26.03.2013

«ЎзХДП ЎТКАЗГАН ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ АНЖУМАН ТУФАЙЛИ

2011-2012 йилларда ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилган 31 та ижтимоий-иқтисодий анжуманда 11300дан ортиқ партия электорати вакили иштирок этди. Уларнинг 1171 нафарига имтиёзли кредитлар олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди. Бугунги кунда кредит олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйганлар сони 847 нафарни ташкил этди. 232 нафар ҳамюртимиз эса ўз ишини бошлаш арафасида турибди.

Махфират МИРЗААҲМЕДОВА, Наманган вилояти, Норин тумани:

— Болалигимдан тикиш-бичишга қизиқаман. Аммо бу иш билан шуғулланиш учун нима қилиш кераклигини билмасдим. ЎзХДП Норин туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат этдим. Бу ерда менга вилоятда ўтказиладиган ижтимоий-иқтисодий анжуманда қатнашишни маслаҳат беришди. Ўша тадбирда «Агробанк» Норин туман филиалининг имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи сертификатини олдим. Бугунги кунда 15 нафар чевар қиз тикаётган турли маҳсулотларга талаб катта. Ишимизни янада ривожлантириш ниятидамиз.

Севара БОЗОРБОЕВА, Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани:

— Ўтган йили коллежни ти­кув­чилик йўналиши бўйича тамомладим. Дугоналарим билан мас­лаҳатлашиб, бирор бир юмушнинг бошини тутишга аҳд қилдик. Лекин иш маблағ масаласига келиб тақалгандан кейин ўйланиб қолдик. Бу пайт­да бизга ЎзХДП кўмакка келди. Вилоятда ташкил этилган анжуманда менга 3 миллион сўм «Агробанк» кредитини олиш учун сертификат беришди. Ҳо­зирда 3 нафар тенгдошим билан ишлаяпман. Соддароқ қи­либ айтганда ўз кунимизни ўзи­миз кўраяпмиз. Керак бўлса, оиламизга ҳам ёр­дам бераяпмиз.

Сатулла БЕКТУЛЛАЕВ, Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри:

— Мебель цехи ташкил қи­лиш ҳаракатида юрардим. Пар­тия томонидан ўтказилган тадбир доирасида «Микрокре­дитбанк»­нинг Нукус шаҳар филиали томонидан ажратилган кредит эвазига «БЕК-САТ» мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ташкил этдим. Бугунги кунда бу ерда 10 нафар­га яқин касб-ҳунар коллежи битирувчиси ишламоқда. Бозорда биз ясаётган нархи арзон, сифатли мебелларга талаб борган сари ошиб бормоқда.

Пардабой МАҲАМАТОВ, Тошкент вилояти, Паркент тумани:

— Мен ХДП ўтказган иқтисодий анжуманда қатнашиб, «Микрокредитбанк»­нинг Паркент туман филиалидан 3 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўл­дим. Мана шу маблағ ҳисобига новвойхона ташкил этдим. Ҳозирда ҳам­қишлоқларимдан икки нафари шу ерда ишлаяпти. Шу кунларда турли ширинликлар тайёрлайдиган кичикроқ цех очиш учун ҳаракат қилаяпман.

Саодат ХОЛИҚОВА, Қашқадарё вилояти, Қа­маши тумани:

— ЎзХДП тадбирларида доимо иштирок этаман. Ўтган йили ташкил этилган форумда «Халқ банки»нинг Қамаши туман филиали томонидан 6 миллион 250 минг сўм имтиёзли кредит олишим учун сертификат берилди. Бу сармоя эвазига иссиқхона ташкил этдим. Бугунги кунда турли сабзавот маҳсулотлари етишти­раяпмиз. Оила аъзоларимдан ташқари яна 2 киши биз билан ишламоқда. Рўзғоримизга барака кирди.

