26.03.2013

КАШАНДАЛИК — СОFЛИК КУШАНДАСИ, УМР ЗАВОЛИ

у етказаётган моддий ва маънавий зиёнлар хусусида

Сигарет таркибида 196 хил зарарли мода мавжуд. Ундан 14 таси гиёҳванд модда ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш таш­ки­лоти (ЖСТ) томонидан тамаки пассив нар­котик деб эълон қилинган. Кашандаларнинг 90 фои­зи­да ўпка саратони, 25 фоизида турли юрак хасталиклари юзага келиши тадқиқот­ларда тасдиқланган. Ер юзида ҳар ўн сонияда бир одам чекиш оқибатида вафот этади. Бу бир йилда 6 миллион киши дегани.

Юқоридаги маълумотлар дафъ­атан сизга тааллуқли эмасдек туюлиши мумкин. Аммо улар орасида ўзингизнинг яқинларингиз, фарзандларингиз бўлиши эҳтимолини ўйлаб кўрсангиз, кашандалик хавфи узоқ эмаслигини ҳис қиласиз. Дарҳақиқат, кашандаликдан ҳеч ким тўла кафо­латланмаган. Мутахассислар ­уни­нг тутуни чекувчига нисбатан атрофдагиларга кўпроқ таъсир ўтказишини таъкидлашади. ЖСТ берган маълумотларга кўра, 700 миллион, яъни дунё болаларининг тенг ярми иккиламчи тутун таъсирига учрайди. Ер юзида эса 1,5 миллиард кашанда бор. Бу дунё аҳолисининг ҳар 4 кишидан бири чекувчи эканлигини англатади.

Чекишнинг хавфли жиҳатларидан бири шундаки, унинг зарари тезда билинмайди. У организмни секин-аста заҳарлаб, унинг қаршилик тизимини обдон ишдан чиқариб боради, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, Саломатлик — 3 лойиҳаси етакчи мутахассиси Шуҳрат Шукуров. — Муттасил чекиш оқибатида артериялар чўзилувчанлиги йўқолади, мўртлашади, томирлар тораяди. Натижада, атеросклероз ва юракни ишемик касаллигига олиб боради. Никотин таъсири оқибатида юрак уришининг тезлашиши стенокардия хуружини келтириб чиқаради. Чекувчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ ўпка, бронхлар ва ҳалқумнинг сурункали касаллигини бошдан ўтказади. Чекмайдиганларга нисбатан чекувчиларда сурункали бронхит 5-6 марта кўп учрайди. ­Чекувчилар ўртасида туберкулёз ҳам ортиқроқдир. Тамаки тутуни таркибида таъсирловчи моддалар бўлиб, безлар шиллиқ гипертрофиясини чақиради. Улар кўп миқдорда бал­ғам сифатида шилимшиқ модда ҳосил қилади. Бу эса, ўз нав­батида, нафас тизимининг инфекцияга қаршилигини камайтиради. Тамаки таркибидаги қурум ва сақич нафас йўлларида ўтириб қолади. Натижада, лорингит келиб чиқади, овоз бўғилиб, хириллаш пайдо бўлади. Респиратор касалликлар хавфи ортади. Чекиш ўпка ракининг 71, нафас йўллари сурункали касалликларининг 42 ва юрак қон-томир касалликлари 10 фоизининг сабабчисидир.

Чекиш, айниқса, ўсмирлар учун жуда хавфли. Чунки бу даврда организмда ҳали физиологик функциялар шаклланмаган бўлиб, никотиннинг таъсирида улар патологик ҳолда шаклланади. Энг ёмони, ёш­лик­да ўрганилган кашандаликдан кейинчалик қутулиш қийин. Никотинга боғлиқлик гиёҳванд­ликка қарамликка ўхшайди. «Бир марта тотиб кўрсам ҳеч нарса қилмайди», деган ўй ниҳоятда хато. Кашандалик муолажаси гиёҳвандликни даволаш сингари жиддий жараён ва бунда руҳий ҳолат билан ирода ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кузатишлар кашандалар со­ни дунё бўйлаб кўпайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Ўз навбатида, унинг қурбонлари сони ҳам ортиб бораётир. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, 2030 йилга бориб сигарет оқибатида содир бўлган ўлимлар бош­қа ҳолатдаги ўлимларнинг 10 фоизини ташкил қилади. Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги маълумотига қараганда, 2006 йилда ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, мамлакатимиздаги эркакларнинг 19,6 фоизи сигарет, 22,3 фоизи нос истеъмол қилади. Аёлларимиз орасида кашандалик 1 фоизни ташкил қилади. Бу Европа ва баъзи қўшни мамлакатлардаги «кўрсаткич»дан бирмунча кам бўлса-да, хотиржамлик учун асос йўқ.

Кузатувлар ёшларимиз орасида чекишга ружу қўйиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Албатта, унинг олдини олиш, ёшларда тиббий маданиятни юксалтириш, уларни спорт ва бадантарбия машғулотларига кенгроқ жалб қилиш, бунга шарт-шароит яратиш барчанинг иши. Соғлом турмуш тарзини тар­ғиб қилишда ёши катталар ибрати муҳим. Отаси, устози ёки шифокорнинг оғзида сигарет кўрган фарзанд учун кашандаликнинг зарарини тушуниш, турган гапки, қийин кечади. Нега унда отаси, устози чекади, ҳатто дўхтир ҳам чекади-ку?! Ёмон бўлса, нега улар ташламайди? Буни қарангки, вояга етмаган ўғлининг қўлига пул тут­қазиб, дўкон ёки сигаретчи холаларга югуртирадиган оталар ҳам бор. Талаба-шогирддан тутантириқ сўраб, бирга чекувчи устозлар ҳам учраб туради.

