28.03.2013

ПАРТИЯ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАЛАРИ

фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда

Сиёсий партиянинг ғояси, дастурий мақсадлари қанчалик ҳаётий бўл­масин, уларнинг амалга ошиши, ав­вало партия ташкилотларида фао­лият кўрсатаётган кадрларга боғ­лиқдир. Шу боис кадрлар салоҳияти ва ташкилотчилик қобилиятини шакллантириш партия тизимидаги ишларни изчил ташкил этиш, элек­торат манфаатларини самарали ҳимоя этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЎзХДП ташкилий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган шўъба йиғилишида асосий эътибор ана шу масалаларга қаратилди. Жумладан, унда партия фаолиятининг ташкилий жиҳатлари, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг маҳаллий партия ташкилотлари билан изчил ишлашига эришиш, кадр­лар захирасини мунтазам равишда шакллантириш ҳамда аъзоларнинг электрон ҳисобини юритиш каби долзарб масалалар

муҳокама этилди.

Шўъба йиғилишида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Латиф Ғуломов иштирок этиб, мамлакатни демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнида сиёсий партияларнинг ўрни ҳам­да масъулияти тобора ошиб бораётган бугунги даврда кадр­лар масаласини ҳал этиб бориш партия ташкилотлари ол­дидаги энг муҳим вазифалар­дан бири эканига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, партия ташкилотлари етакчиларини тайёрлаш, самарасиз фаолият кўрсатаётган қуйи партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш, аъзоларнинг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини ошириш, бу борада аниқ чоралар белгилаш зарурлигини қайд этди.

— Бугунги кунда партия тизи­мида 10150 та бошланғич таш­килот мавжуд, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий-кадрлар ишлари бўлим мудири Зокиржон Холматов. — Улардан 4421 таси ҳудудий ташкилот ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, қуйи ташкилотлар ишини жонлантириш мақсадида ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Ҳайъатининг «Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаш­тириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қа­рорда партия аъзолигига ном­зодлар танлаш ва аъзолик гувоҳномаларини топшириш, БПТ етакчилари иштирокида тизимли семинар-тренинглар ўтказиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан Андижон, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгашлари фаолияти ўрганиб чиқилди. Бошланғич партия ташкилотлари ишини самарали ташкил этиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди. Бунинг натижасида кўплаб бошланғич ташкилотлар ишида жонланиш сезилмоқда.

Афсуски, айрим партия ташкилотлари ҳали-ҳануз кадрлар билан ишлаш масаласига жиддий эътибор қаратаётган эмас. Хусусан, Сирдарё ва Навоий вилоятларининг айрим шаҳар ва туман партия кенгашлари пар­тия аъзолари ҳисобини юритиш, бошланғич ташкилотлар етакчилигига замонавий фикрлайдиган, сиёсий фаолиятга қизиқувчан ва қобилиятли ёш кадрларни тайёрлаш, партия сафига муно­сиб кишиларни қабул қи­лиш, бошланғич ташкилотларда ишни изчил ташкил этиш борасида сусткашликларга йўл қўймоқда.

Шўъба йиғилишида бу камчиликлар бартараф этилмаса, партия ғояларига хайрихоҳ аҳоли вакилларини кўпайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя этишдан кўзланган натижаларга эришиб бўлмаслиги қайд этилди. Кадрлар билан ишлашда лоқайдлик ва эътиборсизлик қилаётган партия ташкилотлари фао­лияти аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинди. Уларни бартараф этиш, партиянинг ташкилий тузилмалари ишини тизимли йўлга қўйиш юзасидан партия етакчилари ҳамда мутасадди ходимларнинг фикр-мулоҳазалари тинг­ланди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий-кадрлар ишлари бўлим мудири ўринбосари Аваз Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги пар­тия фракцияси аъзоси Зиёвиддин Мансуров, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари ша­ҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Учқун Шойимқулов, Наманган вилоят пар­тия кенгаши раиси ўринбосари Дилором Аб­дураҳимова ва бошқалар кадр­лар салоҳия­тини доимий равишда ошириш, шу мақсадда самарали ва таъсирчан чоралар белгилаб бориш долзарб вазифа эканини таъкидлашди.

Йиғилиш сўнгида ҳудудий партия ташкилотларида кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш юзасидан аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. Унга кўра, олий ўқув юртлари, ўрта махсус таълим муассасаларининг сиёсий фаолиятга қизиқувчан битирувчиларини партия тузилмаларига жалб этиш, кадрлар захирасини шакллантириш, малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш, бу борада мақсадли семинар-тренинглар ташкил этиш, бошланғич ташкилотлар ҳамда маҳаллий партия ташкилотларининг ўз­аро жипслигини таъминлаш, бошланғич ташкилотларда ҳи­собот-сайлов йиғилишларини ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўриш жорий йилнинг муҳим вазифалари сифатида қайд этилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.