлар ҳақида танқидий материалларни газеталаримизда эълон қилиб бориш амалиётини ҳам йўлга қўйиш вақти келди.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашда замонавий PR технологиялардан фойдаланиш, партия ҳамда унинг депутатлик корпуси фаолиятини ёритишнинг замонавий усуллари, партиянинг ижобий имижини шакллантириш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида тегишли йўналишлардаги ишларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.