Парда САФАРҚУЛОВ, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани:

— Анча вақтдан бери қишлоғимизда турли хизматлар учун тезкор пул тўлаш бўйича шохобча очишни ўйлаб юрардим. ЎзХДП томонидан Олтинсой туманида ташкил этилган форумда ушбу ниятимни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Тадбирда менга «Микрокредитбанк»нинг Қумқўрғон туман филиали имтиёзли кредит олишим учун сертификат берди. 5 миллион сўм кредит олиб, иш бошладим.

Нозанин ХОЛМАТОВА, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани:

— Ҳудудимизда чорва моллари боқиш учун катта имконият бор. Шу ҳақда ўйлаб юрганимда газетада ХДП томонидан ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар ҳақида ўқиб қолдим. Дарров партиянинг тумандаги раҳбарларига учрадим. Вилоятимизда бўлиб ўтган форумда менга «Қишлоққурилишбанк»нинг Гулистон туман филиали томонидан 5 миллион сўм имтиёзли кредит олиш учун сертификат берилди. Бу маблағга қорамол сотиб олдим. Маҳалладошларимдан икки киши ёнимга кирди. Банкнинг ҳам бизга ишончи ортди.

Ғофур ТУРСУНМАТОВ, Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри:

— Анча вақтдан буён суратхона ва ўқув-қуроллари дўкони очишни ўйлаб юрардим. Вилоя­тимизда ўтказилган форумда «Асакабанк»нинг Жиззах шаҳар филиали томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат олдим. Фаолият бошладим. Коллеж битирувчиларидан бир нечтасини иш билан таъминлашга ҳам эришдим. Шунингдек, тадбир доирасида бизга банк билан мижоз ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида маълумот ҳам беришди.

Доно ЎРОЗОВА, Навоий вилояти, Навоий шаҳри:

— Бизда зардўзлик буюмлари ва кашта маҳсулотларига талаб катта. Менинг қўлимда ҳам яхшигина ҳунарим бор. Аммо ишимни кенгайтириш учун маблағим йўқ эди. Партия ўтказган тадбирда «Агробанк»­нинг На­воий шаҳар филиали томонидан имтиёзли кредит олиш имконини берувчи сертификат олдим. Бунинг натижасида икки кишини иш билан таъминлаб, маҳсулотларимизни бозорга олиб чиқаяпмиз. Шу кунларларда маҳалламизда яшаётган қизларга зардўзлик ҳунарини ўр­гатадиган ўқув курси ташкил қилиш ниятида юрибман.

Азим АБДУСАТТОРОВ, Самарқанд вилояти, Бу­лун­ғур тумани:

— Оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, томорқамиз­да картошка етиштирмоқчи бўл­дик. Ўша кунларда айнан бизнинг туманимизда ЎзХДП катта ижтимоий-иқтисодий анжуман ўтказди. Унда иштирок этдим. Менга тадбирдан сўнг «Халқ банки»нинг Булун­ғур туман филиалидан 5 миллион сўм имтиёзли микрокредит берилди. Деҳқончиликдан яхшигина даромад олдик. Болаларим ҳам ишли бўлди.

Муҳаммадали АБДУРАҲМОНОВ, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри:

— Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида эшик-дераза ясайдиган кичик цех ташкил этдим. Бугунги кунда янги уй қураётган ҳамқишлоқларим бу ромларни ўз иморатларига ўрнатмоқда. Ишимни янада кенгайтириш учун ЎзХДП вилоят Кенгаши фаоллари билан маслаҳатлаш­дим. Улар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича бизнес-режа тайёрлашда менга ёр­дам беришди. Банк эса 15 мил­лион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Ушбу кў­мак эвазига ишимни тўлиқ йўл­га қўйдим.