Фикримизча, нафақат оила ёки таълим муассасаси, балки корхона ва ташкилотлар ҳам кашандаликка қарши амалий иш билан курашмоғи керак. Айтайлик, ходимларнинг ишдан бўш вақтида спорт билан шуғулланиши учун шароит ва имконият яратиш шу мақсадга хизмат қилади. Бу масалага эътибор берадиган, ёш ходимларни футбол, теннис, волейбол майдончаларига етаклаб борадиган ёхуд ишхонада бадантарбия қилишга шароит яратган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари қанча кўпайса, шунча яхши.

— Тамаки чекиш аҳолининг саломатлигига катта хавф туғдираётганлиги учун кўпчилик давлатларда унинг истеъмолини чегаралаш, сигаретсиз соғ­лом ҳаёт тарзини рағбатлантириш, тамаки маҳсулотлари савдоси тартиб-қоидаларини кучайтириш ва бу борадаги қонунларни такомиллаштириш жараёни кузатилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Комила Каромова. — Россияда таълим ва даволаш муассасалари, жамоат транспорти ҳамда стадионларда чекиш қонун йўли билан тақиқланган. Чекиб турган киши тасвирини реклама ичида жойлаштириш, тамаки ва тамаки маҳсулотларини реклама қи­лиш мумкин эмас. Нью-Йорк штатида тақиқланган жойлар, масалан, ёпиқ жамоат жойлари ва хизмат автомобилида чекилгани учун 1000 АҚШ доллари миқдорида жарима солинади. Италияда жамоат жойларида чеккан кишига жарима миқдори 250 евродан 2000 еврогача белгиланган. Финляндия қонуни фақат кўчаларда чекишга рухсат беради. Бошқа жойда уни истеъмол қилган, ҳатто  совға сифатида бировга берган жавобгарликка тортилади. Япония, Малайзия, Туркия­нинг айрим жойларида чекмайдиганларга мукофот бериш, уни ташлаганларга имтиёзли кредитлар ажратиш ­жорий қилинган. Туркиянинг қишлоқларидан бирида амал қилаёт­ган маҳаллий таомилга кўра, катталар кичикларга ёмон ибрат бўлмаслиги учун чекмаслиги шарт. Агар у қоидани бузса, қишлоқдаги камбағал оилага бир қоп ун ёки шакар олиб бериши талаб қилинади. Бутан қироллигида тамаки савдоси ман қилинган. Тамаки маҳсулоти сотуви билан шуғулланган фуқарога 225 доллар миқдорида жарима солинади. ­Ваҳоланки, мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 16 долларни ташкил қилади.

Кашандалик глобал муаммога айланаётгани боис, ЖСТ ас­самб­леяси томонидан 2003 йили «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қар­ши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси» қабул қилинди. 174 давлат унинг иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон ҳам (2012 йил). Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ҳадли конвен­ция­сининг кўпчилик қоидалари «Реклама тўғрисида» (1998 йил қабул қилинган, 2002 ва 2008 йиллар қўшимча ва ўзгартишлар киритилган), «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида» (1997 йил), «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги (2011 йил) Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ­Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизда тамаки маҳсулотлари рекламаси мутлақо тақиқланган. Иш жойларида, соғ­лиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарда, жамоат жойларида, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотлари истеъмоли манъ қилинган. Шунингдек, 20 ёшга тўлмаганларга уни сотиш мумкин эмас. Тамаки сотувчи савдо объектлари таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр узоқликда жойлашиши зарур ва ҳоказо. Юқоридаги тартиб-қоидаларни бузган шахс­лар ва мансабдорлар жавобгарликка тортилади.

Кашандалик худди ичкиликбозлик, гиёҳвандлик иллатлари каби ижтимоий, ахлоқий ва маънавий омиллар билан боғланган. Кашандаликнинг кўпа­йиши жамиятнинг ижтимоий устунлари зарар кўришига, ахлоқий қадриятлар кучсизланишига ва маънавият емирилишига сабаб бўлади. Кашандалик нафақат шахслар, балки давлатнинг иқтисодиётига ҳам катта зарар етказувчи иллат. Унинг олдини олиш, чекишга муккасидан кетганларни даволаш учун ер юзида йилига миллиард-миллиард маблағ сарф­ланмоқда.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Миразимовнинг маълумотига кўра, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган салбий оқибатларнинг олдини олиш учун 2005 йил давлатимиз томонидан 61,9 миллиард сўм сарфланган бўлса, тамаки маҳсулотлари сотишдан тушган фойда эса 23,6 миллиард сўмни ташкил қилган. Демак, фуқароларнинг тамаки истеъмол қилиши давлатга ўша йили 38,3 миллиард сўм зарар келтирган.

Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси ўтган йили сигарет чекиш оқибатида 1353 та ёнғин келиб чиққанлигини маълум қилган. Бу 2012 йили содир бўлган ёнғинларнинг қарийб 10 фоизини ташкил қилади. Уларда 55 нафар фуқаро вафот этган. 53 нафар киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган. Шулардан 3 нафари болалар. Аҳоли мол-мулкига етказилган моддий зарар эса 156 мил­лион сўмни ташкил қилади.

Гувоҳи бўлганингиздек, кашандалик орқали нафақат инсон моли, балки соғлиги, умри ва жони ҳам ёниб, кул бўлмоқда. Соғ­лик — бойлик. Уни йўқотган ҳамма нарсасини йўқотади.

Акбар ЖОНУЗОҚОВ



DB query error.
Please try later.