Малика АБДУМАЛИКОВА, Тошкет шаҳри, Олмазор тумани:

— Иккинчи гуруҳ ногирониман. Ўз ишимни очиш мақсадида ЎзХДП Олмазор туман кенгашига учрашдим. Бу ердаги мутасаддилар нималар қилишим кераклигини тушунтиришди. Пойтахтда ўтказилган форумда «Ипотекабанк»нинг Олмазор туман филиали томонидан 2 миллион сўм имтиёзли микрокредит олиш ҳуқуқини берадиган сертификат олдим. Бугунги кунда ўзим истиқомат қилаётган «Чуқурсой» маҳалласида 5 нафар қизни ёнимга олиб, тикувчилик билан шуғулланаяпман. ЎзХДП ўтказган ижтимоий-иқтисодий анжуман туфайли имтиёзли кредит олиб, ўз ишимни йўлга қўйдим, янги иш ўринлари очдим.

Ирода САФАРОВА, Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри:

— Биз кўпдан буён оилавий тадбиркорлик билан шуғул­ланиб келамиз. Ўтган йили ­фаолият туримизни янада кенгайтирдик. Бунга сабаб ЎзХДП томонидан ўтказилган анжуманда «Ипотекабанк» кредитини олишга сертификат берилгани бўлди. 15 миллион сўм маблағ эвазига парранда боқишни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда оила аъзоларимдан ташқари яна 5 нафар маҳалладошим биз билан бирга ишламоқда.

Полвонбой ОЛЛОЁРОВ, Хоразм вилояти, Хонқа тумани:

— Бизда балиқчилик билан шуғулланиш учун қулай имконият бор. Шу боис бир неча ҳамқишлоқларим билан балиқ етиштирмоқчи бўлдик. Урганч шаҳрида ЎзХДП ўтказган анжуманда менга «Агробанк»нинг Хонқа туман филиалидан имтиёзли кредит олиш учун сертификат берилди. 15 миллион сўм миқдорида олган сармоям ҳи­собидан фаолият бошлаб, ўнга яқин янги иш ўрни яратдим. Бизга ўхшаган иш бошлаш учун маблағи йўқ, кимга мурожаат қилишни билмай юрган кишиларга ХДП ўтказган тадбир жуда катта туртки бермоқда.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул механизми — бу аҳоли бандлигини таъминлашдир. Шу мақсадда партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан банд бўлмаган аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, хотин-қизлар, жисмоний имконияти чекланган инсонларни оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик фаолиятига жалб этиш, оила аъзолари, маҳалладошлари учун иш ўринлари очишга қобилиятли бўлган электорат вакилларини мо­лиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иқтисодий билимла­рини ошириш мақсадида мазкур ижтимоий-иқтисодий ан­жуманлар ўтказилди.

Марказий банк, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, «Микрокредитбанк» ҳамда қатор тижорат банклари ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча минтақаларида ташкил этилган форумлар якуни бу борада муайян натижаларга эришилганини кўрсатади. Тадбирлар давомида берилган кредитлар ҳисобидан 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари очилди.

Мазкур анжуман доирасида электорат вакиллари учун иқ­тисодий ўқувлар уюштирилди. Бунда бизнес-режа тузиш, кредитлар олиш ва қайтариш механизми бўйича атрофлича тушунча берилди. Шунингдек, тижорат банклари хизматларидан фойдаланиш юзасидан тренинглар ўтказилди.

Барча форумларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда 2284 та корхона ва ташкилотлар 30 569 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Бунинг натижасида 2735 нафар партия электорати вакили ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар олди.

Шунингдек, форумлар доира­сида 21 марта кўчма Жамоат­чилик қабулхоналари фао­лият кўрсатди. Уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия депутатлик гуруҳлари аъзо­лари фуқароларнинг турли масалалар юзасидан 200га яқин муро­жаатини ўрганди. Уларнинг 100дан ортиғига ҳуқуқий маслаҳат берилди, айримлари ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этиш учун тегишли идораларга юборилди... Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун даврнинг ўзи сиёсий партиялар олдига электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усулларидан, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан фойдаланиш масаласини қўймоқда.

Бу эса электорат манфаатларини янада самарали ҳимоя этишга хизмат қилиш билан бирга, келгуси сайловларда сиёсий партияларнинг ўрни қандай бўлишини белгилаб беради.

Фаррух ҲАМРОЕВ,

Нурали ОРИПОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.